БОЛА ПАРВАРИШИ ТАЪТИЛИДАГИ АЁЛНИНГ ИШ ЎРНИ

202

Мен туғруқ таътилига чиқишимга қадар хусусий корхонада ишлар эдим. Таътилдан қайтиб келганимдан кейин ўз ишимни давом эттирмоқчи бўлдим. Бироқ йўқлигимда ўрнимга бошқа ходим олингани учун мени бош­­қа ишга ўтказишмоқчи. Хусусий бўлишидан қатъи назар, туғруқ таътилидан олдин бажарган вазифамга қайтишим мумкинми?

Жамила ҲИКМАТОВА,
Зангиота тумани

Амалдаги бир қатор қонуний асос­ларга кўра, бунга тўлиқ ҳаққингиз бор. Жумладан, «Хусусий корхона тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида хусусий корхона (иш берувчи) ва хусусий корхонанинг ходими ўртасидаги ўзаро муносабатлар, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат шартномаси (контракт) билан тартибга солиниши айтилган.
Меҳнат кодекси 1-моддасида меҳнат тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис қарорлари, Президент фармонлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Жўқорғи Кенгес қарорлари, Ўзбекис­тон Республикаси Ҳукуматининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик ва ижроия органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлардан иборатлиги қайд этилган.
Шу билан бир қаторда айнан шу моддада мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда, шунингдек, айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган жисмоний шахс­ларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиниши белгилаб қўйилган.
Қайд этилган Кодекснинг 234-моддасида эса ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда тегишли қонунларда белгиланган тартибларда нафақа тўланиши ҳамда аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил бериш тартиблари қайд этилган.
Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши кафолатланган.

Саволларга касаба
уюшмалари Федерацияси Кенгаши
юридик бўлими мудири
Ҳамидулло ПИРИМҚУЛОВ жавоб берди.

Бошқа хабарлар