БИЗНИНГ ШИФОКОРЛАР ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДА

220

Шифокорлар жамоалари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларига бу йил Чехиянинг Прага шаҳри мезбонлик қилмоқда. 1995 йилдан буён ўтказиладиган тадбир 45 ёшдан катта ўйинчилар орасида Фогель кубоги сифатида, 25-45 ёшлилар ўртасида Морелль кубоги сифатида ташкил этилади. Ўзбекистон ҳаваскор футболчи шифокорлар жамоаси ҳам бир неча йиллардан бери ушбу чемпионатнинг Морелль кубоги доирасида муваффақиятли қатнашади.

Бу галги мусобақага Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида катта тайёргарлик кўрилди. Хусусан, ҳавас­кор шифокорлар жамоасини тайёрлаш учун Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан жорий йилнинг бошида республикамизнинг барча ҳудудларидан шифокорлар футбол жамоалари иштирокида саралаш турнири ўтказилди. Унда 180 нафардан ортиқ шифокор футболчилар қатнашиб, якунда 104 нафари танлаб олинди. Март ойида «Сергели» ва «Локомотив» стадионларида ўтказилган 2-тур ўйинларида 52 ўйинчи сараланди ва фақат Морелль кубогида иштирок этишга қарор қилинди. Тошкент шаҳар солиқ инспекцияси стадионида ўтказилган 3-тур ўйинлари эса энг кучли 26 нафар ўйинчини асосий таркибга киритиш имконини берди. Улар яқинда мусобақага жўнаб кетишди.
30 июнь куни Праганинг «NH» стадионида чемпионатнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда жаҳоннинг 22 та давлатидан келган жамоалар, уларнинг мухлислари ва чемпионат ташкилотчилари иштирок этди. Қуръа ташлаш маросимида рейтинг бўйича энг кучли 6 та жамоа A, B, C, D, E, F гуруҳларига бўлинди. Ўзбекистон терма жамоаси В гуруҳига тушди. Унга кўра, ўзбекистонликлар плей-офф йўлланмаси учун Германия, Австралия ва Жанубий Корея термалари билан баҳс олиб борадиган бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон шифокорлар терма жамоаси Сергей Чигатаев бош мураббийлигида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Чемпионат 8 июлга қадар давом этади.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар