Кадим кўлёзмалар катидаги ганжиналар уларни қачон кашф этамиз, қачон элга етказамиз?

33

АҚШ киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Миллат хазинаси» фильмини кўргансиз. Фильм қаҳрамонларининг ўз миллатининг тарихий бойлигини асраш учун қилган ҳаракатларини биласиз. Ўша фильмни кўрар эканман, хаёлимга доимо бир манзара келаверади: қўшнимизнинг уйида бир китоби бўларди. Арабча имлода битилган. Китобни сандиғида сақларди. Аммо уни ўқий олмасди. Ҳар-ҳар замонда олиб кўрарди-да ноёб бойлигини яна яшириб қўярди. «Отамдан қолган, унга эса отасидан…» дерди китоб ҳақида сўраганларга. «Бу қандай китоб?» деган саволга эса «муқаддас» деб жавоб берарди. «Невараларим арабча ўқишни ўрганса, ўқийди-да…» деб қўярди кейин.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва унинг қўлёзмалар фонди билан танишсангиз ҳам ана шундай ҳолатни кўргандек бўласиз. Саксон йиллик тарихга эга ушбу фондда 74 324 та қўлёзма сақланмоқда. Улардан 42 736 таси тошбосма. Бу — дунёнинг етакчи фондлари билан бемалол беллаша оладиган кўрсаткич. Зотан, Тожикистон қўлёзмалар фондида 10 000, Қозоғистонда 4000 га яқин қўлёзма бор. 26 та шарқ тилида битилган қўлёзмалар тарих, адабиёт, фалсафа, астрономия, тил каби тармоқларга бўлинади (адабиёт — 4428 та, фалсафа — 1983 та, тарих ва география — 2021 та, тиббиёт — 479 та, турли илмий йўналиш­лар — 526 та, диний — 3883 та).
Ушбу қўлёзмалар орасида нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисоб­ланган, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганлари ҳам бор.

«Сандиқ»да нима бор, билмаймиз…

Қўлёзмалар хазинаси ўзгача муҳитли маскан. Оғир, катта, чарм муқовали, варақлари (улар ҳозир энг сифатли дея тан олинган фин қоғозларидан ҳам сифатлидир) шиқирлаган овоз чиқарадиган қўлёзмаларда ота-боболаримизнинг руҳи мужассам. Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги иморатлар, мақбаралар, мадраса ва сағаналар шу ерда сўзлаётгандай. Қадим шаҳарлар руҳи шу қоғозларга жо бўлгандай. Тинг­ловчисини кутаётгандай…
Кенг жамоатчилик эса узоқ давом этадиган ва ўзига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган жараёндан аксар ҳолларда бехабар. Қўлёзмаларнинг нашрдан чиқаётгани миллий байрам қилиб нишонлашга арзийдиган ҳодиса бўлса-да, тор доирада ўтиб кетмоқда. Жамоатчиликнинг қўлёзмалар ҳақидаги маълумоти чегараланиб қолган. Бобур-у Алишер Навоийдан нарига ўтмайди. Туби жавҳарга тўла қўлёзмалар уммони бўла туриб, саноқли дур билан кифояланаяпмиз. Омма билан алоқаларнинг тўғри йўлга қўйилмагани туфайли қўлёзмалар фонди кўпчиликка нотанишлигича қолмоқда.

«Неваралар»ни узоқ кутамизми?

Фондда турган шундай ноёб қўлёзмалар қўшнимизнинг сандиғида турган китоб­­га ўхшайди. Аммо… Шу биргина «аммо» ортида кенг жамоатчилик, мутахассислар, жонкуяр тадқиқотчилар-у маъмуриятчи амалдорлардан иборат бирикмаган, ҳалқалари тарқоқ занжир туради.
Энг аввало, қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг аксари араб тилида, ёзувлар мураккаб услубда ёзилган.Тадқиқотчи қўлёзмани қоғозга туширган котибнинг хатини тўғри ўқиши, асар мазмунини бузмаслиги, бутунлай бошқа йўналишга буриб юбормаслиги керак. Демак, тадқиқотчи араб тили грамматикасини мукаммал билиши, бадиий санъатлардан бохабар бўлиши, хаттотлик усуллари ва сирларини пухта эгаллаган бўлиши шарт. Қўлёзмалар фондида эса ҳар қандай бадхатни ҳам, ҳуснихатни ҳам бирдек равон ўқиб, тез ишлайдиган мутахассис жуда ноёб. Шу боис, 1 дона қўлёзмани ўқиш, тўғри тушуниш ва тўғри талқин этиш, тавсифлашга бир йилдан то уч йилгача муддат талаб қилинади.
Бир вақтлар қўлёзмалар фондида олмон ҳамкорлар билан бир ойда 20-30 қўлёзмани таснифлаш тажриба қилиб кўрилган. Қизиғи шундаки, 2-3 ойдаёқ бунинг ҳеч қандай иложи йўқлиги маълум бўлган. Чунки битта жилд 50 та асардан иборат бўлса, у камида 50 кун ёки 3 ой вақт талаб қилади. Демак, китобни тўғри ўқиш, транскрипция қилиш ва ўгириш учун узоқ вақт талаб этилади.
Ҳолбуки, қўлёзмалар хазинасида 70 мингдан ортиқ асар ўрганилишини кутиб ётгани ҳолда 2018 йилда институт ­докторантурасига биронта ўрин олинмабди. Демак, бу ҳали «неваралар»ни узоқ кутишимиз деганининг ўзи!.

Хазина кўзи очилмоқда

2017 йил 24 майда «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга биноан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти аҳолида сақланаётган қадимий ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар рўйхати, чет эл фондларидаги мавжуд асарлар нусхаларини айирбошлаш ёки сотиб олиш ҳисобидан институтнинг қўлёзма ва ёзма манбалар фондини бойитиб бориш имкониятига эга бўлди. Мазкур мақсадда экспертлар гуруҳи ҳамда махсус комиссия тузилди. Қўлёзмалар билан ишлаш малакасига эга бўлган ёш мутахассисларни режа асосида мақсадли тайёрлаш ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш йўлга қўйилди.
Қадимий ёзма манбалар билан ишлашнинг ўзига хос мураккаб хусусиятларини, бу иш юқори илмий малака ва кўникмаларни талаб қилишини инобатга олиб, инс­титутнинг қадимий қўлёзмаларни рес­таврация қилиш ва сақлаш билан шуғулланувчи ходимларининг ойлик иш ҳақига 30 фоиз миқдорда қўшимча устама ҳақ белгиланди.
Институт томонидан мамлакатимизнинг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ҳамда тарихий ҳужжатларнинг сақланиш ва таъмирланиш ҳолати мониторинг қилинади ва уларнинг электрон базаси яратилади.
Ҳозирда фонддаги 28 та ноёб асарни нашр этиш режалаштирилмоқда. Улар орасида «Рўзномайи сафари чаҳоруми Фитирбург» (Бухоро амири Абдулаҳаднинг 1907 йилдаги Петербург сафари кундалиги) ҳамда Абу Райҳон Берунийнинг «Китоб ас-Сайдана фи-т-тибб» (Табобатда доришунослик) каби интиқиб кутилаётган асарлар ҳам бор.

Аммо бу ишлар биз кутган натижани берадими? Ахир фондда 70 мингдан ортиқ қўлёзма бор. Уларнинг ҳар бири ўқиб-ўрганилиши шарт. Бу қиёслаш учун, ўша даврнинг савиясини билиш учун, юксалиш-у инқирозни ҳам кўриш, тасаввурнинг тўлиқ ва тўғри бўлиши учун керак. Фондда асралаётган қўлёзмалар маънавий илдизлар-ку… Демак, изланиш, интилишларни кучайтиришимиз даркор. Акс ҳолда, қадим қўлёзмалар қатидаги хазинадан халқимиз бехабар, бугунги авлод эса фойдаланмай қолаверади…

Муҳайё ИСМОИЛОВА

Бошқа хабарлар