Ёш, фаол ва ташаббускор

71

Пойтахтимиздаги Инҳа университетида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си, Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда «Энг фаол ёш дас­турчи» танловининг тармоқ республика босқичи иштирокчиларини тақдирлаш маросимини ўтказди.

Танловда мутлақ ғолибликни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг «Дас­турий таъминот» кафедраси доценти в.б. Ортиқ Рўзибоев эгаллади.
ТАТУ Қарши филиали мустақил тадқиқотчиси Фируза Ачилова иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, университетнинг Нукус филиали ассистент-ўқитувчиси Азизбек Қодировга учинчи ўрин насиб этди.
Ғолиб­ларга диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.

***

«Ўзкимёсаноат» АЖда «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг «Йилнинг энг фаол ёш кимёгари» номинацияси бўйи­­ча мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Унда тизимдаги корхона ва ташкилотлардан ҳудудий босқич ғолиблари бўлган 10 нафар ёш кимёгар инновацион ғоя ва илмий-техник лойиҳалари билан қатнашди.
Тадбирда мамлакатимизда навқирон авлодни маънан етук, жисмонан соғлом вояга етказиш, ёшларда ватанпарварлик ва жамиятимизда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш, иқтидорли ёш мутахассисларни рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан турли кимё­вий усуллардан сифатли ва самарали фойдаланишнинг замонавий технологиялари намойиш этилди. Юртимизда кимё соҳасини янада ривожлантириш борасидаги турли инновацион ишланма ҳамда ихтиролар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Кўрик танлов натижаларига кўра, 1- ­ўринни «Навоийазот» АЖ ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ва маҳаллийлаштириш бошлиғи Хотам Ёриев эгаллади. Иккинчи ўринга эса «Фарғонаазот» АЖ мутахассиси Отабек Мадаминов муносиб кўрилди. «Максам-Чирчиқ» АЖ Катализатор цехи бошлиғи Арсен Алиев ҳамда «Деҳқонобод калий заводи» МЧЖ муҳандиси Муродулла Пўлатов 3-ўринни банд этишди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***

Пойтахтимизда «Энг фаол ёш энергетик» кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови доирасида «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ҳамда Ўзбекис­тон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда ёшлар ўз инновацион ғоялари, ихтиро ва таклифлари билан қатнашдилар.
Қуйи босқичларда тизимдаги корхона ва ташкилотларнинг 35 ёшгача бўлган мутахассисларидан 120 нафарга яқини иштирок этган бўлса, уларнинг 19 нафари рес­публика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлишди. Танловга тақдим этилган ишлар бир қатор мезонлар бўйича нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Натижаларга кўра, «Янги Ангрен ИЭС» АЖ ходими Азиз Раҳмонов биринчи ўринни эгаллади. «Навоий ИЭС» АЖ ходими Аслон Аслонов иккинчи, «Ўзэлектртармоқ» унитар корхонаси ходими Умиджон Баратов учинчи ўринга муносиб кўрилди.
– Мамлакатимизда инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор замонавий технологияларга бўлган қизиқишимизни янада ошириш билан бирга, илмий тадқиқотларимизни кенг жамоатчиликка намойиш этиш имкониятини ҳам бермоқда, – дейди «Yangi Angren IES» АЖ ишлаб чиқариш техник бўлими бош­лиғи ўринбосари Азиз Раҳмонов. – Лойи­ҳам асосидаги янги технология ёрдамида экологияга кўмак берамиз. Яъни углерод таркибли ёнувчи чиқиндиларнинг қоришмасидан фойдаланиб, электростанцияларда сарфланаётган кўмир ва табиий газларнинг маълум қисми ўрнида ёқилғи сифатида фойдаланилади. Бу электр энергияси таннархининг камайиши ва экологиянинг яхшиланишини таъминлайди. Шунингдек, мазкур технология кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ер ландшафтлари ва суюлтирилган азотнинг электростанция совутиш тизимининг яхшиланишига кўмак беради.
Кўрик-танлов якунида ғолибларга ­диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди. Биринчи ўринни эгаллаган ғолиб эса Ўзбекистон касаба уюшмалари республика Форумида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.

Анвар ҚОБИЛОВ

Бошқа хабарлар