Чирой очаётган Чиял

117

Чиял қишлоғининг таърифини юртимизда эшитмаган одам кам топилади. Чунки Қашқадарё воҳасининг Чироқчи туманида жойлашган ушбу қишлоқнинг ўзига хос сифатлари талайгина: меҳнатсевар ва меҳмондўст, ишбилармон одамлари, мазаси оғизда қоладиган «яхна» таоми, донғи кетган «Пайшанба бозори» …

Чирой очаётган чиял

Чияли бозорига яқин ойларда бормаган киши уни танимаслиги аниқ. Чунки бозор янгидан қурилмоқда. «Обод қишлоқ» дастури асосида қишлоқда улкан ўзгариш­лар амалга оширилаётир.
Вилоятдаги йирик қишлоқлардан бири бўлган Чиялдаги тўққизта маҳаллада 62 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирги пайтда қиш­лоқ улкан қурилиш майдонига айланган.
Эътиборли жиҳати, қишлоқ аҳли ободлик тадбирларида фаол қатнашаётир. Ҳар ким ўз уйи ва ҳовлиси атрофини саришталаш ҳаракатида.
Уймовут маҳалласида яшовчи эр-хотин ўқитувчилар Эркин Сафаров ҳамда Дилором Турсунова юртимиздаги янгиликлардан илҳомланиб, ўз уйида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этишганини аймайсизми!
– Президентимизнинг болаларни мактабга сифатли тайёрлаш ҳақида куйиб-ёниб гапирганлари, қолаверса, сўнгги йилларда Чиял­­да малакали мутахассисларга бўлган талабнинг ошиб кетиши, кадрлар етишмаслиги бизни нодавлат мактабгача таълим муассасасини очишга ундади, – дей­ди Дилором опа. – Хусусий боғчамизда ҳозирча эллик нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Одатий машқлардан ташқари уларга рус ва инглиз тилларидан сабоқ берилади. Чиялда ҳозирги кунгача на давлатга қарашли, на нодав­лат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бормагани учун келувчи болалар сони юз нафардан ошиб кетди. Аммо имкониятимиз чегаралангани сабабли, уларнинг кўпчилигини ортига қайтаришга мажбур бўлдик. Иштиёқимиз устун келиб, уйимиздан боғча очган бўлсак-да, ҳали қилинажак ишлар бисёрлигини тушуниб етдик. Банкдан камроқ фоизли кредит олиб, муассасамизни кенгайтириш ниятидамиз.
«Обод қишлоқ» дастури доирасида қишлоқдаги эскирган симёғочлар олиб ташланиб, ўрнига янги бетон устунлар ўрнатиляпти. Биз фойдаланаётган симёғочлар ҳам абгор ҳолга келиб қолган. Қанийди, мактабгача таълим муассасамизга янги «линия» тортилса…
Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда Чиялда 3-7 ёшли болалар 5435 нафарни ташкил этади. Жорий йилда 10 та (битта давлат, 9 та нодавлат) мактабгача таълим муассасасини очиш режалаштирилган. Агар бу лойиҳа амалга ошса, 485 нафар бола таълим муассасасига қамраб олинади ва 77 та янги иш ўрни яратилади.
«Обод қишлоқ» дастурининг мазмун-моҳияти, мақсад-вазифалари ортида нафақат аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек, бунга асос бўладиган янги иш ўринлари яратиш ҳам турганлиги унинг аҳамиятини янада оширади. Кези келганда, йўналишда сезиларли силжишлар борлигини таъкидлаш жоиз. Муҳими, бу ерлик шижоаткор тадбиркорлар ҳам қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ. Масалан, Тўқмор маҳалласида яшовчи Шамсиддин Сувонов аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида қурилиш моллари бозорини ишга туширди.
– Бозор бизга ҳар томонлама қулайлик туғдирди, – дейди Чувуллоқ маҳалласида яшовчи нуроний Ниёзмурод Умбаров. – Энди ҳар қандай қурилиш материалларини шу ернинг ўзидан харид қилаверамиз. Узоғимиз яқин бўлиш билан бирга техника харажатлари ҳам камайди…
Тадбиркор яна бир нечта дўконларни ишга тушириш арафасида. Озиқ-овқат дўкони, тикув цехи, аҳолига маърифат тарқатадиган китоб дўкони фаолияти йўлга қўйилса, бир неча одам ишли бўлади.
Чувуллоқ маҳалласида яшовчи тадбиркор Ўктам Шодмонов ҳам дўконлар мажмуаси қуриш ишларини бошлаб юборган.
– Ватанимиз мус­тақиллигининг 27 йиллиги байрами олдидан тикув цехи ва кўп тармоқли дўконларимиз қурилишини тугаллашни ният қилганмиз, – дейди тадбиркор режалари билан ўртоқлашар экан.
Шу қишлоқлик яна бир ишбилармон Алишер Жабборов дўкон, тикув цехи ҳамда сунъий қопламали футбол майдонини ишга тушириш арафасида. Тадбиркор Воҳид Давлатовнинг ҳам режалари бисёр. У қиш­лоқ ўртасидаги Қумдарё қумидан «брусчатка» тайёрланадиган цех фаолиятини йўлга қўймоқчи…
Яхши яшаш учун инсонга тинч­лик, обод уй, ҳаётига мазмун ва барака киритадиган иш жойи ҳамда ўзи ва оила аъзоларининг сиҳат-саломатлиги зарур. «Обод қишлоқ» дас­тури доирасида икки ой давомида қишлоқ аҳолисининг тиббий кўрикдан ўтказилгани ҳам чияллик­лар кўнглини шод қилди.
– Турли тиббий муассасалардан келган мутахассислар салкам эллик минг нафарга яқин фуқаронинг саломатлигини текширишди, хасталиги борларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, зарур йўлланма ва тавсиялар берилди, – дейди ҳудуддаги 62-оилавий поликлиника шифокори Боймирза Эшмирзаев. – Тиббий кўрик натижаларига кўра, аҳоли ўртасида ошқозон-ичак, буйрак, жигар, ўт қопи касалликлари кўпроқ учраши кузатилди. Шунингдек, яқин қариндошлар никоҳи натижасида ногирон болаларнинг туғилиши содир бўлаётгани ҳам аниқланди.
Оилавий поликлиникамиз 28 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Аслида 2000 нафар кишига бир нафар умумий амалиёт шифокори хизмат кўрсатиши керак. Бизда эса 28 минг аҳолига икки шифокор қараймиз, холос. Пенсияга чиққан бўлишимга қарамай «Мутахассис йўқ», деб чақириб олишди.
Ўйлайманки, Президентимизнинг тиббиёт соҳасига катта ­эътибор қаратаётгани, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларнинг йўлланма билан қишлоқларга ишга юборилиши муаммони бироз юмшатиши мумкин. Кадрлар етишмаслиги ҳақиқатдан ҳам долзарб муаммо.
Боймирза дўхтирнинг гапларида жон бор. Аввало, тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларига кирадиган, билимли ёшлар кўпайиши керак. Чунки бош­­қа жойдан келиб ишлайдиган мутахассислар барибир эртами-кеч ўз ҳудудига қайтиб кетиши ҳаёт ҳақиқати-ку…
Дастур доирасида аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида Чироқчи тумани ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилиб, долзарб масалалар ечим топаётир.
Аҳолига газ баллонлари тарқатиш, уй-жойларни хатловдан ўтказиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, қишлоқ йўлларини кенгайтириш, биометрик фуқаролик паспорти олмаган фуқароларнинг янги ҳужжат олишида енгиллик­лар яратиш ва кўмаклашиш жараёнлари давом этмоқда.
– Ўзим ва уч нафар келинимнинг паспорти алмаштирилмаган эди, – дейди Уймовут маҳалласида яшовчи 62 ёшли онахон Саломат Аҳмедова. – Янги паспорт олиш учун туман марказига бориб, кун бўйи навбатда туришимиз лозим эди. Чиялда ташкил этилган «Пас­порт бўлинмаси»да эса ишимиз осон ва тез битди…
Бундан ташқари, Чиял ҳудудида яшовчи протез-ортопедия маҳсулотларига муҳтож ногиронларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларга талон расмийлаштириладиган муддат белгиланди.
– Ёшим 65 да, – дейди пенсионер Эшмамат Эргашев. – Оёғимга протез пойабзали ҳамда болдир протези олиш учун ариза бергандим. Аввалгиси эскириб қолганди. Буни қарангки, мени қийнаётган муаммога тезлик билан ечим топилди…
Хуллас, Чиял қишлоғида барча эътибор аҳоли фаровонлиги ва обод турмуш тарзига эришишга қаратилган. Ўтаётган ҳар бир кунда бу ерда сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда. Улар Чиял қишлоғи келажагига хизмат қилади.

Акмал АБДИЕВ

Бошқа хабарлар