Боланинг болалигини ўғирламанг!

18

Иш вақти тугагач, одатдагидек шоша-пиша уйга отландим. Ер ости йўлидан ўтиб борар эканман, ногоҳ ўксиб йиғлаётган болакайнинг овози хаёлларимни тарқатиб юборди. Йўлакнинг бир четида қўлчаларини тиззасига қўйганча 7-8 ёшлардаги бола йиғлаб ўтирарди. Болакайга яқинлашдим, бошини силаб, кўз ёшини артдим:

– Ким сени хафа қилди?
У аввал менга ҳадиксираб қаради, сўнгра:
– Мени ойим ҳам, дадам ҳам ёмон кўради. Фақат ичиб олиб, бир-бири билан уришишади.
Бола оиласидаги ота-онасининг бир-бирига бўлган муносабатини, тез-тез бўлиб турадиган жанжалларни айтиб берди. Бир куни онаси ҳатто ҳушидан кетиб қолгани, синглиси билан қўрқиб кетганини айтар экан, маржон-маржон кўзёшлари тит­раб турган қўлчалари устига тушарди.
Боланинг кўзларидан унинг шўхликларга тўла бахтиёр болалиги йўқолиб бораётганини анг­ладим. Юрагим дардга тўлди. Хаёлимдан ўтган фикрни сездирмай ҳали ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, қизалоғимга олган ширинликларни унга узатдим. Болакай бир зумда тенгқурларига қўшилиб, ўйнай бошлади. Унинг қувончини кўриб, қалбимда ажиб енгиллик ҳис этдим.
Ахир, болаларнинг қувончидан-да ортиқроқ нарса борми дунёда?!
…Йўл-йўлакай ўйлаб кетдим: Ўз жигарбандларининг болалигини ўғирлаётган ота-оналар ҳеч мулоҳаза қилармикан? Бу болажонлардан эртага кимлар етишиб чиқади? Улардан эртага яна оқибат кутамизми?

Нозима УМАРОВА

Бошқа хабарлар