Ўзбекистон карлар жамияти аъзоларига Президентимиз совғалари топширилди

164

Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташрифи чоғида Ўзбекистон карлар жамиятининг Кар-соқовлар маданият марказида бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан танишган ҳамда маданият марказига иккита автобус, Карлар жамиятининг уч нафар аъзосига Тошкент шаҳридан уй совға қилган эди. 1 июль куни Ўзбекистон карлар жамиятида ушбу совғалар тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон карлар жамияти аъзолари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Н.Отажонов, А.Абдуҳакимов, Олмазор тумани ҳокими Б.Раҳмонов мамлакатимизда ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва жорий йил 11 июндаги «Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизматларни олишида янги имтиёзлар белгиланди.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон карлар жамияти Кар-соқовлар маданият марказининг 450 ўринли биноси тубдан таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. 6 гектардан иборат ҳудуд дам олиш сайлгоҳига айлантирилди. Жамият аъзолари истиқомат қиладиган тўрт қаватли ётоқхона таъмирланиб, оилаларга газ плита ва бошқа маиший техника жиҳозлари топширилди. Ҳудудда 600 ўринли тикувчилик корхонаси барпо этилиб, бугунги кунда 100 дан ортиқ хотин-қиз ишга жойлаштирилди.
Президентимиз жамият аъзолари билан суҳбатда уларнинг яшаш шароити, дам олиши, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиш билан қизиқиб, бу масалалар давлатимиз назоратида экани, яқин муддатда кар-соқов болаларнинг саводхонлиги, тарбияси, ишлаши ва даволаниш шароитларини яхшилашга қаратилган алоҳида қарор тайёрлаш ­бўйича топшириқ берди.
Шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов, таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидиров ва рақс тўгараги раҳбари, халқаро танловлар ғолиби Олег Ошепковга уй, Кар-соқовлар маданият маркази аъзоларининг ижодий сафарларига қулайлик яратиш мақсадида иккита автобус совға қилинишини айтди.
Тадбирда ушбу совғалар ўз эгаларига топширилди. Тошкент шаҳар кар-соқовлар маданият маркази ва Ўзбекистон кар-соқовлар спорт федерацияларига автобуслар совға қилинди.
– Президентимизнинг Ўзбекистондаги ҳар бир одам мен учун қадрли деган сўзлари нафақат мени, балки ҳар бир онанинг кўзларига ёш қалқитди. Чунки у кишининг эътибори мана шундай фарзанди бор ота-оналар қалбида ҳам ҳаётга бўлган умид учқунини уйғотди, – дейди ­таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидировнинг онаси Гулнора Хидирова. – Икки ўғил, икки қизим бор. Фарзандларим орасида Давронга кўпроқ меҳр бериб ўстирдик. Ўғлим жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун қилган тинимсиз меҳнатлари туфайли шу даражага эришди. Худо хоҳласа, унинг шогирдлари ҳам мусобақаларда нуфузли ўринларни эгаллаб, мамлакатимизнинг обрўсини жаҳонга танитишга ҳисса қўшади.
– Президентимизнинг эътиборидан тўлқинланиб кетдим, – дей­ди Даврон. – Бу мен каби бошқа ёшларнинг ҳам қийинчиликларни енгиб ўтишида далда беради. Давлатимизнинг менга берган меҳрини албатта оқлайман.
Тантанали байрам дастури, файзли дастурхон атрофидаги суҳбат жамият аъзоларига катта хурсандчилик бағишлади.

М.ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар