Полвонлар президент соврини учун беллашди

52

Урганчда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига
бағишланган кураш бўйича биринчи халқаро турнир якунига етди.

Турнир доирасида ўтказилган турли семинар ва конференциялардан сўнг 30 июнь куни мусобақанинг асосий баҳсларига старт берилди. Икки кун давомида дунёнинг 260 нафар номдор полвони муросасиз курашди.
Биринчи куни аёллар 52 ва 78, эркаклар эса 66 ва 81 кг. вазн тоифаларида ғолиблик учун гиламга чиқдилар.
Аёллар ўртасидаги енгил вазнда Гулноза Зиёева, 78 килограмм вазн тоифасида Гулноза Матниёзова барча рақибларини мағлуб этиб, ғолиблик шоҳсупасидан жой олдилар.
Эркаклар иштирокида 66 кг. вазн тоифасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Достон Холиқулов, 81 кг. вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда эронлик Омид Тазтак биринчи ўринни эгаллади.
– Паҳлавон Маҳмуд барча полвонлар пири саналади, – дейди халқаро турнир ғолиби Омид Тазтак. – Эронда биз Пурёвалий деб ўз қаҳрамонимиз сифатида ҳурмат қиламиз. Бу ерга келиб буюк зотнинг мақбарасини зиёрат қилдик. Мусобақа ҳам жуда кўтаринки руҳда ўтди. Ўзбекистондаги барча ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар 90 кг. ва ундан оғир, аёллар 87 кг. вазн тоифасида гиламга чиқдилар. Аёллар баҳсида ғолиблик туркиялик Белкис Зеҳрага насиб қилди. Эркаклар ўртасида 90 килограммлик вазн тоифасида ҳамюртимиз Яҳё Имомов ғолиб бўлди. Мутлақ вазн тоифасидаги полвонлар баҳсида тожикистонлик полвон Неъматулло Акпанақулов Ўзбекистон Республикаси ­Президенти совринига сазовор бўлди.
Мамлакатимиз полвонлари ушбу турнирда тўртта олтин, учта кумуш, етти бронза медални қўлга киритди.
– Шу йилнинг август ойида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этиладиган Осиё ўйинларида миллий спортимиз бўйича илк бор расмий мусобақалар ўтказилади, – дейди Ўзбекистон кураш федерацияси спорт директори Уйғун Умаров. – Ушбу нуфузли турнир олдидан Хоразм вилоятида уюштирилган мазкур беллашувлар дунёнинг 14 мамлакатидан келган полвонлар учун муҳим синов вазифасини ўтаб берди.
Ушбу халқаро турнир нафақат полвонлар баҳси, балки тинчлик ва дўстлик байрами сифатида ҳам тарих саҳифаларига муҳрланди. Бетакрор Ичан қалъа зиёрати, куй-қўшиқ ва рақслар, миллий таомларимиз меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар