Марғилонда янги маънавият ўчоғи

89

Фарғона тупроғида туғилиб ўсган ижодкорлар ҳақида сўз кетар экан, давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев таъкидлаганидек, «… Маънавий ҳаётимиз тарихида сўнмас из қолдирган Увайсий, Нодира, Анбар Отин, Дилшод Барно, Гулханий, Муқимий, Завқий, Чархий, Собир Абдулла каби мумтоз сиймоларнинг ҳар бири ҳақида «Фарғона тонг отгунча» гапириш мумкин».

Шулар қаторида халқимизнинг атоқли шоири, буюк ижодкор Ўзбекис­тон қаҳрамони — Эркин Воҳидовни ҳам тилга олмасликнинг сира иложи йўқ.
Шу йилнинг 12-13 июнь кунлари Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Марғилон шаҳрида бунёд этилган ижодкорлар боғига келиши қалам аҳли учун унутилмас воқеа бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғини ташкил этиш, боғ марказида эса шоир Эркин Воҳидов ҳайкалини барпо этиш таклифини илгари сурган эди. Шу асосда бу ерда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Орадан кўп ўтмай Марғилон шаҳрининг қоқ марказида сўлим гўша бунёд этилиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, Марғилонда янги маънавият ўчоғи барпо этилди.
Майдони қарийб 17 гектардан иборат боғ марказида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилган. Бундан ташқари боғда Эркин Воҳидов номидаги мемориал музей, истеъдодли ёшлар мактаб-интернати, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими, турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 1500 ўринли амфитеатр, ош маркази, Нуронийлар маскани ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрин олган. Панноларда Эркин Воҳидов ҳамда халқимиз суйган бошқа ёзувчи ва шоирлар ижодидан мисралар келтирилган. Боғ узра шеърий тўпламлардан аудио парчаларнинг жаранглаб тургани кишига ўзгача кайфият улашади.
Боғ ҳудудида Эркин Воҳидов номидаги ижтимоий фанлар йўналишидаги истеъдодли ёшлар мактаб-интернатининг ташкил этилиши ёш ижодкорлар учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Келгусида бу зиё маскани буюк ижодкорларнинг етишиб чиқиши учун мустаҳкам замин бўлиши шубҳасиз. Ушбу даргоҳда ёшларга ижодий муҳит яратилгани билан бир қаторда бошқа фанларни ҳам чуқур ўргатиш йўлга қўйилган. Дарс жараёнлари онлайн режимида ўтилади. Олис ҳудудлардан келган ёш шоирлар учун ётоқхона ҳам мавжуд.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, боғда Эркин Воҳидовнинг «Gaz-24» русумли шахсий автомобили ҳам жой олган. Маълумот ўрнида айтиш керакки, севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ўтган асрнинг 70-йилларида миллий адабиётимизнинг энг оммабоп асарига айланган «Муҳаббатнома» номли шеърий тўплами бир неча бор қайта нашр этилган ва китобхонлар орасида қўлма-қўл бўлиб мутолаа қилинган. Ушбу китоб учун берилган қалам ҳаққи эвазига шоиримиз «Gaz-24» русумли автоуловини харид қилган. Мазкур автомобил узоқни яқин, оғирини енгил қилиш баробарида қанчадан-қанча буюк асарлар, таржималар яратилганига «тирик гувоҳ» бўлган.
Президентимиз бу маскан ҳақиқий маънавият ўчоғи бўлиши кераклигини, бу ерга ўқувчи ва ёш ижодкорларни кўпроқ олиб келиш зарурлигини таъкидлади. Вилоятда ҳар йили икки маротаба Эркин Воҳидов ўқув кунларини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди. Бу эса халқимизнинг атоқли шоирининг бизга қолдирган бой ижодий мероси ҳаётимизда нақадар муҳим ўрин эгаллашини англатади.
– Бу сўлим гўшада нафақат сайр қилиб ҳордиқ чиқариш, балки Эркин Воҳидовнинг ижоди билан яқиндан танишиш мумкин, – дейди марғилонлик Насиба Шайхова. – Масканнинг бетакрор манзараси ва гўзаллигидан кўнгил равшан тортади. Уйимиз мазкур боғга яқин бўлгани боис ҳар куни невараларимни сайрга олиб чиқаман. Улар бу ерда маза қилиб аттракционларда учишса, мен боғда ташкил этилган «Халқ кутубхонаси»дан китоб олиб мутолаа қиламан. Боғ нафақат биз, марғилонликлар, балки барча фарғоналиклар учун катта совға бўлди.
Ушбу боғ чин маънода ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айланди. Эндиликда бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлиб, улуғ шоирнинг ижодини янада чуқурроқ ўрганиш имконига эга бўлишди.

Жамшид Эргашев,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар