МЕҲНАТ ТАЪТИЛИ «КУЙМАЙДИ»

333

Мен бир корхонада 10 йилдан зиёд ишладим. Кейинги 4 йил давомида меҳнат таътилига чиқмаганман. Ҳозир ишдан бўшамоқчиман. Олдинги йилларда фойдаланилмаган таътилларни «куйди» дейишяпти. Шу тўғрими?

Мухлиса МУХТОРОВА,
Бекобод тумани

Йўқ, бу нотўғри. Ходим томонидан амалиётда бир неча йиллар давомида фойдаланилмай қолган меҳнат таътиллари айни ҳолатдаги каби иш берувчилар томонидан нотўғри талқин этилади. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Меҳнат кодексининг 151-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Олий Суднинг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-сонли Пленум Қарорининг 48-бандида ҳам ушбу масалага эътибор қаратилган.
Сизга меҳнат шартномаси бекор қилинганда олдинги йилларда фойдаланилмай қолган барча асосий ҳамда қўшимча таътиллар учун тегишли миқдорларда пуллик компенсация тўланиши зарур. Бунда меҳнат шартномаси қандай асосларга кўра бекор қилингани масала моҳиятини ўзгартирмайди.

Бошқа хабарлар