Юрт ободлигига дахлдорлик туйғуси кучаймоқда

480

Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, одамларда ўзгача кайфият ҳукмрон эканлигини кўрасиз. Ободлик уйлардан ўйларга кўчгани уларнинг ҳар бир гапида акс этади. Ҳа, маҳалла обод бўлса, ўша ерда яшаётган инсонлар саодатга эришади. Элда тўкинлик, фаровонлик ҳукм суради. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари замирида айни шу ҳақиқат мужассам. Одамларга муносиб шароит яратиш, уларни ҳаётдан рози қилиш йўлидаги Манасдан бошланган бу эзгу ишлар ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб қанот ёзди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб «Обод маҳалла» дастури доирасидаги ишлар билан яқиндан танишди. Туман фаоллари билан учрашув чоғида турмуш тўкинлиги, кишилар саломатлиги, аҳоли бандлигини таъминлайдиган ушбу дастурнинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари, тўй-ҳашамларни дабдабадан холи, ихчам ўтказиш борасида берган тавсиялари халқимизнинг дилидаги гап бўлди. Туманда шу йўлда муҳим қадамлар ташланаётгани баъзи маҳаллалар раислари фикрларида ўз ифодасини топди:

 

Ҳайдарали ҲАКИМЖОНОВ,
Олмазор туманидаги
«Юқори Бешқўрғон» МФЙ раиси

Элда бир гап бор: қўшнинг тинч — сен тинч. Қўни-қўшни тинч, аҳил-иноқ жойда барака бўлади, оқибат бўлади. Халқимиз азалдан бир-бирининг иссиқ-совуғидан хабар олиб яшаган. Тандирдан чиққан иссиқ нонини, аввало, қўшнисига илинган. Бир майизни бўлиб еб, бамаслаҳат иш қилишган. Шу сабабли ҳар қандай муаммо жойи­­да ҳал бўлиб кетаверган. Чегарадан чиққанига эса иккинчиси қилган иши-ю, бажарган аъмоли, ширин сўзи билан ўрнак бўлиб келган.
614 та хонадонда 3867 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалламизда, аввало, шу тамойилга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир уйнинг паспорти юритилиб, нечта киши яшаши-ю қийнаётган муаммоси ёзилиб, ҳал этиб борилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, қариялар ҳолидан доимий хабар олиб турамиз. Оқсоқоллар, кўчабошилар билан ҳамфикрмиз.
Кимдир яхши ният билан халққа дас­турхон ёзмоқчи бўлса, аввало, «кенгашли тўй тарқамас», дея бизга маслаҳат солади. Уларга тўйни ўтказиш борасида ўз фикрларимизни айтамиз. Дабдабанинг кишига ҳеч нарса бермаслиги, овозаси қачондир унут бўлиши, унга кетган харажатга ёшларга нимадир олиб берилса, ҳам у наф бериши-ю, ҳам мулк бўлиб қолиши ҳақидаги гапларимиз бесамар кетмаяпти. Буни амалда кўриб турибмиз. Яқинда маҳалламиздан қиз чиқардик. Ошда 120 нафар киши бўлди.
Мебель масаласида ҳам тўғри тушунча ­беряпмиз. Уни куёв томон қилишни ўз бўйнига оляпти. Айниқса, тўйни битта санъаткор билан мазмунли ўтказишни маъқул топишяпти. Тез орада «бирров» дегани ўтмишда қолса, ажаб эмас. Аслини олганда элимиз ҳақ гапни, албатта, тушунади. Биз фақат гапни қандай етказиш йўлини билсак бас.
Президентимиз ташрифидан беҳад суюндик. Аҳоли мамнун. Ҳар бир ишга меҳр билан бош қўшишяпти. Тез орада замонавий маҳалла биноси қад ростлайди. Тадбиркорлар томонидан гўзаллик салони, нов­войхона, пойабзал ва маиший техникалар таъмирлаш устахоналари, спорт маркази каби савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш бўйича аҳолига қулайлик туғдирадиган турли таклифлар тушмоқда. Айни пайтда бу борада муҳим қадамлар ташланяпти. Бу йўлда маҳалла аҳли билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиляпмиз.

Абдували УМАРЖОНОВ,
Олмазор туманидаги «Тепагузар»
МФЙ раиси

Маҳалламизда 5000 нафардан ортиқ аҳоли 27 та кўп қаватли уйда истиқомат қилади. Кўп йиллар давомида ҳудудда ободонлаштириш, суғориш тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш, чиқинди уюмларидан тозалаш каби қатор муаммолар йиғилиб қолган эди. Айни кунларда «Обод маҳалла» дастури асосида мазкур муаммолар бартараф этилмоқда. Кўп қаватли уйлар атрофи, ирригация тармоқлари тозаланиб, сув йўллари очилди, чиқиндилардан тозаланди, дарахтларга шакл берилди.
Қурилаётган дам олиш айвончалари, болалар ўйингоҳлари фуқаролар учун узоқ кутилган орзуларнинг рўёби бўлди. Чунки маҳалла аҳолисининг эҳтиёжларини ўрганиш давомида кўп қаватли уйлар атрофида биттагина болалар майдончаси борлиги, у ҳам талабга жавоб бермаслиги аниқланган эди. Шундан сўнг «Обод маҳалла» дас­тури доирасида таъмирга муҳтож болалар майдончасини реконструкция қилиш ва 8 та янги болалар майдончаси, битта бадминтон майдончасини қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Дарвоқе, ҳозирги пайтда битта болалар майдончаси ҳамда кексаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун «Оталар чойхонаси» фойдаланишга топширилди. Янги болалар майдончалари қурилиши жажжиларнинг кўпроқ вақтини тоза ҳавода ўтказиш, жисмоний тарафдан ривожлантирувчи ўйинлар ўйнаш, тенгдошлари билан кўпроқ мулоқотда бўлиши учун айни муддао бўлади. Лекин баъзи кичик муаммолар ҳам йўқ эмас. Айрим фуқароларнинг қилинаётган ишлар кўлами ва сифатига эътиборсизлиги боис ҳали қурилиши якунланмаган болалар майдончаси ҳудудига зиён етказилиш ҳолатлари учраб турибди. Давлат мулкига, аҳоли фойдаланиши учун беминнат қуриб берилаётган бу каби мас­канларга бепарво муносабатда бўлиш ярамайди. Зеро, ўйлар ўзгармасдан туриб, уйларимиз ўзгариши даргумон. Бундай пайт­­да кузатув камералари ёрдамга келади. Айни пайтда улардан 40 та бор. Яна 60 тага эҳтиёжимиз бор. Бу каби муаммолар тезда барҳам топиши шубҳасиз.
Умуман, ҳудудимизда амалга оширилаётган кенг кўламли таъмирлаш ишлари, аҳоли учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда янгиланишлардан маҳалла аҳли хурсанд. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, шубҳасиз, фуқаролар ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамламоқда.

Бошқа хабарлар