ҲИСОБЧИНИНГ ҲАРАКАТИ ТЎҒРИМИ?

499

— Менга 2014 йил август ойида 127 000 сўм ортиқча иш ҳақи тўланган экан. Ўтган йилнинг декабрь ойида мени огоҳлантирмасдан ушбу ортиқча тўлов иш ҳақимдан ушлаб қолинди. Ҳисобчининг шу ҳаракати тўғрими?

Гавҳар ИБРОҲИМОВА,
Қамаши тумани

Меҳнат кодексининг 164-моддаси ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган бош­қа талабларга биноан фақат ходимнинг ёзма розилиги билангина бу тўловни унинг иш ҳақидан ушлаб қолишга рухсат этилади. Бундай розилик бўлмаган тақдирда эса суднинг қарорига асосан, ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин.
Тегишли қонун талабига кўра, айрим ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади. Хусусан:
– белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;
– суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини амалда қўллаш учун;
– иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжлари, хизмат сафарлари ёки бошқа жойга ишга ўтгани муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган маблағни қайтариб олиш учун. (Бундай ҳолларда иш берувчи авансни қайтариш ёки қарзни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёхуд ҳақ тўлаш нотўғри ҳисоб­лаб чиқарилган кундан бош­лаб бир ойдан кечиктирмасдан аванс ёки қарзни ушлаб қолиш ҳақида фармойиш беришга ҳақли. Агар ушбу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим хўжалик эҳтиёжлари, хизмат сафарлари ёхуд бошқа жойга ишга ўтгани муносабати билан берилган авансни ушлаб қолишни асоссиз ёки пул миқдорини нотўғри деб ҳисобласа, у ҳолда, қарз суд орқада ундирилади).
– ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамай туриб, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, таътилнинг ишланмаган кунлари учун ҳақ тўлаш МКнинг 89-моддаси тўртинчи қисмига асосан амалга оширилади. Яъни ходим янги иш шароитларида ишлашни рад этгани сабабли МКнинг 100-моддаси иккинчи қисмининг 1 ва 2-бандларига мувофиқ технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгариш­лар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳаж­мининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани, ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги, МК 106-моддасининг 1-, 2- банд­ларига биноан ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда, шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда (тегиш­ли асосларга кўра), шунингдек, ўқишга киргани ёки пенсияга чиққани муносабати билан бекор қилинганда ушлаб қолинмайди;
– ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса;
– МКнинг 181-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун.
Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ошиб кетмаслиги керак.
Таъкидлаш жоизки, агар сизга ортиқча тўланган иш ҳақи ҳисоблаб чиқариш натижасида эмас, балки қайсидир қонуний ҳужжатни ёки иш берувчининг буйруғини ёхуд бошқа бир меъёрни қўллаш натижасида юзага келган бўлса, бу ортиқча тўлов фақат сизнинг розилигингиз билан қайтариб олиниши мумкин. Агар ортиқча тўлов айнан арифметик ҳисоб натижасида юзага келган бўлса, иш берувчи уни қайтариб олиш ҳақида тўлов амалга оширилгандан кейин бир ой ичида фармойиш беришга ҳақли эди. Аризангизда келтирилган санадан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунда бу муддат ўтиб кетгани сабабли қайтариб олиш масаласи фақатгина суд орқали ҳал қилиниши мумкин.

Бошқа хабарлар