ИНСОН КАПИТАЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ УЗИЛИШЛАР

80

Жаҳон банки президенти Жим Ён Кимнинг Америка Қўшма Штатларининг нуфузли «Foreign affairs» журнали сайтида чоп этилган таҳлилий мақоласи

 

Қандай қилиб ҳукуматни инсон капиталига сармоя йўналтиришга ишонтириш мумкинлиги ҳақида

 

Ҳукумат иқтисодий ўсиш­­ни таъминлашга интилар экан физик капитал – муҳташам кўприклар, янги йўллар, замонавий аэропортлар ва бошқа инфратузилмаларни барпо этишга инвестиция киритишга эътиборни қаратади.
Одатда, улар аҳоли саломатлиги, билим ва кўникмалари, таж­риба ва турмуш тарзини ўзида мужассам этган инсон капиталига инвестиция киритишдан унчалик манфаатдор эмас. Бу катта хато, негаки, инсон капиталига инвестиция киритишга нисбатан бепарволик мамлакат рақобатбардошлилигини кескин пасайтириб юбориши мумкин. Зеро, мамлакат иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши учун истеъдодли одамларни тарбиялаш талаб этилади.
Жаҳон банки гуруҳининг бутун фаолияти давомида экспертларимиз иқтисодиётнинг ўсишига хизмат қилувчи, одамларга камбағалликдан халос бўлишга ёрдам берувчи ҳамда ривожланаётган мамлакатлар тараққиётига сармоя киритиши мумкин бўлган ҳар бир жиҳатни ўрганди.
2003 йилда банк «Doing Business» номли илк йиллик ҳисоботини чоп этган ва унда солиққа тортишдан то шартномаларни бажаришгача бўлган ҳар бир мезон бўйича мамлакатларнинг қиёсий таҳлили ўтказилган эди.
Ҳисобот хулосаларини инкор этишнинг имкони йўқ. Сабаби давлат раҳбарлари ва молия вазирлари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар камайиши мумкинлиги билан боғлиқ таваккалчиликка дуч келди. Чунки компаниялар энг мақбул ишбилармонлик муҳитига эга мамлакатларга сармоя киритишни афзал билади. Кейинги 15 йилда «Doing Business» ҳисоботлари 3180 дан ортиқ ислоҳотни амалга оширишга кўмаклашди.
Бугунги кунда банк худди шундай ёндашувни илгари сурган ҳолда, ҳукуматларни инсонларга сармоя киритишга даъват этмоқда. Жаҳон банки гуруҳи вакиллари инсон капитали ходимларнинг кейинги авлоди иши самарадорлигига қандай таъсир кўрсатишини баҳолаш индексини ишлаб чиқмоқда.

Индекс шу йилнинг октябрь ойида Балида бўлиб ўтадиган Жаҳон банки гуруҳининг йиллик йиғилишида тақдим этилади. Унда бугун дунёга келган бола 18 ёшга етганда умид қилиши мумкин бўлган саломатлик ҳолати, шунингдек, таълимнинг сифат ва миқдор кўрсаткичлари акс этади.
Олимлар инсон капиталини ривожлантиришнинг афзалликлари ҳақида кўп нарсаларни билади. Бироқ бу ривожланган давлатларнинг шу йўналишдаги ҳаракатларини жадаллаштиришга ишончли даъват бўла олмади.
Сўнгги ўттиз йилда бой ва қашшоқ мамлакатларда ҳаёт давомийлиги бир-бирига яқинлаша бошлади. Таълим билан қамраб олиш кўрсаткичлари сезиларли равишда ортди. Бироқ муаммолар шу билан барҳам топмади. Беш ёшгача бўлган болаларнинг қарийб тўртдан бири тўйиб овқатланмайди, 260 миллиондан зиёд бола ва ёш мактабда ўқимайди, ривожланаётган мамлакатларда мактаб ёшидаги кичик болаларнинг 60 фоизида ҳамон минимал таълим олиш имконияти мавжуд эмас.

Инсон салоҳиятининг аҳамияти

Инсон капиталининг аҳамиятини бир нечта турли усулларга асосан баҳолаш мумкин. Анъанага кўра, иқтисодчилар буни кўпроқ таълим олган одамларнинг даромади билан ҳисоблар эди.
Тадқиқотлар ҳар бир қўшимча таълим йили инсон даромадини ўртача 10 фоизга оширишини кўрсатди. Бунда таълим сифати ҳам муҳим. Мисол учун, АҚШдаги бош­ланғич мактабнинг алоҳида синфида малакаси паст ўқитувчини ўрта даражадаги мутахассисга алмаштириш ўқувчиларга бутун умри давомида 250 минг долларгача умумий даромад олиш имконини беради.
Аммо когнитив имкониятлар инсон капиталининг ягона кўрсаткичи эмас. Мардлик, ирода ва ҳалоллик каби ижтимоий-ҳиссий кўникмалар, одатда катта иқтисодий самарадорлик келтиради. Соғлиқ ҳам муҳим аҳамиятга эга. Негаки, соғлом инсонларнинг меҳнат самарадорлиги юқори бўлади.
Мисол учун, 2015 йилда Кенияда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, болаларга нархи атиги 30 центга тенг гельминтларга қарши дори воситаларини бериш мактабда дарс қолдиришни камайтиришга, кейинчалик эса мустақил ҳаётга қадам қўйганда ойлик маошининг жами 20 фоизга ошишига олиб келди.
Эрта ёшдан инсон капиталини турли йўллар билан ўлчаб бориш яхши самара беради. Болани гўдакликдан тўғри овқатлантириш, соғлом ривожланишини рағбатлантириш кейинчалик унинг жисмоний ва руҳий фаровонлигини яхшилайди.
Айни пайтда болаликда когнитив ва ижтимоий-ҳиссий имкониятларда йўл қўйилган айрим камчиликларни балоғат ёшига етганда тузатиш қимматга тушади. Шунинг учун ҳукумат томонидан инсон капиталини бола ҳаётининг дастлабки 1000 кунлигида ривожлантириш иқтисодий самара беради.
Буларнинг барчаси иқтисодий ўсиш билан нечоғли боғлиқ? Биринчидан, инсон капиталига индивидуал сармоялардан олинадиган фойда қўшилса, умумий самара алоҳида қисмлар миқдоридан кўпроқ эканлиги аён бўлади.
Кениядаги мактаб ўқувчиларига қайтадиган бўлсак, биргина боланинг гельминтлардан халос бўлиши бошқа болаларнинг зарарланиш эҳтимолини камайтиради. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг келажакда яхши ўқиши ва улғайгач нисбатан катта маош олишига олиб келади.
Инсон капиталини ривожлантиришнинг айрим афзалликлари жамланиб, сармоя киритилаётган авлод билангина чекланиб қолмайди. Масалан, онанинг фарзанднинг пренатал парвариши ҳақидаги билимини бойитиш болаларнинг гўдаклигиданоқ соғлиғини яхшилашга хизмат қилади.
Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, инсон капиталига индивидуал инвестициялар умумлаштирилганда, турли мамлакатларда инсон капиталига киритилган инвестиция билан аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар ўртасидаги тафовут 10 фоиздан 30 фоизгача бўлишини кўрсатди.
Мисол учун, XIX аср ўрталарида Бразилия зиёли европаликларнинг Сан-Паулога иммиграциясини рағбатлантирган. Натижада 100 йилдан сўнг бу штатда юксак даражадаги таълим, қишлоқ хўжалигига нисбатан саноатда кўпроқ бандлик, шунингдек, аҳоли жон бошига янада юқори даромад кузатилди.
Айниқса, таълим катта самарадорлик келтиради, шунинг учун у қашшоқлик кўламини қисқартиришда муҳим роль ўйнайди. Буни Гана тарихи ҳам тасдиқлайди: 1990 йилларда ва 2000 йиллар бошида мамлакат таълимга кетадиган харажатлар миқдорини икки баробар кўпайтириш орқали асосий кўрсаткичларни кескин оширишга муваффақ бўлди. Натижада 1999 йилдан 2012 йилгача мамлакатда саводхонлик даражаси 64 фоизга етди, қашшоқлик даражаси эса 61 фоиздан 13 фоизга тушди.
Таълимга киритиладиган сармоялар ҳам жамиятда ижтимоий тенгсизликни камайтириши мумкин. Аксарият мамлакатларда нисбатан ўзига тўқ оилаларда туғилган фарзандлар болаликданоқ кенг имкониятлардан фойдаланишни бошлайди ва бу бутун умри давомида қатор афзалликларга олиб келади, аксинча, ночорроқ оилалар фарзандлари бундай имкониятлардан фойдалана олмайди.
Бундай муаммони ҳукумат томонидан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилганда иқтисодий тенгсизликнинг қисқариш тенденцияси кузатилади. Шимолий Каролинада ўтказилган тадқиқот агар Қўшма Штатлар болаликданоқ самарали ривожланиш дастурларидан фойдаланса, мамлакатда даромадлардаги тенгсизлик 7 фоизга камайишини кўрсатди. Бу эса АҚШнинг Канада даражасига эришиши учун етарли.
Инсон капиталига сармоя киритишдан жамият ҳам катта манфаат кўради. Узлуксиз мактаб таълими турли жиноятлар содир этилиши эҳтимолини камайтиради.
2017 йилда Либерияда наркотиклар савдоси билан шуғулланувчилар, ўғрилар ва жиноятга мойил бошқа эркаклар когнитив-ахлоқий терапияга йўналтирилиши бўйи­­ча тадқиқот ўтказилган. Бу уларга ўз ҳиссий ҳолатини англаб етиш, ўзини идора этишни яхшилаш ва мураккаб вазиятларда тўғри йўл тутиш каби кўникмаларни шакллантиришни кўзда тутган. Унчалик кўп харажат талаб этмаган дастур ушбу инсонларнинг жиноят оламига қайтиши эҳтимолини сезиларли даражада қисқартирди.
Инсон капитали шахснинг жамият ҳаётида иштирок этиши билан боғлиқ. 1970 йилларнинг ўрталарида Нигерияда умумий бошланғич таълим жорий этилиб, болаларнинг катта қисми бошланғич мактабларга қамраб олинди. Бир неча йил ўтиб, бу йигит ва қизлар янгилик­лар билан қизиқиш, тенгқурлари билан сиёсат ҳақида суҳбат қуриш, палата йиғилишлари ва сайловларда иштирок этишни бошлади.
Инсон капиталига инвестиция киритиш ишонч даражасини ҳам оширади. Ўқимишли инсонлар бошқаларга кўпроқ ишонади, ишонч даражаси баланд бўлган жамият одатда нисбатан юқори иқтисодий ўсишга эришади. Шунингдек, улар анча сабрли ҳам бўлади: тадқиқотлар йигирманчи аср ўрталарида Европада амалга оширилган мактаб ислоҳотлари одамларнинг мигрантларга нисбатан бағрикенгроқ бўлишига хизмат қилган.

Аён бўлган ҳақиқатлар

Инсон капитали ўз-ўзидан юзага чиқмайди, у давлат томонидан ривожлантирилиши лозим. Хусусан, кўпинча инсон камолоти учун инвестиция киритиш ва бу сармоянинг бошқаларга ҳам тарқалиши омили инобатга олинмайди.
Масалан, ота-оналар ўз фарзандининг гижжасини даволаш ҳақида қарор қабул қилар экан, аввало, унинг саломатлиги ҳақида қайғуради. Бироқ бу ҳаракатлар бошқа болаларнинг касалланиш хавфини камайтиришини эсламайди.
Ёки фарзанднинг боғчадаёқ кўпроқ билимга эга бўлиши учун пул сарфлаётган ота-оналарни олайлик. Улар шу орқали келажакда жиноятчиликнинг камайиши ва маҳбуслар сонининг қисқариши сингари янада кенгроқ ижтимоий аҳамиятга таъсир кўрсатаётганини эътиборга олмайди.
2010 йилда Мичиганда ишлаб чиқилган мактабгача таълим дастурларидан бирининг самарадорлиги ўрганилганда сарфланган ҳар бир доллар жамиятга 7 доллардан 12 долларгача фойда бўлиб қайтгани аниқланган.
Баъзи ҳолларда жамиятда қабул қилинган нормалар ота-оналарни ўз фарзандига сармоя киритишдан қайтаради. Ота-оналарнинг ўғлига қиз фарзандидан кўра кўпроқ эътибор қаратиши аввалдан маълум. Бироқ ушбу камситиш таъсири келгусида кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.
Масалан, Ҳиндистон ҳукуматининг ҳисоб-китобларига қараганда, мамлакатда 21 миллионга яқин ана шундай «исталмаган қизлар» мавжуд. Бу қизалоқлар ҳам саломатлик, ҳам таълим нуқтаи назаридан ота-онасидан камроқ эътибор кўради.
Бошқа ҳолатларда оилалар ўз болаларига сармоя киритишни истайди, бироқ бунга қурби етмайди. Камбағал ота-оналарда истеъдодли болаларини мактабда ўқитишга пул тўлаши учун кредит олиш имкони йўқ. Ҳатто таълим бепул бўлган тақдирда ҳам улар транспорт ва мактаб харажатлари учун пул топиши зарур. Бола оилага қўшимча даромад келтириши учун ишлаши ва шу боисдан мактабда ўқий олмаслиги билан боғлиқ ҳолатларни айтмаса ҳам бўлади.
Ҳукуматларнинг инсон капиталига инвестиция киритиши муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, сиёсатчилар кўпинча бунга қарши турадилар. Амалдорларда ўзини оқлашга бир неча ўн йиллар талаб этадиган дастурларни қўллаб-қувватлаш учун рағбатнинг ўзи йўқ.
Мисол учун, эпидемия мавжуд бўлмаган ҳолатда сиёсатчилар жамиятдаги соғлиқни сақлаш аҳволига эътиборни сусайтириши мумкин. Аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар солиқларни ошириш ёки янада муҳимроқ харажатлар, хусусан, инфратузилма ёки ижтимоий эҳтиёжлар учун ажратилган маблағлардан бир қисмини олиш йўли билан молиялаштирилганига мисоллар жуда кам.
2012 йилда Нигерия ҳукумати оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун кўпроқ маблағ йўналтириш мақсадида мамлакатдаги ёқилғи маҳсулотларига субсидияларни бекор қилганида жиддий қаршиликка учраган эди. Ушбу масалани ОАВда ёритишда бор эътибор субсидияларнинг тўхтатилишига қаратилган ва жамият учун ўта зарур бўлган биринчи тиббий-санитар ёрдамни кенгайтириш масаласига кам аҳамият берилганди. Кенг миқёсдаги ижтимоий норозиликлардан сўнг субсидия қайта тикланган.
Баъзи давлатларда бундай норозилик қисман ижтимоий келишувнинг заифлиги билан изоҳланади: фуқаролар ўз ҳукуматига ишонмайди ва шу сабабдан, ўзларининг фикрича, кейинчалик изсиз йўқ бўлиб кетадиган солиқларни тўлашга иккиланади.
Ўзлигини намоён қилиш муаммоси ҳамма жойда мураккаб. Бутун дунёда ҳаддан ташқари кўп болалар ўқишни билмайди, чунки уларнинг ўқитувчилари етарли даражада билимга эга эмас. «Хизматлар кўрсатиш даражалари» ушбу муаммонинг туб моҳиятини очиб берган ташаббус бўлди. У Жаҳон банки гуруҳи томонидан Африка иқтисодий тадқиқотлар консорциуми билан ҳамкорликда Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган мамлакатларидаги маълумотларни тўплаш мақсадида илгари сурилган эди.
Еттита давлат – Кения, Мозамбик, Нигерия, Сенегал, Танзания, Уганда ва Тогода тўртинчи синф ўқитувчиларининг 66 фоизигина тил бўйича ушбу синф ўқув дастурини ўзлаштирган, 68 фоизи математикадан дарс бериш учун талаб этиладиган минимал билим даражасига эга экан.
Мазкур давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаётган тиббиёт ходимлари фақат 53 фоиз ҳолатда безгак, диарея, зотилжам, сил ва диабет сингари касаллик­ларга тўғри ташхис қўя олган.
Ўзини намоён қилиш бу борада хизмат қилаётган инсонлар вазифасини сидқидилдан бажаришига етарлича рағбат бўлмаган жойларда ҳам мушкуллашади.
Юқорида тилга олинган етти давлатда ўқитувчилар белгиланган дарс соатларининг ярминигина ўтган. Кўп ҳолларда муаммонинг илдизи давлат хизматчилари маъмурий-буйруқбозлик авж олган шароитда, хизмат поғоналаридан кўтарилиш меҳнат натижасига эмас, балки таниш-билишлар билан алоқаларга қараб юз берадиган шароитларда ишлашига бориб тақалади.
Дарвоқе, ижобий мисоллар ҳам бор. Марказий ҳокимият, маҳаллий органлар ва хизмат кўрсатувчиларнинг мақсадлари муштарак келса, мамлакатлар инсон капиталини яхшилаш борасида катта муваффақиятларни қўлга киритиши мумкин. 2004 йилда Аргентинада Жаҳон банки гуруҳи кўмагида амалга оширилган «Plan Nacer» дастури ана шундай ижобий самара келтирган эди.
Дастур тиббий суғуртага эга бўлмаган оилаларга уни олишда ёрдамлашишни кўзда тутган эди. Унга мувофиқ, маблағлар ҳудудларга провинциядаги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларининг қамрови ҳамда сифатини белгиловчи кўрсаткичлар, шунингдек, ушбу хизматларни яхшилашга туртки бўлувчи ёндашувлар асосида тақсимланди. «Plan Nacer» лойиҳаси бўйича моддий ёрдам олган провинцияларда чақалоқ дунёга келганида вазни меъёрдан паст бўлиши эҳтимоли 19 фоизга камайди.
Ривожланаётган мамлакатларда тобора кўпроқ аҳоли соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларининг яхшиланишини талаб қилмоқда. Масалан, Перуда фуқаролик жамияти гуруҳлари томонидан ташкил қилинган ташвиқот тадбирлари 2006 йилги сайловлар даврида болалар масаласининг сиёсий мунозараларда долзарб мавзуга айланишига олиб келди.
Сиёсатчилар ҳам, ўз навбатида, беш йил ичида болаларда бўй ўсишининг секинлашиш ҳолларини 5 фоизга камайтириш бўйича аниқ мақсад қўйиб, бунга муносабат билдирди. Мамлакат бу мураккаб вазифани ҳатто ортиғи билан уддалай олди: 2008 йилдан 2016 йилга қадар беш ёшгача бўлган болаларда бўй ўсишининг секинлашиш кўрсаткичлари тахминан 15 фоизга пасайди. Бу ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгаришларга эришиш имкони борлигини кўрсатувчи яққол далилдир.

Ўлчов кучи

Сиёсатчилар ва бюрократлар ўз ишини уддалай олмаса, камбағал аҳоли энг кўп азият чекади. Аммо одамларда ўзлари ҳақли бўлган хизматларни талаб қилиш усули бор: бу – шаффофлик. Ахборотдан кўпроқ хабардор бўлиш фуқароларга етакчилар ва давлат хизматчилари нималар қилаётгани ва нималар қилмаётганини билиш имконини беради.
Масалан, Угандада 2005 йилда жамоат ташкилотлари билан ишловчи тадқиқотчилар маҳаллий тиббий муассасалар ишини баҳолаш, сифати юқорироқ бўлган хизматларни талаб қилишга даъват этувчи махсус карточкалар чоп этишди. Ушбу оддий сиёсат билан соғлиқни сақлаш соҳасида вазиятнинг барқарор яхшиланиши, жумладан, беш ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлим ҳолатлари камайишига эришилди.
Шунга ўхшаш ҳолат 2001 йилда Германияда ҳам кузатилган. Талабаларни баҳолаш халқаро дастурининг ҳафсалани пир қилувчи натижаларидан сўнг «PISA шок» деб ном олган тадбир амалга оширилди – ҳукумат таълим соҳасида йирик ислоҳотлар ўтказиб, таълимни яхшилади.
Таълимни баҳолаш Танзанияда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. 2011 йилда «Twaweza» ноҳукумат ташкилоти Жаҳон банки гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда болаларнинг базавий саводхонлигини ҳисоблаш кўникмаларини аниқлашга бағишланган сўров натижаларини чоп этди. Натижа аянчли эди: ўн нафар учинчи синф ўқувчисидан фақат учтаси иккинчи синф дастурини ўзлаштирган, ундан ҳам кам бола иккинчи синфга мўлжалланган инглиз тилидаги матнни ўқий олган.
Ўша пайтларда хизмат кўрсатиш индикаторлари асосида сўров натижалари чоп этилди. У ўқитувчиларнинг камчилиги ва ўқувчиларнинг дарс қолдирмаслигини кўрсатди. Шундан сўнг рўй берган ижтимоий акс-садо Танзания ҳукумати томонидан ўқитишнинг паст даражаси муаммоларини ҳал қилишга қаратилган «Ҳозироқ юқори натижалар» дастури жорий қилинишига олиб келди.
Ушбу мисоллар шуни кўрсатадики, инсон капитали ривожланиши ҳолатининг ишончли таҳлилидан кенг фойдаланиш имконияти вужудга келмоқда. Бу таҳлил ҳукуматларни ҳаракат қилишга ундайди. Жаҳон банки гуруҳи томонидан инсон капиталининг асосий жиҳатларини қамраб олиш учун ишлаб чиқилаётган кўрсаткичлар мантиғи ана шундай.
Ушбу ўлчов инсон капиталига сармоя самарасиз бўлган мамлакатлар учун даъват бўлиб хизмат қилиши мумкин. Биз ўз ҳаракатларимизни соғлиқни сақлаш ва таълимга йўналтирамиз, асосларни ўрганиб борамиз. Ҳозир туғилган болалар мактаб ёшигача яшай олармикан? Агар яшаб қолса, мактабга бора олармикан? Улар неча йил ўқийди? Ўрта мактабни битиргунча улар соғ-саломат, келгуси ўқиш ва ишга тайёр бўла оладими?
Кўплаб ривожланаётган мамлакатларда ёшларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилиши керак. Бенин, Буркина-Фасо ва Кот-д’Ивуарда бугун туғилган болаларнинг 10 фоизи ўзининг бешинчи туғилган кунини ҳеч қачон кўрмайди.
Жанубий Осиёда сурункали тўйиб овқатланмаслик натижасида беш ёшгача бўлган болаларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи ўз ёшига нисбатан паст бўйли бўлиб, бу мия ривожланишига путур етказади ва ўқиш лаёқатига жиддий тўсқинлик қилади.
Бу таълим соҳасига ҳам тегишлидир. Таълимнинг аҳамиятини яхшироқ англаш учун Жаҳон банки гуруҳи ЮНЕСКОнинг Статистика институти билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг ўзлаштиришини баҳолаш натижалари бўйича янги маълумотлар базасини ишлаб чиқди.
Биз 150 дан зиёд мамлакатни қамраб олувчи бир неча йирик тест дастурлари натижаларини PISA баҳолари билан қиёслаш мақсадида мувофиқлаштирдик. Маълумотлар базаси таълим соҳасида улкан муаммолар борлигини кўрсатди: ривожланаётган мамлакатларда ўқувчиларнинг қарийб 50 фоизи «профессионалликнинг энг паст даражаси» деб аталадиган муаммога дуч келади.
Сингапурда ўқувчиларнинг 98 фоизи, Жанубий Африкада 26 фоизи ўрта мактабда халқаро базавий даражага эришади. Бошқача айтганда, Сингапурда ўрта мактаб ўқувчиларининг деярли барчаси дунёнинг исталган жойида ишлаш учун етарли малакага эга. Жанубий африкалик ёшларнинг қарийб тўртдан уч қисми саводсиз. Бу инсон салоҳиятини йўқотиш.
Болалар мактабни битирар экан, қайси мамлакатда яшашига қараб соғлиғи борасида мутлақо турли истиқболларга дуч келади. Дунёнинг энг бадавлат мамлакатларида 15 ёшли ўсмирларнинг қарийб 5 фоизи ўзининг 60 ёшлигини қаршилай олмайди. Қашшоқ мамлакатларда 15 ёшли ўсмирларнинг 40 фоизи 60 ёшгача вафот этади.
Ушбу фактлар турли мамлакатларда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида улкан тафовутлар борлигини кўрсатади. Биз инсон капиталининг турли жиҳатларини бирлаштириш учун Жаҳон банки гуруҳида уларни ягона индексга йиғамиз. У ишчиларнинг келгуси авлоди меҳнати самарадорлигининг пасайиши нуқтаи назаридан инсон капиталига инвестиция киритмаслик оқибатларини намоён этади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда инсон капиталига энг кам сармоя киритиладиган мамлакатларда келгусида ишчи кучининг самарадорлиги, агар одамлар тўлиқ соғлом бўлиб, сифатли таълим олса, эришиш мумкин бўлган кўрсаткич сезиларли пасайиб кетади.
Шу тарзда инсон капиталига сармоядан олинадиган иқтисодий фойдани ўлчаш соғлиқ ва таълим яхшиланишининг ижтимоий ва ички қийматини камайтирмайди. Молия вазирлиги, одатда, инсон капиталига сармоя киритишдан кўра, ўз мамлакатининг қарзлари ҳақида кўпроқ қайғуради.
Жаҳон банки гуруҳи инсон капиталига сармоя қилиш таъсирининг ижобий натижаларини тарғиб этиб, сиёсатчиларни нафақат банк ҳисобрақамлари, балки мактаблар ва касалхоналардаги ҳолатлар ҳақида ҳам қайғуришга руҳлантириши мумкин. Шунингдек, индекс инвестициялар даражаси пасайиб бораётган мамлакатлар учун ҳаракатга даъват бўлади.
«Doing Business» ҳисоботидан кўринадики, кенг кўламли ўлчовлар ҳолатида ҳам ислоҳотлар ҳар доим амалга оширилавермайди. Юқоридаги индекс давлат раҳбарлари ва молия вазирлари олдига кўз юмиб бўлмайдиган масала қўяди.
Мамлакатларнинг қиёсий таҳлили – бу фақат дастлабки қадам. Агар ҳукуматлар инсон капиталига қандай сармоялар самара олиб келишини аниқлаши амалда бўлса, инсон капиталини ривожлантиришга кўмаклашувчи турли омилларни ҳисобга олиши зарур бўлади.
Энг яхши кўрсаткич бу ижтимоий фаровонлик бўлиб, у кўп ҳолларда етарли даражада молиялаштирилмайди. Жаҳон банки гуруҳи амалий фойда келтириши мумкин: турли ҳамкорларнинг ҳаракатини мувофиқлаштиришга кўмаклашиш, умумқамровли ахборотларни тўплаш, сиёсатчиларга маслаҳат бериш, техник ёрдам кўрсатиш ва самарали чораларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш.

XXI асрда инсон капитали

Инсон капиталининг ривожланиши одамлар, иқтисодиётлар, жамиятлар ва бутун дунёда барқарорлик учун аҳамиятга эга. Бу келгуси авлодлар учун ҳам муҳимдир.
Мамлакатлар инсон капиталига самарали инвестиция қила олмас экан, айниқса, камбағаллар учун катта харажатлар юзага келади. Ушбу харажатлар келгуси авлодларни оғир аҳволга солиб қўяди.
Катта харажатларни талаб этувчи технологик тараққиёт туфайли фуқаролари самарали турмуш кечириши учун замин яратишга қодир эмаслик, нафақат юқори харажатлар билан бирга кечади, балки жиддий тенгсизликни келтириб чиқаради. Бу эса хавфсизликка ҳам таҳдид солади, зеро, қондирилмаган талаблар тартибсизликлар келтириб чиқариши мумкин.
Энг яхши маълумот – жавобнинг бир қисми, фақат бир қисми, холос. Биринчидан, агар маблағ етарли бўлмаса, ҳукумат сифатли хизмат кўрсата олмайди. Шу тариқа инсон капиталига сурункали тарзда инвестиция киритмайдиган мамлакатлар солиқ нуқсонлари ва истисноларини бартараф этишга, тушумлар йиғилишини яхшилашга ва харажатларни қайта йўналтиришга мажбур бўлади.
Масалан, Миср ва Индонезия сўнгги йилларда энергетик субсидияларини кескин камайтирди ва ушбу ресурс­ларни ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантиришга қайта йўналтирди.
2012 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда тамаки маҳсулотларига солиқлардан олинган даромад Филиппинга соғлиқни сақлаш департаменти бюджетини ҳамда тиббий суғурта билан қамраб олинган аҳоли улушини уч баробар ошириш имконини берди.
Америка Қўшма Штатларининг Филадельфия каби шаҳарлари газли ичимликлардан ундириладиган солиқни мактабгача таълимни молиялашда фойдаланишга интилмоқда.
Аммо молиялаштириш ҳажмини оширишнинг ўзи етарли эмас. Айрим мамлакатлар ижтимоий хизматлар сифатини сақлаган ҳолда, уларнинг самарадорлигини ошириш устида ишлашга мажбур. Масалан, Жаҳон банки гуруҳи томонидан яқинда Бразилияда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, маҳаллий даражада соғлиқни сақлаш секторида самарадорликнинг оширилиши ЯИМнинг тахминан 0,3 фоизига тенг тежамкорликни таъминлаши мумкин.
Бошқа айрим мамлакатларда рақобатлашувчи томонларнинг манфаатлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Чилининг таълим соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги кўп йиллик тажрибаси асосий мақсадлардан бири: бутун ­эътиборни таълим ҳамма учун қоидасига қаратиш йўлида сиёсий коалициялар тузишнинг муҳимлигини кўрсатди.
2004 йилда мамлакат ислоҳотлар ўтказиш ва ўқитувчиларнинг касаба уюшмаларига ён бериши орқали ўқитувчиларга ҳақ тўланишига эриша олди.
Иш нимадан бошланишидан қатъи назар, энг яхши ўлчов ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Алал-оқибат, сиз фақат ўлчай оладиган нарсанигина такомиллаштиришингиз мумкин. Аниқ-тиниқ ўлчовларгина қандай ислоҳотлар зарурлигининг барча томонидан тушунилишига олиб келади. Шунингдек, улар устуворлик тўғрисидаги масалаларга аниқлик киритиши, фойдали музокараларга асос бўлиши ва ошкораликни кучайтириши мумкин.
1949 йилда Жаҳон банки президенти Жон МакКлой шундай ёзган эди: «Тараққиёт – бу тахтага чизиш, сўнгра сеҳрли таёқча ва доллар билан ҳаётга жорий қилиш мумкин бўлган нарса эмас».
МакКлойнинг фикрича, тараққиёт концепциялари ва уларни амалга ошириш ўртасида кўп ҳолларда узилишлар бўлган. Айнан шу узилишларни Жаҳон банки гуруҳининг инсон капитали индекси ёрдамида бартараф этиш мумкин бўлади.
Янги ўлчовлар мамлакатларни имкон қадар тезроқ инсон капиталига сармоя қилишга ишонтиради. Бу барчани келажак иқтисодиётига – у ерда учраши мумкин бўлган барча нарсаларда рақобатга ва фаровонликка тайёрлайди. Ва бу глобал тизимга барча бирдай амал қилишига кўмаклашади. Инсон капиталига инвестиция қилишга қодир бўлмаслик тараққиёт учун, бутун инсоният учун ниҳоятда қимматга тушади.

Бошқа хабарлар