Кубок европада қоладиган бўлди

91

Бу ёғи жуда қизиқ бўлди. Чорак финал баҳслари ниҳоясига етгач ярим финалга йўлланмани қўлга киритган жамоаларга қараб, мундиал деганлари наҳотки шу бўлса, деб ким ёқасини ушлаб, ким бошини чангаллаб қолганидан, афсуски, энди кўз юмушнинг сира иложи йўқ.

Таассуф билдиришга эса асос ва важлар истаганча топилади. Италия термаси швецияликлар билан бўлган ўйиндан сўнг тарвузлари қўлтиқдан тушиб, уйда қолишганини ҳали тўла ҳазм қилишга улгурмай, Россияда бўлиб ўтаётган чемпионатда қайд этилган ғалати ва ҳатто айтиш мумкинки, алмойи-жалмойи натижалар қилни қирқ ёрадиган башоратчиларни-да «ўйиндан ташқари ҳолат»га тушириб қўйди. Қани Германия, қани Бразилия, қани Аргентина, Пиреней ярим ороли грандлари – Испания ва Португалияни айтмайсизми, ахир нималар бўляпти ўзи?
Тўғриси, Франция ва Уругвай терма жамоалари чорак финалда тўқнаш келганини билгач, аввалиги икки чемпиондан бири майдонни бош эгиб чиқиб кетишини хаёлдан ўтказган бўлсак-да, беш карра чемпион, мухлислар олами ўйинини кўзи тўрт бўлиб кутадиган, афсонавий футболчилар – Пеле ва Гарринча каби ҳақиқий маънодаги ёрқин юлдузлар вояга етган Бразилия кимсан Бельгиядан енгилади, деб сира ўйламаган эдик.
Шу ўринда Бельгия ва Япония ўртасидаги нимчорак финалида юз берган антиқа ҳолат беихтиёр ёдга тушади. Ўзига хос ўйин услубига эга бўлган кунчиқар мамлакати «чарм тўп» усталари 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгач, хайрият, чорак финалда қитъамиз вакилини ҳам кўрадиган бўлдик, деб қувонмаган эдикми, ахир! Йўқ, осиёликларга хос хотиржамлик панд берибми ёки бельгияликлар намойиш этган шиддаткорона ҳужумлар натижасими сабаб бўлиб, ҳеч кутилмаганда вазият бутунлай ўзгариб кетди – аввалига 1:2 , кейин 2:2 ва охир-оқибат, 2:3 ҳисоби улоқ европалик­лар томонга ўтиб кетганини тарих учун қайд этиб қўйди.
Бельгия терма жамоаси Бразилия билан бўлган учрашувда 2:0 ҳисобида илгарилаб кетгач, хаёлимизда, таъбир жоиз бўлса, Япония билан кечган ўйин­­ни видеотакрор орқали яна кузатишга чоғлангандик. Яъни, Марсело, Неймар каби юлдузлар ўз сўзини айтадиган пайт келди, фақат энди 3:2 ҳисоби Бразилия фойдасига ёзилиш билан ниҳоя топади, деган фикрга борган эдик.
Ҳаммаси ўйлаганимиздек бош­ланди, кўп ўтмай ҳисоб 1:2 бўлди. Яна озгина кутсак… Йўқ, мўъжиза юз бермади. Жаҳоннинг энг довруғ таратган жамоа­­си чемпионлик ва кубок тақдирини ҳал қилишни буткул европалик­ларга топшириб, муддатидан илгари мундиални тарк этди. Шундай қилиб, ярим финалда бунгача Уругвайни 2:0 ҳисобида енгган Франция билан Бельгия ҳамда Швециядан 2:1 ҳисобида устун келган Англия билан… Болқон ярим ороли вакили – Хорватия ўзаро учрашадиган бўлди. «Англия билан» деган сўзлардан кейин нега уч нуқта қўйганимиз сабабини, ўйлаймизки, зукко муштарийларимиз дарҳол тушуниб етишди. Рости, биз ярим финалда Россияни кўриш иштиёқида эдик. Нега деганда… Биринчидан, ҳар қандай мундиал майдон эгалари иштирокида янада қизиқроқ ўтиши тажрибадан маълум. Қолаверса, хоҳлаймизми-йўқми, биз кунда кўриб ўрганганимиз ўзбекистонликларнинг ўйин услуби билан Россия терма жамоасининг тактик ёндашувида қандайдир ўхшашликлар мавжуд. Биз ўйлагандикки, агар россияликлар шаҳдам одимлашда давом этсалар, демак, биз ҳам тўғри йўлдан кетаяпмиз, агар омад кулиб боқмаса…
Гарчанд асосий ва қўшимча вақтларда мувозанат тенг (ҳисоб 2:2) бўлиб, пеналтилар сериясидагина ўйин бой берилганига қарамай, бу ҳали олдинда ечимини кутаётган муаммолар талайгина эканлигини кўрсатиб қўйди.
Лекин, бу чемпионатнинг қизиғи қолмади, дегани эмас. Аксинча, ҳаммаси энди бошланади. Кўрамиз, ҳам Жаҳон чемпионати, ҳам қайсидир маънода Европа биринчилигига айланиб кетган баҳслар, охир оқибат нима билан якун топаркин?
Дарвоқе, яна бир қизиқ жиҳат шундаки, ярим финалга йўл олган жамоаларнинг иккитаси – Англия ва Франция муқаддам чемпионлик шарафига эришган, яна икки жамоа – Бельгия ва Хорватия даъвогарлар сифатида ҳали ўзларини кўрсатишларига тўғри келади.Чамалаб, ҳар томонлама таҳлил қилиб кўрайлик-а, қайси томоннинг қўли баланд келаркин? Франциями, Бельгиями ёки…
Яна озгина сабр қилсак, барча-барчасига ойдинлик киритилади? Бизнинг мақсадимиз эса битта – футбол ривожланишда давом этсин, зеро, жозибали нарсаларгина кишида иштиёқ уйғотади, эртани умидворлик билан кутиб олишга кўникма ҳосил қилишда кўмаклашади…

З.РИХСИЕВ

Бошқа хабарлар