Форумдан катта таассурот ва тажрибалар билан

58

Беларусь Респуб­ликасининг Минск шаҳрида бўлиб ўтган «Халқаро касаба уюшмалари ёшлар ўқув Форуми»дан Ўзбекистон ёшлари номидан тузилган делегация катта таассурот ва тажрибалар
билан қайтди.

Форум иштирокчилари гуруҳларга ажралган ҳолда иш олиб борди. Беларусь касаба уюшмаси Федерацияси штаб-квартирасида Форумнинг очилиш маросими ўтказилди. Беларусь касаба уюшмаси раҳбарияти, давлат органлари, жамоат арбоблари ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокидаги мунозара платформаси доирасида юртимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати ва бу борадаги мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқларимиз ҳақида ҳамроҳимиз Темур Мамажонов тақдимот
ўтказди.

Беларусь касаба уюшмаси экскурсион кўргазмасига ташрифимиз ҳам ўзига хос бўлди.
«Етакчиликни ривожлантириш, ўзликни намойиш қилиш ва нотиқлик қобилияти» мавзусидаги машғулотлар туркуми эса кўпчилик учун янгиликларга бойлиги билан аҳамият­ли бўлди. Форум доирасида маҳорат дарси ва форум иштирокчилари ўртасида тажриба алмашиш тадбирлари ташкил этилди. Минск шаҳридаги тарихий, маданият ва спорт объектларига ташриф доирасида Беларусь миллий кутубхонаси, М.Горкий номидаги Беларусь маданият ва истироҳат боғи ва «Ратомка» номли Рес­публика от спорти маркази фаолияти билан танишилди. «ТЕМП-дўстлар Форуми» танишув кечаси доирасида хорижлик тенгдош­ларимизга маданиятимиз, санъатимиз ҳақида маълумот бердик.

Хусусан, делегация аъзоси М.Зоҳидов «Андижон полкаси» рақси, «Чойхона» ва «Ялла» қўшиқлари билан барчанинг олқишига сазовор бўлди. Тадбирда «Евровидение» халқаро танлови ғолиби – «NaviBand» гуруҳи ўз қўшиқлари билан иштирок этди.
Форумнинг навбатдаги кунида иштирокчилар Беларусь касаба уюшмаси Федерациясининг Халқаро университети – МИТСО фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда «Медиация ва музокаралар олиб бориш» мавзусидаги машғулотларда қатнашишди. «Дўстлик дарахти» акция форумида иштирокчилар томонидан МИТСО халқаро университетининг ички ҳовлисида кўчат ўтқазилди.
Беларусь катта театрига ташриф доирасида театр бўйлаб экскурсия бўлиб ўтди ва Жакомо Пуччинининг «Богема» операсини томоша қилдик.
Форум иштирокчилари учун вилоятларга ташриф дас­тури ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Хусусан, Могилев вилоятининг Бобруйск шаҳридаги «Белшина» ОАЖда меҳнат шароитлари, ижтимоий шериклик ва ёшлар учун имтиёз, кафолатлар, жамоа шартномаси тузиш, меҳнат унумдорлигини ошириш борасида масъуллар билан савол-жавоблар ўтказилди.
Форум иштирокчиларининг кейинги манзили – Рогачев шаҳрида жойлашган «Рогачев МСС» ОАЖ бўлди. Меҳнат жамоаси ҳаёти ҳамда Рогачев шаҳри билан танишувдан сўнг «Белпрофсоюзкурорт» унитар корхонаси иши билан яқиндан танишдик.
Форум доирасида Беларусь металлургия заводига ҳам бордик. Шундан сўнг ёш фаоллар иштирокида Красный Берег қиш­лоғидаги ёдгорлик мажмуасига гул қўйиш маросими ўтказилди.
«Динамо» стадионида эса Беларусь спортчилари билан учрашув ташкил этилди ҳамда «Тинчлик ва халқлар дўстлиги» шио­­ри остида енгил атлетиканинг югуриш тури бўйича марафон бўлиб ўтди.
Республика касаба уюшмалари маданият саройидаги йиғилишда Форум натижалари жамланиб, минтақавий дастур ­бўйича ҳисоботлар тингланди.
Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга ажралган ҳолда интерактив мусобақалар ўтказилди.
Умуман, Форум ҳар бир иштирокчи учун янгиликлар бериш баробарида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, ёшлар сиёсати борасидаги афзалликларимизни намоён этишга имконият бўлди. Хусусан, ёшлар ташаббусларига эркинлик берилаётгани, инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга жорий этишдаги ютуқларимиз, таълим тизимидаги янгиланишлар ҳақидаги маълумотлар кўпчилик тенгдошларимиз, касаба уюшма фаоллари учун қизиқарли бўлди.

Алихон АКРАМОВ,
Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси

 

Бошқа хабарлар