«Қўшчинор»даги кўзбўямачиликлар

170

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг жорий йил 31 мартда қабул қилинган қўшма қарорига мувофиқ 23 та стационар, 55 та кундузги оромгоҳда меҳнаткашларнинг 21 130 нафар фарзанди дам олдирилиши лозим эди.

Ёз мавсумига пухта тараддуд кўрган аксарият оромгоҳларда соғломлаштиришнинг биринчи давраси якунланди. Аммо Нуробод туманидаги туман халқ таълими бўлимига тегишли «Қўшчинор» оромгоҳида таъмирлаш, тузатиш ишлари аччиқ ичакдек чўзилгани боис мавсумни бошлаш пайсалга солиб келинди. Ниҳоят, оромгоҳ раҳбари Муҳиддин Эшбоевдан хушхабар келди. 19 июндан болалар қабул қилинибди.
Нега бунча кеч? Чунки қарор ижросини таъминлашга масъул этилган комиссия оромгоҳдаги ишлар ўлда-жўлдалиги боис мавсумни бош­лашга изн бермасдан келаётган эди. Ҳартугул, нурободликлар уддасидан чиқибди-да, деб ўйларсиз?
Аслида эса… улар вазиятдан чиқишни «уддалабди».
Ҳақиқий манзарага эътибор қиладиган бўлсак, икки кун мобайнида жамланган 76 нафар ўғил ва қиз битта павильонга жойлаштирилган. Чунки мавжуд иккита павильондан биттасида таъмирлаш ишлари ҳануз поёнига етмаган. Қурувчилар жонини Жабборга бериб, камчиликни тузатишга уринишяпти. Оромгоҳ раҳбари Муҳиддин Эшбоев икки-уч кун ичида иккинчи павильон ҳам ишга тушиши, аниқроғи, 21 июнь куни кечгача ўғил ва қиз болаларнинг ўрин-жойлари алоҳида павильонларга кўчирилишини билдирди.
Туманнинг турли ҳудудларидан келган болалар оромгоҳнинг аҳволидан ҳайрон. Иш юритув ҳам антиқа. Қозон тўла овқатлар сифати ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча. На таомнома тузилган, на озиқ-овқат маҳсулотларининг кирим қилинган ҳужжатлари бор. Муҳиддин Эшбоев эса ҳужжатларни «фолончи олиб кетиб қолибди», дейишдан нарига ўтмади. Антиқа ошхонанинг антиқа ошпазини кўриб янада ҳайратингиз ошади. Ошпаз Фарҳод Эшбоев оёғида шиппак, спорт шалвари, тиззагача тушган кўйлак билан ўсган соч-соқолда қозон ковлайди.
– Юз кишига мўлжаллаб таом тайёрланганди, – дея ҳолатга изоҳ беради оромгоҳ раҳбари.
– Болалар сони 76 нафар-ку?
– Қолиб кетмайди, ходимлар, қолаверса, бу ерда ишлаётган қурувчиларга ҳам улашамиз, – дея вазиятга аниқлик киритади у.
Ивирсиган уйдан меҳмон ҳам, файз ҳам қочади. «Қўшчинор»даги ҳолат ана шундай. Уч кунни шу ҳолатда ўтказган болалар яна тўққиз кунга чидаб берса бўлгани. Шу билан биринчи давра поёнига етади. Қолгани туман ва оромгоҳ раҳбарлари виждонига ҳавола.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар