«Оммавий маданият» — эвтаназия

1,722

Фалсафа фанлари доктори Виктор Алимасовнинг «Ishonch» газетасининг шу йил 19 июндаги сонида чоп этилган «Оммавий маданият ОҒУми?» мақоласида жуда долзарб масала кўтарилган. Унда муаллифнинг ҳар бир одам ҳар бир ахборотни ақл тарозисида тортиб, маънавият элагидан ўтказиб, яхшини ажратиб олсин, деган эзгу нияти ўз аксини топган. Дарҳақиқат, турли таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифат, тарбия масаласи умуммиллий мавзулар қаторида турибди. Бу бежиз эмас, чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «оммавий маданият» хавфи ва боқимандалик кайфияти пайдо бўлаётган, одоб-ахлоқ, қадриятларнинг йўқолиш хавфи юзага келаётган ҳозирги глобаллашув шароитида бу ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда».

Мақолани ўқиб, беихтиёр «оммавий маданият» ва миллий маданиятнинг бундан юз йил олдинги ва ҳозирги икки мисоли кўз олдимга келди. Бизга ­«Оммавий маданият»нинг тажовузи илгари ҳам бўлган. «Шум бола» фильмини эслайлик. Унда ХХ аср бошида бир ажнабий Тошкентнинг Эскижўва бозорида ўзбекларнинг бир тангасини олиб, эвазига «оинаи жаҳони»дан яланғоч аёлнинг суратини кўрсатади. Шум бола «Мен яланғоч аёлдан қўрқаман», деб юзини ўгиради.
ХХI аср боши. Ўзбек тўйхонаси. 80 ёшлар чамасида юпун кийинган бир мўйсафид тўйхонага кириб келди. У икки ҳассага осилиб, оёқларини зўрға кўтариб босар эди. Нуроний жилмайиб, «Болам, мени мана бу ерга, эшикка яқин ўтқазсангиз ҳам бўлади», деб энг яқин столни кўрсатиб, имлади. Отахонга «келинг-келинг» қилиб турган йигитлар бир-бирларига «Нима қилдик?» деб иккиланиб қолишди…
Ниҳоят, «табаррук отахоннинг ҳурмати жойига қўйилиши керак», деган ўзбекона сезим ғолиб келди: «Хуш келибсиз», деб турган йигитлардан бири отахонни қучоқлаб, даст кўтарди. «Отажоним, отагинам, сизнинг жойингиз мана бу ерда», деб тўйхонанинг тўрига элтиб ўтқазди. Отахон йўл-йўлакай ўзининг мард, нотаниш меҳрибонидан кўзларини узмасдан, кулимсираб борарди.
Барча меҳмоннинг кўзи уларга қадалди. «Лаган ва қошиқлар симфонияси» бир зумга сусайди. Ҳамма йигитнинг ақл-у фаросатига, шижоатига, маънавиятига ҳамд-у сано айтди. Кўзларда меҳр порлади. Бу 25 ёшлардаги бир йигитдаги ўзбек маънавиятининг кучи, қудрати намойиши эди.

«Оммавий маданият» ҳукмрон элда шундай бўлиши мумкинми? Асло. Чунки, биринчидан, мўйсафид қариялар уйида ётган бўларди; иккинчидан, тўйга келса ҳам (тантана-шоу эгасининг имижига зарар етказмаслиги учун) тўйхонага киритилмас эди (Дресс код деган талаблар бор); учинчидан, мабодо киргизилса ҳам йигит «Менга нима. Зарил кептими шу қилтириқ чолни кўтариб?», деб ўзини четга оларди-қўярди.
Бинобарин «оммавий маданият» замонавий, технократик, зинҳор миллий эмас. У севгини секс, меҳнатни бизнес, бировга яхшилик қилишни зарарли инвестиция, «ресурсларни мақсадсиз сарфлаш», ҳаё ва андишани «имкониятни бой бериш», ота-боболаримиз ўгитларини «эскилик сарқити», деб тушунтиради. Шу тарзда у инсонни ўз миллий қадриятларидан, халқидан ажратиб, ўз сигментига қўшиб олади. Бу эса унинг жаҳондаги барча миллий маданиятлар кушандаси эканини кўрсатади.
Тан касаллиги оғиздан кирса, маънавий касаллик кўз, қулоқдан кириб, эгасини йўлдан оздиради. Маънавий касалликнинг иситмаси одамнинг ниятлари, айтган гап­лари, қилмиш-қидирмишларида ошкор бўла бошлайди. Ўз қадрдонлари орасида ўзини ўзгача, бегона тутишга ўтади. Ота-боболарининг миллий урф-одат ва маънавий қадриятларига беписанд қараш даражасигача тубанлаша боради. Афсуски, шундай бўлаётир. Президентимиз таъбири билан айтганда, «экстремизм, терроризм, гиёҳванд­лик, одам савдоси, ноқонуний миг­рация, «оммавий маданият» каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қад­риятларга путур етказмоқда. Мана шундай ва бошқа кўплаб таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор этолмайди.
ХХ асрнинг бошида Патрик Бьюкенен америкаликларни «Эвтаназия Европани чулғаб олди, энди Америкага сирғалиб киряпти», деб огоҳлантирган эди. Мана, унинг фарёди: «Бу гедонистик қўшиқларни ким тўхтатади? Бундай жозибали ўлим қўшиғини ёшларга қараб ҳамма – Голливуд, МТV, «кўпик опералар», телекўрсатувлар, гламур журналлар, шоу бизнес, аёлларнинг ишқий ғийбатлари, миш‑миш­лари, бестселлерлар куйлаяпти. Ўқитувчидан тортиб диндоргача, ҳамма ўсмирларга «кондом» тутқазяпти. Бу аҳволда ота‑оналарга қандай ёрдам берса бўлади?
Энди нима қилсак, Америка аёллари оналари, момолари каби: «ювош эр, шаҳар атрофида ҳовли ва бир этак бола»ни қўмсайдилар? Бу шўрпешоналик «оммавий маданият» касофатидан бўлди. Чунки, ­«оммавий маданият» ўз қадриятлари иерархиясида шаҳвоний ҳирсни оналик бахтидан юқори қўяди. Аёллар журналлари, «кўпик опералар», аёлларнинг ишқий романлари, прайм‑тайм телекўрсатувлар – ҳаммасида карьера, секс, ёш жувоннинг мустақиллиги (ёлғизлиги) мадҳ этилмоқда».
Америкалик ҳамкасбимиз, маънавиятшунос Бьюкененнинг бу фарёди ниманинг оқибати? Лоқайдликнинг. Кириб келаётган «оммавий маданият»га қараб аввал «Ҳар ким ўзи билади»; кейин «Нима қипти?!»; ҳозир эса «Нима қилиб қўйдик?!», дегани эмасми? Бугун бу муносабатларнинг қайси бири бизга хос?
В.Алимасовнинг мақоласида Ғарбда порноиндустриянинг маънавий эмас, ҳуқуқий томони яхши очиб берилибди. Олим «…ғарбда порноиндустрия шаклланган. Лекин у қонун доирасида, зўравонликни тарғиб этмаган тарзда фаолият юритади. Унинг маҳсулотларини кўрасизми ёки йўқ – сизнинг ихтиёрингиз, у сизнинг тарбиянгиз ва маданиятингизга боғлиқ. Бу ҳам ўзига хос ҳуқуқ ва эркинликдир. Бизнинг маънавиятшуносларимиз мана шу ўзига хосликка қарши», деганлар. Ҳақ гап. Маънавиятчилар нега бундай қилишади? Балки ҳаётдан орқада қолишгандир?! Ёки улар креатив, компаратив фикрлай олмайдими?
Уларни қандай тушуниш керак? Масалан, ароқ, сигареталар ишлаб чиқариш – қонуний. Ичиш, чекиш ҳуқуқимиз бор. Унда нега ёшларга ичмасликни, чекмасликни тарғиб қиламиз? Чунки ичиш-чекишнинг оқибатини биламиз. Маънавият ва маърифат ходими халқимиз, ёшларимизнинг маънавий саломатлигини ҳимоя қилиш, маънавий касаллик­ларнинг олдини олиш учун масъул. Чунки «оммавий маданият» ёшларда порно, эротик маҳсулотларга эҳтиёжни шакллантиради. Натижада ёшлар ўз ихтиёрлари билан, қонуний асосда, ўзларини нафақат маънавий, балки жисмоний нотавон қила борадилар.
Агар маънавият аҳли бунга қарамаса, «ҳар ким ўзи билади», деса ёмонликка қарши тарғибот тўхтайди. «Оммавий маданият» қўштирноқдан чиқиб, чинакам оммавий маданиятга айланади. Оқибатда бизни миллий маданият эмас, бегона, суррогат маданият бошқаради. Бьюкенен бундан 25 йил олдин Американи огоҳлантирган воқеа бизда ҳам содир бўлади. Миллат ўз ихтиёрини «оммавий маданият»га, у эса – гедонистик ўлимга – эвтаназияга топширади.
Муаллиф мақолада «Ғарбда қўлланиладиган «оммавий маданият» (mass culture) бизда ишлатиладиган «халқ маданияти»га тўғри келади», дейди. Лекин «оммавий маданият»ни бундан 50 йиллар олдин тадқиқ қилган атоқли болгар олими Богомил Райнов ўзининг «Оммавий маданият», деган фундаментал асарида бу фикрни рад этади. «Оммавий маданият», – дейди олим, – энг аввало ва бутун моҳияти билан маданиятнинг халқчиллигини тўла инкор қилади».
Дарҳақиқат, оммавий маданият, «оммавий маданият» ва миллий маданият деган уч тушунчани фарқлаб олмасак, узумни турк, форс, араб тилларида айтиб талашаётган дўстларга ўхшаб қоламиз. Оммавий маданият билан «оммавий маданият»нинг фарқи оғзаки айтилганида, эшитилганида билинмайди. Ёзилганида кўринади. Фарқ – қўштирноқларда.
Маълумки, қўштирноқлар сўзнинг тес­кари маъносини кўрсатади. Шу туфайли қўштирноқ ичидаги «оқ»ни – қора, «қора»ни оқ деб тушунамиз. Мисол учун, «Эшмат – тўғри одам» билан «Эшмат – «тўғри» одам». Мана шу қўштирноқ ­«оммавий маданият»нинг моҳиятини тушуниш ва тушунтиришга халақит бериб келаётир. Биз оммавий маданият деганда ҳаммага мақбул, ижобий, тўғри, фойдали, чиройли, мантиқли маданий меъёрларни тушунамиз. «Оммавий маданият», деганда эса оммавий маданиятнинг зиддини, сохта, кимлардир томонидан ясалган, фейк, суррогат, мантиқсиз маданиятни англаймиз.
Бу фикрни 60 дан ортиқ фильмни суратга олган, Голливуднинг атоқли кинорежиссёри Альфред Хичкок қўллаб-қувватлаган. Унга фильмининг айрим жойларида мантиқ йўқлигини айтишганида у «Мен баъзида сценарий муаллифига ғоя берсам, у «Бу мумкин эмас. Ғоянгиз яхши-ю, лекин уни жорий қилсак, мантиқ оқсайди-да», дейди. Кейин биз мантиқни деразадан улоқтирамиз», дейди. «Сиз нима учун фильм суратга оласиз?», деган саволга у баралла «Пул ишлаш учун», ­дейди.
Мақолада муаллифнинг «оммавий маданият»га ғоявий қарашлари қатъий, ёши улуғ киши позицияси сезилиб туради. Йиллар бизни ота-боболаримизнинг миллий маданияти нақадар ҳақлигига етказади. Шу маънода катта авлод «оммавий маданият»дан чўчимаса ҳам бўлади. Боболар ҳикматига етишганларни авраб, етаклаб бўлмайди.
Кўпинча 20 ёшлилар боболар ҳикматини инкор қилади. Лекин барибир 50-60 ёшга етгач, «Боболаримиз нақадар доно, ақлли бўлишган-а?!», дейишади. Ҳозир улар ана шу ҳикматга қўшилиш учун бораётган йўловчилардир. Буни «оммавий маданият» саноатчилари яхши билади. Шунинг учун улар ёшлар учун курашади. Маҳсулотларининг асосий харидори ҳам, ғоявий ҳужумининг асосий нишони ҳам – ёшлар, ўсмирлар.
Бир савол… Сақичдан қай мақсадларда фойдаланиш мумкин? Бу саволга «Томингиз кетганми? Сақич бўлганидан кейин чайналади-да!», деймиз. Ана энди Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази томонидан экспертизадан ўтказилган сақич ўрамларидаги «беозор битик»лардан айримларини келтирамиз. Сақичлар Ўзбекистон болаларига мана бундай буйруқ ва топшириқларни олиб кирмоқда:

Қўлингдан келганича бақир, кейин, ўзингни ҳеч нарса содир бўлмагандек тут. Видеога олиб, уни «Twitter»га жойла.
Куннинг қолган қисмини ялангоёқ сайр қилиб ўтказ. Расмларга ол.
Сақич маркасини сочинг­­га ёпиштириб, кейин қириб ташла.
Сен қандай сўкинишни ёқтирасан? Сўкинганингни ёзиб, «Twitter»да қолдир.
Қўлингдаги сақич ўрами устига ишқий сўз ёз. Ёнингдагига бер.
Атрофингдаги одамлардан кимнинг шаҳвоний овози жозибалироқ?
Шаҳвоний овозда ўзингга мос gif ярат ва инстраграммга жойла.

Чиройли сақич ўрамларида флешмоб орқали ғоя тарқатиш, жинсий ахлоқсизлик ва тартиббузарликка чақиришлар ҳам бис­ёр. Эътибор берсак, бир ўрам сақичнинг ғоявий фойдаси унинг иқтисодий фойдасидан ортиқлигини кўрамиз. Бунга асосий сабаб – ёш болаларнинг дид, муносабатлари бошқарилаётганида. Мана шуларни кўриб, билиб, индамаслик – келажакка, болаларимизга хиёнат эмасми? Бундай вазиятда Президентимиз айтганларидек, «авваламбор, «оммавий маданият» кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳванд­лик, диний экстремизм, миссионерлик каби бало-қазолардан ёшларимизни асраш, уларнинг таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак».
«Нодон ўз хатоларидан, доно бировнинг хатоларидан хулоса чиқаради», дейдилар. Демак, бу касалликка биздан – 50-70 йил олдин чалинганларнинг бугунги оҳ-нолаларидан хулоса қилсак, нодон эмасмиз. Шу маънода болаларимизнинг қулоқларига, кўзларига кирмоқчи бўлаётган маънавий маҳсулотларни текшириб кўриб, кейин истеъмол қилишга ўргатишимиз зарур. Ана шунда ўзимизнинг эмас, бошқаларнинг бошидаги ғурралар бизни хатолардан сақлайди.
Ўтган асрдан туриб ҳайқираётган америкалик машҳур иқтисодчи Жон ­К.Гэлбрейтнинг мана бу фикрларидан биз ҳушёр тортайлик. У «Оммавий маданият» билан саноатнинг бирлашиши «истеъмолчиларнинг дидини назорат қилиш, уларни саноат манфаатларига мослаштиришга олиб келди. … Энди истеъмолчи ҳукмрон эмас. У хизматкорга айланди», деган эди.
Келинг, яхшиси, маданий мутелик янада тушунарли бўлиши учун кварц ва механик соатларни олайлик. Кварц соат батареясиз ишламайди. «Аввал батареянинг пулини тўлаб қўйинг, хўжайин», дейди гўё. Фақат механик соатнинг ишлаши сизга боғлиқ. Қулоғини бураб, «дам солсангиз», юраверади. Батареясиз кварц соат – темир-терсак. Соатингиз бор, лекин ишлаши сизга эмас, батарея ишлаб чиқарувчига боғлиқ. Мана энди сиз батарея ишлаб чиқарувчининг қарамига айландингиз. Кимдир компьютерингизга тушсин, деб турли вирусларни тайёрламоқда. Вирус тушса, антивирусини топ­ишга ҳам ўзлари «қарашворишади». Пулини тўлаб қўйсангиз, бас. Ана шундай.
Мақолада В.Алимасов «оммавий маданият»га Ғарб маданий ҳодисаси сифатида қараган. Аслида «оммавий маданият» маҳсулотларини, хизматларини ишлаб чиқарувчи, реклама қилувчи ва бундан отнинг калласидек фойда кўрувчилар ҳамма жойда бор. Тошкентда, вилоятларда, айниқса, тўй, маросим масаласида урчиб кетган ўзимизнинг «оммавий маданият»ни тийиб қўядиган маънавий муҳит яратилишида биз зиёлилар фаол бўлишимиз зарур.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев масаланинг шу жиҳатига алоҳида тўхталиб, «Биз бир нарсани ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур. Агар «оммавий маданият» таҳдиди фақат четдан – Ғарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий», деган фикрни билдиради.
Бугун ёшларимизнинг ўнг қўлидан миллий маданият, чап қўлидан «оммавий маданият» тортаяпти. Ким енгар экан? Ҳар биримизнинг олдимизда уч йўл бор. Бири – миллий маданиятимизга ёрдам бериш, иккинчиси – бефарқ қараб туриш, учинчиси – «оммавий маданият»га ёрдам бериш. Ҳурматли олимимиз, устоз Виктор Алимасовнинг «Оммавий маданият ОҒУми?» деб номланган куюнчак мақоласи ҳар биримизга «Ўйланг», деган сигнал бўлди.
Буюк тарихимиз, миллий маданиятимиз, аждодларимиз олдидаги бурчимизни унутмайлик.

Муҳаммаджон Қуронов

Республика Маънавият ва
маърифат маркази
раҳбарининг биринчи
ўринбосари, педагогика
фанлари доктори,
профессор

Бошқа хабарлар