«Санъатим сенга, обод юртим!»

151

Танловда санъаткорларнинг ижодига муносиб баҳо берилди. Жумладан, «Анъанавий ижрочилик» йўналишида Қонликўл туманидан Оралбай Қалбаев, «Эстрада қўшиқчилиги»да Кегейли туманидан Гавҳар Қаллибекова, «Чолғу ижрочилиги»да Тахтакўпир туманидан Бахтбай Утепбергенов ва рақсда Тахиатош туманидан Анжела Пиржановалар биринчи ўринга мушарраф бўлди.
Тадбирда «Энг ёши улуғ иштирокчи», «Энг ёш иштирокчи» ва «Энг фаол иштирокчи» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Танлов ғолиблари қимматбаҳо совға ва дипломлар билан тақдирланди.

Ортиқбой МАМУТОВ,
«Ishonch» мухбири

***

Жиззах санъат касб-ҳунар коллежида ҳам мазкур ижодий кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги корхона, ташкилот, муассасалар, фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган, кичик бизнес, тадбиркорлик ва касаначилик билан шуғулланаётган, бадиий ҳаваскорликка ҳаваси кучли ишчи-ходимлар қатнашди.

– Меҳнаткашларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида бадиий ҳаваскорликни ривожлантириш, юрт ободлиги, фаровонлигини, истиқлолимизга шукроналик туйғуларини мадҳ этиш, меҳнат жамоаларидаги санъатга иштиёқи баланд, иқтидорлиларни рағбатлантириш ва бадиий ҳаваскорликни кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбир таассуротларга бой бўлди, – дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Шарофиддин Баҳриддинов. — Жонли ижродаги миллатлараро дўстликни ифода этувчи турли миллат куй-қўшиқ ва рақслари, Ватан ва истиқлолни, фаровон турмушимизга шукроналикни мадҳ этувчи, мумтоз ва ўзбек бастакорлари томонидан яратилган санъат асарлари йиғилганларга манзур бўлди.
Анъанавий ижрочилик йўналишида форишлик Гулсанам Камолова, эстрада қўшиқчилиги йўналишида арнасойлик Мансур Сояқулов биринчи ўринга муносиб топилди. Рақс ва чолғу ижрочилик­ларида ғаллаороллик Чинора Аблаева, Савриддин Сафаровга тенг келадигани топилмади.
Мирзачўллик Фарҳод Эгамов, зарбдорлик Тошпўлат Рустамов «Ғалабага бўлган интилиши учун», зоминлик Неъмат Ҳамидов, зафарободлик Сайёра Турсунова «Фаол иштироки учун» номинацияларини қўлга киритдилар.
Ғолиблар ташкилотчилар ҳамда ҳомийларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Абдуманноп АЗИМОВ,
«Ishonch» мухбири

 

***

Навоий шаҳридаги «Ширин» маданият саройида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан «Санъатим сенга, обод юртим!» ижодий кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир вилоятдаги корхона, ташкилот, муассаса, фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган, кичик бизнес ва тадбиркорлик, касаначилик билан шуғулланаётган меҳнаткашлар ҳамда бадиий ҳаваскорликка иқтидори бўлган ишчи-ходимлар ўртасида ўтказилди.
Қатнашувчилар «Анъанавий ижрочилик», «Эстрада қўшиқчилиги», «Чолғу ижрочилиги» ва «Рақс ижрочилиги» йўналишларида беллашишди. Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, таълим соҳасида фаолият юритаётган хатирчилик М.Мўминова, «Навоийазот» АЖ ходими С.Собиров ҳамда «Қизилқумцемент» АЖ ходими Р.Ашуровлар биринчи, Томди туманида яшовчи тиббиёт ходими Р. Алмахонов, «Қизил­қумцемент» АЖ ходими Д. Қосимова ва Навоий шаҳридаги 8-мактаб ўқитувчиси Б.Бобожоновалар иккинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Г.Асадова, Д.Ходжамова ҳамда Н.Аҳмедовлар учинчи ўринга сазовор бўлишди.
– Санъат – сеҳрли олам, – дейди «Навоийазот» АЖ ходими, биринчи ўрин соҳиби С.Собиров. – Юракдан ижро этилган қўшиқлар инсонни гўзалликка бошлаши, қалб изтиробларига малҳам бўлиши бежиз эмас. Танловда иштирок этганимдан ниҳоятда хурсандман. Бу санъатга бўлган қизиқишимни янада кучайтирди.
Тадбир сўнгида ғолиблар вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Норимхол НУРМОНОВА,
Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси
бўлим мудири

Бошқа хабарлар