«Коинот»га мароқли «парвоз»

104

Қўқон шаҳридаги «Коинот» болалар оромгоҳида айни пайтда 320 нафар ўғил-қиз мириқиб дам оляпти. Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги ушбу мас­канда барча шароит яратилган бўлиб, мавсумга ҳозирлик асносида 360 ўринга мўлжалланган ошхона, яна шунча ўриндаги ётоқхона, спорт мажмуалари, сузиш ҳавзаси мукаммал таъмирдан чиқарилди. 2 мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган кўчма кутубхона, маданий дам олиш учун мўлжалланган саҳналар айни пайтда болажонлар билан гавжум.

Билим ва маҳоратни оширишга хизмат қилувчи моҳир қўллар, биология, инглиз тили, теннис, ёш ҳайкалтарош, ёш рассомлар, футбол, баскетбол каби кўплаб тўгаракларда олиб борилаётган машғулотлар ўқувчиларга манзур бўлмоқда. Ижодий танлов, спорт мусобақалари, турли соҳа вакиллари билан қизиқарли учрашувлар ташкил этиляпти.
– Нафақат болажонларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, балки уларни жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш асосий мақсадимиздир, – дейди оромгоҳ раҳбари Ҳусан Қосимов. – Айнан шунинг учун ҳам уч йиллик педагогик таж­рибага эга бўлган муаллимларни қабул қилиб олдик. Мавсумда 1200 нафардан ортиқ бола соғломлаштирилади. Уларнинг саломатлигини малакали тиббиёт ходимлари назорат қилиб боради. Яна шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки, 4-навбатда кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож, кўп болали оилаларнинг фарзандлари дам олдирилади.
– Бу ер менга жуда ёқди. Ҳар куни турли қизиқарли тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилади. Тил ўрганиш, расм чизиш, бассейнда сузиш жон-у дилим. Келаси йил ҳам «Коинот»га «парвоз» қилишни кўнглимга тугиб қўйдим, – дейди Мумтозабегим Абдуваҳобова.
Пухта тайёргарлик кўрилгани боис мавсум эсда қоларли, таассуротларга бой ўтяпти. Яратилган шарт-шароит, кўнгилочар дастурлар болаларнинг мазмунли дам олишини таъминламоқда.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch» мухбири

 

Талаблар инобатга олинмоқда

Ҳар бир фаслнинг ўзига хос таровати бор. Лекин ёз барибир ўзгача. Айниқса, болажонлар учун.
– Набирам Маъруфжон Яккабоғ туманидаги Мирзо Улуғбек номли оромгоҳда ҳордиқ чиқариб келди, – дейди Зиёдулла бобо Жўллиев. – Тоғли ҳудуд Маъруфжонга қанчалар ёққани шундоққина кўриниб турибди. Ранглари очилиб, яйраб-қувнаб, таассуротлари билан ўртоқлашишдан чарчамаяпти. Дилбандимизнинг имтиёзли дам олишига кўмаклашгани учун касаба уюшмаларидан миннатдормиз.
– Жорий йилда 150 нафар ўғил-қизни ёзги оромгоҳларда дам олдириш режалаштирилган, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Касби тумани кенгаши раиси Бобомурод Хидиров. – Ҳозиргача 76 нафар бола ушбу оромгоҳда мавсумни мароқли ўтказди. Яна шунча ўғил-қизни «Истиқлол ғунчалари»га юборамиз. Бу борада барча ташкилий масалалар ҳал қилинган.
Эътироф этиш жоизки, ходимлар ва уларнинг яқин қариндош­ларини соғломлаштиришда йилдан-йилга имкониятларимиз яхшиланиб боряпти. Масалан, йил бошидан буён биринчи чоракда 28 та йўлланма олган бўлсак, иккинчи чоракда 34 та, учинчи чорак учун эса 32 та йўлланма ажратилди.
Оромгоҳ ва сиҳатгоҳларни танлашда ариза билан мурожаат қилган педагогларнинг талаб ва истакларига қараб иш кўрилмоқда.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар