КАРВОНБОШИ

40

Ҳозирги Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганган ва жилд-жилд илмий асарлар ёзган олимлар оз эмас. Аммо Ўзбекистон тарихини археологик қазилмалар чоғида топилган осори атиқалар асосида тадқиқ этган олимлар бармоқ билан санарли. Шу кунларда таваллудига 110 йил тўлган забардаст тарихчи-археолог олим Яҳё Ғуломов ана шундай олимларнинг биридир.

1908 йилнинг баҳорида туғилган олим ХХ асрнинг барча муҳим воқеаларини бошидан кечирди. 11 ёшида отасидан етим қолган йигитча болалар уйи­­да тарбияланиб, шу ердаги мактабнинг 6-синфини тугатди. Бўлажак олим Миртемир, Мирзакалон Исмоилий, Илёс Фозилов, Олим Аминов сингари машҳур шахслар билан бирга Ўлка ўзбек эрлар билим юртида таҳсил олди. Билим юртининг «Ёш куч» ва «Шапалоқ» газеталарида мақола ва ҳажвиялари билан қатнашди. У меҳнат фаолиятини талабалик йилларидаёқ бошлаб, педагогика билим юртида ўқитувчи (1931-1932), Ўзбекистон осори атиқаларини сақлаш қўмитасида илмий ходим, илмий котиб (1933-1940), Тарих, тил ва адабиёт институтининг археология бўлимида мудир (1940-1943), 1943 йилдан бошлаб Ўзбекистон ФА Тарих ва археология институтида бўлим мудири, 1956 йилдан бошлаб эса директор лавозимларида фидойиларча хизмат қилди.

Шу даврдаги ўқув муассасаларини замонавий дарслик ва қўлланмалар, тегишли ўқув қуроллари ҳамда лабораториялари билан таъминланган ҳозирги ўқув юртлари билан асло қиёслаб бўлмайди. Аммо ўша машаққатли йилларда таълим олган ёшлар орасидан шундай забардаст олимлар, ёзувчилар, шифокорлар ва бошқа соҳа вакиллари бодроқдек отилиб чиққанки, бунга қойил қолмай илож йўқ. Шу кеча-кундузгача Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Мўминов, Иззат Султон, Яҳё Ғуломовга тенг келадиган олимларнинг йўқлиги кишини ўйлантириб қўяди. Бунинг сабабларидан бири ўша йиллардаги ёшларга хос меҳнаткашлик, интилувчанлик ва фидойилик бўлса, иккинчиси… балки уларнинг мадрасада Фаробий, Замахшарий, Берунийдек араб ва форс тилларини мукаммал ўзлаштириб, шу тиллардаги илмий адабиётни ҳам пухта билганимикин?!

Ўтган асрнинг 30-йилларида Ўзбекистонда кенг кўламда амалга оширилган қурилишлар, турли тарихий воқеалар билан боғлиқ тепаликларнинг бузилиб, экин майдонларининг кенгайтирилиши амалий фан вакилларидан археологик экспедицияларни ташкил этиб, ер ости қатламларида яширинган сирларни махсус ўрганишни тақозо этди. Олим 1933 йилда профессор М.Е.Массон раҳбарлигидаги Термиз, 1934 йилда профессор А.Ю.Якубовский раҳбарлигидаги Зарафшон археологик экспедицияларида иштирок этди. 1936 йилдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона водийсидаги археологик экспедицияларга раҳбарлик қилди. 1938-1950 йилларда эса Мос­ква давлат университети профессори С.П.Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археология-этнография экспедициясида бошлиқ ўринбосари сифатида қатнашиб, Хоразмнинг суғорилиши, деҳқончилик ва шаҳар маданиятининг шаклланиши ва бошқа муҳим илмий масалаларга доир ноёб материалларни тўплади.
Тақдир ўзбеклар орасидан биринчи бўлиб тарихчи-археолог ихтисослигини эгаллаган Яҳё Ғуломов зиммасига ўзбек археология мактабининг асосчиси бўлиш шарафи ва машаққатларини юклади. У 1943 йилда «Хива ва унинг ёдгорликлари» мавзуидаги номзодлик, 1950 йили эса «Хоразмнинг қадимги даврлардан ҳозиргача суғорилиши тарихи» мавзуидаги докторлик диссертацияларини ёқлади. Яҳё Ғуломовнинг докторлик диссертацияси асосида ўзбек ва рус тилларида нашр қилинган «Хоразмнинг суғориш тарихи: қадимги замонлардан ҳозиргача» деб номланган монография­­си ўзбек тарихшунослик фани тараққиётига қўшган салмоқли ҳисса сифатида юқори баҳоланади. Катта шов-шувларга сабаб бўлган Замонбобо қабрининг топилиши унинг номи билан боғлиқ. Тошкент шаҳридан 70 км. нарида жойлашган Оби Раҳмат қишлоғидаги кўп қатламли ғор, Фарғона водийсида эса фанга номаълум палеолит ва неолит даврларига оид қароргоҳларнинг кашф этилишида ҳам унинг хизматлари оз эмас.
1966 йилдаги Тошкент зилзиласидан сўнг Ўзбекистон пойтахти улкан қурилишлар майдонига айланган вақтда у Шарқнинг кўҳна шаҳарларидан биридаги археологик обидаларни қайд этиш ва ўрганиш мақсадида тузилган археологик экспедицияга раҳбарлик қилди.
Йирик олимларимиз бисотида салмоқли рисолаларнинг озлигини кўрган ёшлар ҳайрон бўлиши мумкин. Ҳолбуки, янги ўзбек фани тетапоя қила бошлаган даврда фан оламига кириб келган олимларнинг қарийб ҳар бири ўз соҳасининг карвонбошиси бўлган. Уларнинг ҳар бири ўнлаб юқори малакали шогирдларни тарбиялабгина қолмай, балки диссертациялардан ташқари, шундай илмий мақолаларни ёзганки, уларнинг ҳар бири катта илмий-амалий аҳамиятга молик кашфиёт бўлган. Агар Яҳё Ғуломовнинг илмий асарларига назар ташласак, қуйидаги ғаройиб манзарани кўрамиз: «Қадимият изидан (Қадимги хоразмлик зороасрийларнинг Кўба-таудаги қабрларининг очилиши)» (1937), «Мирзо Улуғбек мад­расаси шимоли-шарқий минорасининг тўғриланиши» (1938), «Қадимги Пойқанд», «Қизилқумдаги қадимги маданият излари» (1939), «Туркистоннинг рус чоризми томонидан босиб олиниши тарихи бўйича янги манба» (1941), «Қорақалпоғистондаги ирригация тарихига доир» (1945), «Бағдод шаҳарчаси» (1946), «Қадимги Жиззах», «Навоий даврини ўрганишга доир» (1948), «Шаҳрисабздаги Жаҳонгир сағанаси» (1949), «Беруний Амударёнинг қуйи оқими тарихий гидрогеографияси тўғрисида» (1950), «Қадимги сакс уруғлари» (1957). Бу мақолаларнинг ҳар бири – йирик тадқиқот, илмий янгилик, кашфиётдир.

Яҳё Ғуломов сингари устозларнинг аксар вақти илмий жамоалар томонидан ёзилган фундаментал асарларга муҳаррирлик қилиш ёки уларнинг майдонга келишида таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида ёрдам бериш билан кечган. Олим айрим муаллифлар ва илмий жамоалар томонидан ёзилган 20 тадан зиёд фундаментал тадқиқотларга муҳаррирлик қилган. Ўша йилларда ҳукм сурган тартибга кўра, шундай асарларнинг бир қисмини москвалик олимлар назаридан ўтказиш лозим эди. Ўзларини барча илмий муаммолар бўйича ягона ҳакам деб ҳисоб­лаган мос­квалик олимлар эса ўзбек халқининг ўз тарихи, маданияти масалаларига мустақил ёндашиш ҳуқуқи борлигини хаёлларига ҳам келтирмаган. Айниқса, Ўзбекистон тарихининг кўп жилдлик нашрларини амалга оширишда Ўрта Осиёнинг чор қўшинлари томонидан босиб олиниши билан боғлиқ масалалар талқинида бирдамликка эришиш осон бўлмаган.

1955 йили Тошкентда «Ўзбекистон ССР тарихи»нинг I жилди рус тилида нашр этилган. Шу асар нашр этилишидан аввал Яҳё Ғуломов билан Рашид Набиев жилд муҳаррирлари этиб тайинлангани учун қўлёзмани кўтариб Москвага борган. Москвалик олимлар қўлёзма билан танишганларидан сўнг улардан рус истилоси ва бошқа масалалар талқинини бутунлай қайта кўриб чиқишни талаб қилишган. Маълум бўлишича, ўша кунларда Москвадаги Ижтимоий фанлар академияси аспирантурасида ўқиган Матёқуб Қўшжонов юртдошларидан ўқтин-ўқтин хабар олиб турган. Шундай зиёратларнинг бирида машҳур ўзбек тарихчиларини хуноб бир ҳолда кўрган бўлажак таниқли адабиётшунос «Илмий виждон» деган хотирасида бундай ёзган:
«…Яҳё ака яна бир оз давом этган сукунатни бузиб, гап бошлади:
– Бу дейман, ўртоқларингиз (бу ерда қўлёзмани ўқиган москвалик олимлар назарда тутиларди) қаёқдаги талаб­ларни олдимизга қўйишади-я. «Халқ қ­ўзғолонларини кўпроқ топинг­лар, қўл­ёзмаларда халқ қўзғолонлари жуда кам ёритилган эмиш…
…Яҳё ака гапини давом эттирди:
– Бу ахир илм бўлса, шунча излансак, тинимсиз меҳнат қилсак, халқ қўзғолонларининг барини кўрсатган бўлсак, яна уларга нима керак экан?! Ўзимиздан қўшиб қўйишимиз керак эканми? «Илмий виждон» деган гап ҳам бор-у оламда…»
Москвалик олимларнинг «Халқ қўзғолонларини кўпроқ топинглар», дейиши, халқ қўзғолонларига кўпроқ ўрин берилишини талаб қилишидан мақсад яратилаётган «Тарих» «халқ Ўрта Осиёдаги мавжуд сиёсий-ижтимоий тузумдан, ҳукмрон феодал давлатдан норози эди, Россия шундай бир пайтда маҳаллий халқ иродасини эътиборга олиб, Ўрта Осиёни ўз ҳудудларига қўшиб олди ва бу ердаги халқлар тақдирида прогрессив роль ўйнади», деган фикрни ўтказиш эди. Яҳё Ғуломов ҳам Рашид Набиев ҳам имонли ва эътиқодли олим бўлгани учун бундай фикрни мутлақо қабул қилмаган.
Матёқуб Қўшжонов хотираларида ёзади:
« – Рашид Набиевич, – деб кўзини қисди Яҳё ака дўстига қараб. – Бу ерда ўйлаб кўриш зарур бўлган бошқа бир мураккаб масала ҳам бор… Дунёнинг бирор бурчагида – Вьетнамдами ёки Африкадами – тўртта одам мамлакатни бошқаришни эплай олмаётган ҳукмдорларга қарши ёхуд бостириб кирган чет кучларга қарши милтиқ кўтариб чиқса, «озодлик учун кураш» деб аталади. Бизнинг тарихимизда эса ота-боболаримизнинг қони дарё бўлиб оқса ҳам, ташқаридан бостириб келган истилочиларни «босқинчи» деб атай олмасак…
Яҳё Ғуломов бир оз тин олиб, нафасини ростлагач, деди:
– Қизик, Чингиз босқинчи бўлса, Қутайба босқинчи бўлса, бири – мўғул, бири – араб. Улар ҳақида тарихий ҳақиқат айтилса, ҳатто, бадиий асарлар яратилса-ю, бу ҳақиқат баъзиларга нисбатан айтилмаса?!.»
Шу ерда суҳбатга Рашид Набиев ҳам аралашади.
« – Тошкентнинг таслим бўлиши ҳам ўртоқларни унча қаноатлантирмади, — деди у.
– Қанақа таслим?! Бу гап ҳам ғирт ёлғон-ку! Тошкент одамлар ўйлаганича осонгина таслим бўлган эмас, – дея таъкидлади Яҳё ака гапини давом эттириб. – Ота-боболаримиздан кўп гап­лар эшитганман. Ўша пайтлари (Тошкентнинг босиб олиниши назарда тутилади) ҳозир сувга тўлиб оқаётган Анҳор тошкентликлар ўлиги ва қони билан тўлиб оққан, дейишади. Эндиликда қандоқ қилиб тошкентликлар истилочилар оёғи остида «пояндоз тўшаган», деб айта оламиз?!.»
Матёқуб Қўшжоновнинг бу хотиралари билан танишар эканмиз, яқин ўтмишда Ўзбекистон тарихини, шунинг­дек, ўзбек адабиёти тарихини яратиш осон бўлмагани, яқин тарих ҳақидаги ҳақиқатни айтиш Яҳё Ғуломов сингари виждонли олимлардан катта илмий жасоратни талаб қилгани, унча-мунча олимларнинг бундай жасоратга нафақат қодир бўлмагани, бу ишга қодир кишиларга қарши курашиб, уларни оёқости қилганлари ёдимизга келади.
Академик Яҳё Ғуломов шундай бой билим соҳиби бўлибгина қолмай, бошига қилич келганда ҳам рост гапни айта оладиган, илм-фан муаммоларига бирдан-бир тўғри ечимни топа оладиган, ўз давридан анча илғорлаб кетган забардаст олим, шогирдларини олға етак­лаган карвонбошилардан бири эди.
Шунинг учун ҳам олим мустақиллик йилларида «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Шунинг учун ҳам миннатдор шогирдлар унинг шарафига «Академик Яҳё Ғуломов ўқишлари» деган илмий семинарни ташкил этиб, ҳар йили мамлакатимизнинг турли шаҳарларида Ўзбекистон тарихининг муҳим ва долзарб муаммолари бўйича фикр алмашиб, чигал масалаларни ҳал қилиб келади. Шу тариқа Академик Яҳё Ғуломов ўзбек тарихчи ва археологларининг кейинги авлодларига ҳам карвонбошилик қилмоқда.

Сўнгсўз ўрнида биргина саволга жавоб излашни лозим топдик: улуғ олим хотираси қачон абадийлаштирилиб, унинг араб, лотин, кирилл ёзувларидаги газета ва журналлар саҳифаларида унутилиб келаётган бой илмий мероси қачон тўпланиб, тегишли сўзбоши ва илмий шарҳлар билан нашр этилар экан?!.

Наим КАРИМОВ,

академик

Бошқа хабарлар