Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

129

2018 йил 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 28 июнь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга, халқаро ҳамкорликни мус­таҳкамлашга қаратилган масалалар киритилмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги (янги таҳрир), «Медиация тўғрисида»ги, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги (янги таҳрир), «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларини ҳам кўриб чиқадилар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг фаолияти, ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти ҳақидаги ахборотни эшитадилар. Ялпи мажлисда Андижон вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.
Сенат аъзолари сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош вазирига парламент сўровлари юбориш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон ­Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бош­­қа масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн бешинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди.
Сенат Кенгаши ўз ваколатига доир бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Бошқа хабарлар