ТЎХТАНГ: ҚУРИЛИШДА «ҚИЗИЛ ЧИЗИҚ»

137

Қорақалпоғистон Республикасида «Обод қишлоқ»­ ­дастури асосида амалга оширилаётган бунёдкорликлар, шаҳар ва туман марказларида барпо этилаётган замонавий иморатлар, кенг ва равон кўчалар, аҳоли дам олиш масканлари, болалар майдончалари – буларнинг барчаси юртдошларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга замин яратмоқда.

Лекин айрим замондошларимиз шахсий иморат тиклашда қурилиш (қизил чизиқ) ва кўкаламзорлаштириш (яшил чизиқ) талабларига риоя этмаяпти. Улар нафақат Шаҳарсозлик кодекси талабларига қарши иш тутишмоқда, балки «кўча ҳақи»га ҳам хиёнат қилишмоқда.
– Авваллари якка тартибда уй-жойлар қуришда аҳоли томонидан хато-камчилик­ларга йўл қўйилгани рост, – дейди Нукус шаҳар Архитектура ва шаҳарсозлик бўлими архитектори Азамат Ўразимбетов. – Масалан, тураржой массивларида инфратузилма объектлари – болалар майдончалари, автотураргоҳ, дўкон ва ҳоказолар учун ҳудудлар ажратилмаган. Ҳаттоки, ёнғин хавфсизлиги йўлакчалари ҳам қурилиш майдонига қўшиб юборилган. Натижада бугунги кунда баъзи жойларда турли муаммолар келиб чиқмоқда. Маҳаллаларда автомобиллар дуч келган жойга қўйиб кетилади. Болалар ўйнаши учун мос жойлар йўқ. Тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа шошилинч хизматлар машиналари чақириқлар бўйича вақтида етиб кела олмайди. Ҳозирда шаҳар кўчаларида бу каби ҳолатларни бартараф қилиш бўйича муайян ишлар бажарилмоқда. Аммо қишлоқ ва туман марказларида аҳвол ҳамон «эски тос, эски ҳаммом»лигича қолмоқда. Айниқса, аҳоли томонидан пиёдалар йўлаклари ва кўкаламзорлаштириш ҳудудларининг ноқонуний равишда томорқа ҳудудига қўшиб олиниши ёки панжаралар билан ўраб қўйилиши турли можароларни келтириб чиқаряпти.
Мутахассиснинг гапларида жон бор. Мисол учун айтадиган бўлсак, Хўжайли шаҳридаги 8-сонли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаатини ўрганиш чоғида Сабиқ овул кўчасидаги айрим хонадон эгалари пиёдалар йўлакчасини ҳам томорқа ерига қўшиб олгани маълум бўлди.
Ушбу кўчада бир гуруҳ фуқаролар пиёдалар йўлакчасини темир панжаралар билан беркитган бўлса, баъзилар, ҳатто, коммуникация тармоқлари ўтадиган майдонни ҳам тўсиб олган. Пиёдалар йўлакчаси йўқлиги сабабли аҳоли машина йўлидан юришга мажбур бўлмоқда.
– Кўчамизда тез-тез автоҳалокат рўй бериб туради, – дей­ди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Б.Ерниязов. – Сабаби оддий: қўшниларимиз пиёдалар йўлакларини тўсиб олишган. Айниқса, кичик ёшдаги болаларни мактабга жўнатган ота-оналар хавотирда ўтиради. Чунки улар катта йўлдан боришади. Бу ерда эса юк машиналари, автобуслар тинимсиз ўтиб туради.
Йўлакчаларни тўсиб қўйиш ва ҳудуддан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишда Тахиатош шаҳри аҳолиси ҳам «олдинги саф»да. Аксарият кўчалар тандирхона, дўконча каби бинолар деворлари билан тўсиб қўйилган. Уларни бартараф қилиш учун анча вақт ва маблағ керак бўлади.
Бундай камчиликларни Нукус шаҳри кўчаларида ҳам кузатиш мумкин.
Масалан, А.Дусназаров шоҳ­кўчаси бўйида кўплаб давлат идоралари, вазирлик ва таълим муассасалари жойлашган. Автоуловлар учун махсус тураргоҳлар йўқлиги туфайли ходимлар ва иш юзасидан келган одамларнинг шахсий машиналари йўл чеккаларига қўйиб кетилмоқда. Бу эса пиёдалар ва машиналарнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.
Бундай ҳолат «Деҳқон бозори» атрофида ҳам тез-тез учраб туради. Бозор ёнидаги махсус автотураргоҳ ўрнига савдо дўконлари қурилган, транспорт эгалари машиналарини кўчанинг хоҳлаган ерига ташлаб кетишни одатга айлантирган.
Аҳоли сони кун сайин ўсиб бораётган Нукусда бор-йўғи биргина жойда ер ости ўтиш йўли бор. Ватан ободлиги уйимиз, маҳалламиз остонасидан бошланади. Қолаверса, халқимизнинг «кўча ҳақи» деган ажойиб анъаналари ҳам бор. Яъни кўча – қўни-қўшни, элники.
Буларнинг барчаси нафақат масъул ва мутасаддилар, балки бунёдкорлик қилаётган ҳар бир фуқаронинг масъулиятли бўлишини талаб этади!

Азамат ОМОНОВ,
Йўл ҳаракати хавфсизлиги
бошқармаси масъул ходими
Ортиқбой МАМУТОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар