МЕССИ, РОНАЛДУ, РАМОС… ўйиндан ташқари ҳолатда

76

Зукко муштарий дарҳол тушуниб етди: демак, бундан буёғига Аргентина, Португалия ва Испания терма жамоалари аъзолари Россияда ўтказилаётган жаҳон чемпионати учрашувларини фақат томошабин сифатида кузатишлари мумкин. Сиз-у биз каби…

Аслида бу фикр анчайин баҳсталаб бўлиб, манфаатдор шахс сифатида футболчилар ўзларини оддий, боринг-ки, ашаддий мухлис мақомида тасаввур қила олмайдилар. Ахир уларнинг орзу-ниятлари осмон қадар юксак эди-да!
Аммо, начора, футбол, бу – спорт. Спортда эса кутилмаган ҳолатлар тез-тез учраб туради. Куни кеча бўлиб ўтган чорак финал йўлланмаси учун бўлган учрашувлар буни яна бир карра, бутун бўй-басти билан намойиш этди. Ростига кўчиб қўя қоламиз: Франция термаси ҳар қанча кучли бўлмасин, кўпчилик барибир Аргентина футбол мактаби устунликка эришади деган фикрда эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Одатда шарҳловчилар дарвозабонга таъриф-у тавсиф бера туриб, уни ярим жамоа дея кўкларга кўтариб, ҳурмат бажо келтиришни хуш кўришади. Аслида ҳам бунда ҳеч қандай муболаға йўқ. Лекин шундай юлдузлар борки, уларни ҳам ҳеч иккиланмай ярим жамоага менг­заш мумкин. Месси, Роналду, Рамос… Уларнинг ўйини қовушса бўлди, учрашув натижаси олдиндан маълум деяверинг. Қовушмаса-чи?…
Очиғи, Франция билан бўлган баҳсда Месси ўз ўйинини топа олмади. Балки бу фаранглар бунга йўл бермаганликлари туфайлидир. Ҳар ҳолда биз кўзларимиз ўрганиб қолган соҳир ҳаракатларни кўрмадик. Нимадир етишмаётгандек, нимадир камдек туюлаверди ҳар сафар. Месси ўйнолмагач, бошқалар нима ҳам қила оларди…
Гарчи 3:4 ҳисоби қайд этилган бўлса-да, Франция терма жамоаси янада яхшироқ натижага эришиши мумкин эди.
Худди шундай фикрларни Уругвай-Португалия жамоалари ўртасидаги баҳсга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Тезкор, шиддаткор ва энг эътиборлиси, кутилмаган қарорлар билан рақибларини саросимага солишга одатланган Криштиану масъулиятнинг зўрлигиданми, балки унинг ўзигагина маълум сабабга кўрами, ҳақиқий сардорлик вазифасини уддалай олмади. Ўз шуҳрати соясида қолиб кетгандек тасаввур уйғотди беихтиёр.
Мураббий кўрсатмаларига оғишмай ҳаракат қилган уругвайликлар яна бир ғалабани қўлга киритдилар. Ҳисоб – 2:1.
Испания ва Россия терма жамоаларида эса мухлислар шу кунгача кузатилмаётган кўпгина ҳолатларнинг гувоҳига айланишди. Тўқсон дақиқа мобайнида ора очиқ бўлмагач, 15 дақиқадан иборат икки тайм қўшиб берилди. Ва биз янги қоида – жамоаларга заҳирадан тўртинчи ўйинчини майдонга тушириш мумкинлигини амалда кўриб, буни мамнуният билан қарши олдик. Рост-да, мақсад чиройли футбол кўрсатиш бўлгандан кейин шунга яраша шарт-шароит ҳам яратиб берилиши керак-да!
Асосий ва қўшимча вақтларда ҳам ғолибни аниқлашнинг иложи бўлмагач, навбат пеналтилар сериясига келди ва… Майдонга бутун учрашув давомида бир қатор сейфлари билан олқишларга сазовор бўлган Акинфеев чиқди. Бешта пеналтининг иккитасини қайтариб, масалага муддатидан аввал узил-кесил нуқта қўйди. Россия – чорак финалда!
Ўйлаб қоласан киши. Ё жамоалар тобора тенг­лашиб боришяпти ёки бўлмаса, анъанавий равишда кучли деб эътироф этилган гранд жамоалар ўсишдан тўхтаб, энг ёмони, рақибларни саросимага соладиган янгидан-янги тактик кўринишлар кузатилмай қўйди.
Шундай қилиб, дастлабки чорак финал иштирокчилари маълум бўлди: Уругвай-Франция, Россия-Хорватия… Дарвоқе, Болқон ярим ороли давлатларининг ягона вакили бу шарафга Дания термаси билан шиддатли учрашувда ҳам маҳорат, ҳам жасорат кўрсатиб эришди. Энг қизиғи, Дания билан кечган ўйинда ҳам Россия ва Испания ўртасидаги ҳолат такрорланди…. Асосий ва қўшимча вақтларда 1:1 ҳисоби қайд этилгач, пеналтилар орқали ғолибни аниқлашга тўғри келди.
Хуллас, баҳслар қизигандан-қизиб боряпти. Кўрамиз, олдиндан башорат қилиш қийинлашгандан-қийинлашиб, фавқулодда натижалар нафақат мухлисларни, қилни қирқ ёриб ўрганган мутахассисларни-да чуқур мулоҳазалар юритишга мажбур қилаётган Жаҳон чемпионати қандай якун топаркин? Бразилия, Уругвай, Франция… Ким билсин, майдон эгаларига ўз деворлари кўмакка келиб….
Ҳозирча борини кузатиб, хулосага ошиқмаганимиз маъқул кўринади. Ҳар ҳолда, нимчорак учрашувлари ҳали тўла якунига етганича йўқ. Бу ёғи чорак финал ва ярим финал баҳслари турибди. Финални эса, эҳ-ҳe, салкам икки ҳафта кутишимизга тўғри келади.
Лекин бир нарса аниқ: Месси, Роналду, Рамос каби ўйиндан ташқари ҳолатда қолган юлдузлар бундан буён ҳам кўпайгандан-кўпайиб бораверади. Янги, эҳтимолки, янада ёрқин юлдузларга йўл очиб бериш учун…

Зайниддин РИХСИЕВ

Бошқа хабарлар