Ижоди халқ дарди билан ҳамоҳанг янграб келмоқда

134

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида шу соҳа ривожига бутун ҳаётини бахшида этган устоз журналист, 90-йилларнинг ўрталарида таҳририятда раҳбарлик қилган Саидакром ­Саидвалиевни йўқлаб хонадонларига бордик. Жамоанинг ­саломини етказиб, касб байрами билан қутладик. Суҳбат асносида ўзимиз ва ёш журналистлар учун ибрат бўладиган жиҳатларга эътибор қаратдик.

– Матбуот соҳасида ишни ҳарф терувчиликдан бошлаганман. Ўқишга киргунга қадар босмахонада ишлаб, анча-мунча тажрибага эга бўлдим, – дея сўз бошлади устоз. – Мустақил равишда ўзбек тили грамматикасини чуқурроқ ўрганишга бел боғладим, рус тилидан олган сабоқларимни ҳам мус­таҳкамлаб бордим. Ҳар қандай соҳада ҳам ишни қанчалик қуйидан бош­ласангиз, пойдевор ҳам, қурилажак иморат ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Турли нашрларда масъул лавозимларда меҳнат қилиб, одамларни ­матбуот­га жалб этишнинг ҳадисини олдим. Мавжуд муаммоларнинг ечимини топмагунча тинчимас эдик. Чунки устозлардан эшитгандикки, газета одамларнинг қувончи-ю ташвишлари билан тўлиб-тошсагина уларнинг назарига тушиб, қалбидан жой олади.
Таъкидлаш ўринлики, қарор ва фармонлар фуқароларнинг эҳтиёжи туфайли юзага келади, шунинг учун уларни барчага тушунарли услубда ҳаётий воқеликлар асосида шарҳлаб бериш ўта муҳимдир. Бош­­қача айтганда, шарҳловчи одамлар ва расмий маълумотлар орасида кўприк вазифасини ўташи лозим. Шундагина газетанинг обрў-эътибори ҳеч қачон пасаймайди.
– Мақолаларимизнинг ютуқ ва камчиликларини эринмай тушунтириб, худди иншони баҳолагандек баҳо ҳам қўйиб берардингиз…
– Ҳа, қаерда ишлаган бўлсам, ўша ернинг шарт-шароити, муҳитидан келиб чиқиб, иш бир қолипда қолиб кетмаслиги учун нимадир ўйлаб топардим. Масалан, радиода ишлаганимда алоҳида битта залда маҳорат мактаби минбарини ташкил этдим. Бирор эшиттириш ҳақида кимдадир ­фикр-мулоҳаза ёки эътироз туғилса, ўша минбарга чиқиб гапирар ва буни ҳамма эшитарди. Бир-биримизни ­табриклар ёки танқид қилар, баъзан баҳсга киришиб кетардик, шу тариқа ходимларда масъулият ва ҳушёрлик ошарди.
– Шу ўринда раҳбарлик масъулиятига тўхталсангиз…
– Раҳбар авваламбор ходимларга ўрнак бўлиб, уларни орқасидан эргаштира олиши лозим. Бунинг учун эса чуқур билим, кенг ­дунёқараш жуда муҳим. Соҳамизда билимсиз раҳбар қўлига тушган матбуотнинг ҳар қандай бўғини инқирозга юз тутади. Масалан, ижтимоий-сиёсий газета, аввало, ўз муассисининг кўзгуси бўлолмаса, адабий-­бадиий савияси қанчалик юксак бўлмасин, назардан қолиши ҳеч гап эмас. Ҳар бир рукн бўйича алоҳида мухбирларни ихтисослаштириб, тўғри йўналтирилсагина иш енгил кўчиб, газетанинг нуфузи ошади. Айниқса, ҳудудлардаги мухбирларни вақти-вақти билан йиғиб, фаолликка даъват этишнинг самараси катта, иккинчи даражали ходим сифатида қарамаслик керак, улар газетанинг қанотларидир.
Шу аснода ҳамиша халқ дарди билан яшаган ижод аҳлининг ёниқ қалби ҳеч қачон сўнмаслигига яна бир бор имон келтирдик.

Шаҳзода ҲАКИМОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар