«Индамаслар Олами» эътиборга муҳтож

137

Норин туманида 57 та қабристон бўлиб, ўрганишлар  чоғида уларнинг аксарияти ободонлаштирилмагани ва эътиборсиз қолдирилганлиги аён бўлди.

«Шоҳидон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Марғизор» қабристони салкам бир асрлик тарихга эга. 4,5 гектарлик бу ҳудудда аксарият қабрлар сезилмай кетган, бегона ўтлар ўсиб ётибди. Қабристон атрофи, хусусан, 420 метри бетон ғишт, 300 метри пахса девор билан ўралган. Орқа томондаги, фермер хўжалигининг боғлари билан туташ 200 метри эса умуман ўралмаган. Бу ердаги ариқ чегара вазифасини ўтайди. Аммо буни моллар билмайди-да. Шу боис, улар мозорга эркин кириб ўтлаб юради.
Аҳоли билан ўтказилган суҳбатда аён бўлдики, ҳар йили Наврўз байрами арафасида бир марта ҳашар қилиниб, қабристон ободонлаштирилар экан.
Қабристонда аҳоли учун ўтиш йўлак­лари охирига қадар етказилмаган. Таҳоратхона ва маросим ўтказиш биносини таъмирлаш ишлари тугалланмаган. Сув қувури мавжуд бўлса-да, оқова сув олиб келинмаган. ­Қабристон қоровулини топиш имкони бўлмади.
Ишчи гуруҳи томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига ҳашар ташкил этиш тавсия этилди ва ободонлаштирилди.
Қўшчек маҳалласи ҳудудида эса 2 та ­қабристон бор: «Шайх ота» ва «Парпи ота». Бу ерда ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Хусусан, «Шайх ота» қабристонида ичимлик суви тармоғи йўқ, маъмурий бино таъмирталаб, маросим ўтказиш жойи тор, қабристон атрофининг 250 метр қисмининг пахса деворлари нураб тушмоқда.
Энг ачинарлиси, мозор ҳудудидаги 20 сотих майдонга кунгабоқар экилган. Бунинг учун деворнинг бир қисми бузилиб, трактор киритилган. Тракторнинг овозини биласиз. Бу қабристондаги боқий сокинликни бузади. Яна ер чуқур ҳайдалади. Бостириб сув қуйилади. Қолаверса, бу ерда етиштирилган кунгабоқар… Уни истеъмол қилиш… тўғри келармикан. Аждодларимиз ҳеч қачон қабрис­тонга мевали дарахт экишмаган-ку…
Маҳалладаги «Парпи ота» қабристонида ҳам ичимлик суви тармоғи йўқ, маъмурий биноси таъмирталаб, маросим ўтказиш жойи тор, қабристон атрофининг 200 метр қисмининг пахса деворлари эскилиги боис, нураб тушмоқда. Бу ердаги дарахт шохлари буталмаган.
Ва яна… бу ерда ҳам 20 сотих ер майдонга беда экилган ва у яшнаб турибди. Эътибор ва қаров зўр-да. Аммо қабрлар атрофига қараб бўлмайди: ўт-ўланлар ва тиканлар билан тўла.
Бу ерда ҳам маҳалла фаоллари билан биргаликда ҳашар уюштирилди. Обод бўлди. Аммо одамни ўйлантирадиган жиҳат шуки, нега бу ишларни ўзимиз англаган ҳолда қилмаймиз? Ободонлаштириш бошқармаларининг бу ерларга бириктирилган ходимларини нега доимо жойидан топиб бўлмайди? Нима учун ўз аждодларимизни сўнгги манзилга кузатган жойларни доимо зиёрат қилиб, тозалаб турмаймиз? Бунинг учун ҳам юқоридан кўрсатма ёки топшириқ бўлиши керакми?

Лазиз РАҲМАТОВ,
журналист

Бошқа хабарлар