Салоҳиятли ёшлар — келажагимиз пойдевори

605

Ёшларни кичик бизнесга жалб қилиш, уларга тадбиркорлик асосларини ўргатиш мақсадида касаба уюшмалари томонидан жойларда семинар-тренинг­лар ташкил этилмоқда. «Менинг келажакдаги иш жойим» акцияси доирасида 35 нафар ёш Сирдарё туманида жойлашган «PENG SHENG» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси фаолияти билан таништирилиб, тадбиркорлик ва уни юритиш, ходимлар билан муносабат, яратиладиган меҳнат шароитлари юзасидан тегишли тушунчалар берилди.

Бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Тадбиркорликда янги давр бошланди» мавзусида давра суҳбати ўтказилиб, унда 60 нафар ёш тадбиркорнинг иштироки таъминланди. Ёшлар эҳтимол тутилган муаммо ва ғовлар ҳақида ўзаро фикр алмашиб, тажрибали тадбиркор ва ҳуқуқшунослар маслаҳатига қулоқ тутдилар.

— Йил бошидан буён 13 та гуруҳда жами 300 нафар бошланғич касаба уюшма қўмита раислари иштирокида ўқув-семинарлари ташкил этилди, — дейди Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Баҳодир Ҳамиджонов. — Мазкур ўқув-семинарларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшларга оид сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ижроси ва Ёшларга оид концепция­­­си тўғрисида маъруза тингланди. Туман ва шаҳар кенгашларининг барчасида жамоатчилик асосида ёшлар бирлашмаси фаолияти йўлга қўйилди.
Айтиш мумкинки, амалий ишлар натижа бериб, ўз касбининг фидойиси бўлган, қизиқувчан ёшларни излаб топиш, уларни рағбатлантириш ва кўмак бериш янада осонлашди. «Ёш мутахассис» кўрик-танловининг дастлабки босқичлари совриндорлари сўзимизга яққол исботдир.
— Илк бор шундай нуфузли танловда иштирок этдим. Тўғриси, ғолиб бўлиш ҳақида ўйламагандим ҳам, — дейди Боёвут тумани «Жайҳун баракаси» фермер хўжалиги раҳбари, ёш фермер Азизбек Орзиқулов. — 34 гектар майдонда ғалла, пахта етиштириб, бўшаган ерга такрорий экинлар экамиз. 5 нафар доимий ишчимиз бор. Хўжалигимизга қарашли тикувчилик цехида 3 нафар чевар меҳнат қилмоқда. Кези келганда шуни айтишни истардимки, дала меҳнати учун ҳам билим ва кўникмаларни доимий ошириб бориш зарур ҳисобланади. Танловдаги иштироким давомида илғор фермерлик тажрибалари билан ҳам танишдим.
— «Энг фаол ёш олим» деб эътироф этилганимдан хурсандман, — дейди номинация ғолиби, Гулистон давлат университети Биология кафедраси докторанти Баҳром Алмаматов. — Устозим Ҳабибжон Қўшиев билан биргаликда «Картошка ривожланишига стероид бирикмаларнинг таъсирини ўрганиш» мавзусида илмий изланиш олиб бормоқдаман. Мақсадим — вилоят иқлим шароитига чидамли, эртапишар, сифатли маҳсулот навини аниқлаш. Бу нафақат вилоятимиз, балки республикамиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга, чунки халқимиз севиб истеъмол қиладиган ушбу маҳсулотнинг деярли ярми ҳозирда юртимизга қўшни давлатлардан келтирилади.
Ёшлар масаласи, уларни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб, ушбу жараёнда касаба уюшмаларининг фаол иштироки ўта муҳимдир. Бу ёшларнинг мурожаат ва таклифлари сони ортиб бораётганида ҳам ўз тасдиғини топмоқда.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири.
Икром ҲАСАНОВ олган суратлар

Бошқа хабарлар