Фозил бобонинг ҳаёт фалсафаси

99

Шаҳрисабз туманидаги «Наматон» қишлоқ врачлик пункти мудири Фозил Бузруков 80 ёшда. У олтмиш йилдан буён шу масканда эл саломатлиги йўлида меҳнат қилади. Уни кўп марта туман ва вилоят миқёсидаги турли тиббиёт муассасаларига ишга таклиф қилишган. Аммо Фозил ака меҳри тушган­қишлоғини ташлаб кета олмади. Кабинетда ўтиришдан кўра, уйма-уй, қишлоқма-қишлоқ кезишни афзал билди. Ҳатто пенсия ёшига етса-да, эл унинг ишдан кетишига йўл қўймади. Эрта-ю кеч беморлар ёки уларнинг яқинлари эшигини тақиллатиб келаверди.

Танаси бошқа дард билмас, дейишади. Аммо Фозил Бузруков кўп йиллик тажрибаси ортидан ҳар қандай беморнинг ҳолатини аниқ ҳис этади, муолажа қилиб, тузатмагунча кўнгли тинчимайди.
–Ўзим Косон туманининг Некўз қишлоғида туғилганман, – дейди Фозил ака. – Қаршидаги тиббиёт билим юртини тамомлаб, 1958 йилда Наматон қишлоғида иш бошладим. Бу пайтда аҳоли ўртасида ичтерлама, қизамиқ ва «сариқ касаллиги» кенг тарқаганди. Гоҳ пиёда, гоҳ от аравада қишлоқларни айланиб, касалликка қарши курашар эдик. «Тез ёрдам» машинаси кам эди. Бемор ­кўплигидан уларга муолажа қилишга улгуриш қийин эди. Баъзан уйга ҳам келолмасдик.
Йиллар давомида юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш ишининг сифати яхшиланди ва юқоридаги хасталиклар билан оғриш аҳоли ўртасида камайди. Аммо иссиқ жон, ҳозиргача уйимга сўраб келувчиларнинг кети узилмайди. Баъзан болаларим: «Бўлди, энди дам олинг. Ёшингиз саксонга кирган бўлса, ўзингизни ҳам ўйланг-да», деб қолишади. Дардига шифо истаб келганларни қандай қайтараман. Ахир, бу иш ҳаётимнинг мазмунига айланган…
«Наматон» қишлоқ врачлик пунктида икки нафар шифокор ва 21 нафар ҳамшира Наматон, Қўштепа, Ғаров, Ўрмонтепа, Келдиҳаёт қишлоқлари аҳлига тиббий хизмат кўрсатади. Ҳамширалар учун ҳар бир қишлоқда кичик тиббиёт хоналари ташкил қилинган бўлса-да, улар бу ерда доимий – эртадан-кечгача ўтирмайди. Аксинча, устоз шифокор Фозил аканинг талаби билан қишлоқма-қишлоқ юриб, ҳар бир уйга кириб, аҳолининг шикоятини ўрганади, беморлар ҳолидан хабар олиб, тозалик-­озодалик, гигиеник шароитларни назорат қилади. Ҳомиладор ва ёш болали аёллар, кексалар, ногиронларнинг аҳволини суриштирар экан, Бузруков ходимининг ишга панжа ортидан қарашига йўл қўймайди. Ҳар бир топшириғининг натижасини мукаммал текширади. Бундай тартиб ходимларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартирди.
– Дадамнинг тиб илмига меҳр қўйгани биз, фарзандларини ҳам четлаб ўтмади, – дейди «Наматон» ҚВП ҳамшираси Дилфуза Бузрукова. – Мен ва Наргиза опам тиббиёт ходими бўлдик. У киши жуда талабчан. Ҳатто, фарзанди бўлсак-да, ишга совуққонлик билан қарашимизга йўл қўймайди.
– Кўз тегмасин, ёшингиз саксонда бўлса-да, тетиксиз, ёшлар қатори ишлаяпсиз. Бунинг сири нимада? – дея сўраймиз Фозил бувадан.
– Жуда кўп қийинчилик кўриб ўсдим, – дейди Фозил ота. – Фарзандларим камоли мени хурсанд қилади. Уч ўғил-у тўрт қизим бор, барчаси ўқимишли, давлат ва жамият ишларида фаол. Невараларим орасида ҳам врач, ўқитувчи, кимёгар, ижодкорлари бор. Бу менга хотиржамлик ато этади, дилим шукронага тўлади. Уч келиним қизимдек бўлиб қолган, куёвларим ҳам ўғилдек азиз. Турмуш ўртоғим атрофимда парвона. Бу бахт эмасми?! Кўнглингиз очиқ бўлса, бировга нисбатан кек сақламасангиз, касбингизни севсангиз, оилангиздан кўнглингиз хотиржам бўлса, ҳеч қачон қаримайсиз…

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар