Паҳлавон Маҳмуд издошлари енг шимармоқда

128

Хоразмда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган биринчи халқаро турнир бўлиб ўтмоқда.

– Гарчи кураш кўп минг йиллик тарихга эга бўлса-да, истиқлол туфайлигина жаҳон миқёсидаги спорт турларидан бирига айланди, – дейди Республика кураш федерацияси Хоразм вилояти бўлими ижрочи директори Раҳимбой Шержонов.
Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда дунёнинг 129 та мамлакатида кураш федерациялари фаолият кўрсатаётир. 1992 йилдан буён 500 дан ортиқ халқаро турнир, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ўтказилиб, уларда 300 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз зафар қучишган. Бу галги мусобақаларнинг нуфузи янада баланд бўлиб, унда 20 га яқин мамлакатдан 200 нафардан ортиқ номдор полвонлар иштирок этмоқда. Ғолиблар етти вазн тоифасида аниқланади. Тўрт вазнда эркаклар, уч вазнда аёллар беллашади. Синовларнинг асосий совринларига мамлакатимиздан 42 нафар курашчи даъвогарлик қилмоқда. Улар орасида мезбон вилоятнинг 7 нафар полвони бор.
Халқаро турнирнинг биринчи кунида Хоразм Маъмун академиясида семинар-тренинг ташкил қилинди. Унда адабиётшунос ҳамда тарихчи олимлар Паҳлавон Маҳмуд шахси, тариқати, фалсафаси, ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритдилар.
– Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари жўмардлик тариқати асосчиси саналади, – дейди тарих фанлари номзоди, Урганч давлат университети ­доценти Шоира Нуруллаева. – Бу тариқат нафсни енгиш, мардлик ва ҳалолликни тарғиб қилади. Ҳазрат ҳар бир жангдан сўнг устахонаси ёнида 40 та қозон қайнатиб, таомларни етим-­есир, бева-бечораларга тарқатган. Топган маблағини асосан хайр-саховат ишларига сарфлаган.
Бу каби фикрлар, кураги ерга тегмаган курашчи ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
– Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларига ҳурматим баланд, – дейди Қозоғистон кураш федерацияси раи­­си Баҳром Мўминов. – Бугунги анжуман билимларимни янада мус­таҳкамлашга хизмат қилди. Маърузаларни ҳайрат ва мамнуният билан тингладим.
Анжумандан сўнг меҳмон-у мезбонлар Ичан қалъада бўлиб, Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилдилар. Мақбара олдида хоразмлик ёш полвонларнинг кўргазмали чиқишлари уюштирилди.
Хива зиёратидан улкан руҳий-маънавий қувват олган полвонлар бугундан Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун майдонга чиқадилар. Урганч­даги «Ёшлик» спорт мажмуаси ­мус­о­­­­бақаларга мезбонлик қилади.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар