Сўнгги нуқта 15 июлда қўйилади

90

Шундай мухлислар борки, фикр-мулоҳазалари соҳа эгалари – мутахассисларникидан асло қолишмайди. Суҳбатида бўлганимиз ёки атайлаб қўнғироқ қилиб, шу аснода нималарнинг ўй-хаёли билан андармон эканликларини айтган ишқибоз­ларнинг олтмиш фоиздан кўпроғи финалга Франция терма жамоаси йўл олади, деган башоратларни билдиришган эди. Ростдан ҳам улар ҳақ бўлиб чиқишди.

Ваҳоланки, ўйин бошларида бельгияликларнинг шашти анчайин баландлиги яққол сезилиб турганди. Иштаҳа овқат пайтида очилади деганларидек, беш карра жаҳон чемпиони Бразилия термасини муддатидан илгари мундиални тарк этишга мажбур этган футболчилар яна бир марта мўъжиза кўрсатиш фикрида қойим турганликларини пайқаш қийин эмасди.
Аммо футбол бир жамоанинг бутун учрашув давомидаги шиддаткорона ҳужумларидан иборат эмаслиги ҳаммамизга яхши аён. Ора-чора нафас ростлаб олиш ҳам керак-да ахир. Лекин бу бельгияликларга қимматга тушди. 51-дақиқада жарима майдонига ҳаволатиб узатилган тўп ҳимоячи Самуэль Умтитининг бош билан берган зарбасидан сўнг бельгияликлар дарвозаси тўридан жой олди.
Эътибор қилинг-а, ҳимоячи учрашув тақдирини ҳал қилаётир. Ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда деган голландча ақида ўзига хос кўринишда ҳамон тантана қилиб келаётганига ёрқин мисол эмасми бу?
Битта гол, бу ҳали ғалаба чўнтакда дегани эмас, албатта. Аммо учрашувнинг қолган дақиқаларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса-чи?
Хавфли узатмалар, қулай вазиятлар, хоккей ўйи­нига хос аёвсиз тўқнашувлар, бири-биридан кучли зарбалар… Тўп дарвоза тўридан жой олмаса, буларнинг бари ҳаяжон тўла сониялар сифатида тасаввурни бойитиши, статистлар учун яхшигина озуқа вазифасини ўташи мумкин, холос.
Одатда пеналтилар сериясини мураббийлар ихтиёрий равишда кузатмасликка ҳаракат қиладилар. Юрак қинидан чиқай деб тургани туфайли шундай бўлса керак-да. Учрашувнинг асосий вақти поёнига ета бошлагач… Дидье Дишамда худди шундай ҳолат юзага келди.
Энди бир тасаввур қилиб кўрайлик-а, бразилия­лик мухлислар айни паллада нималарни ўйлашди экан? Бельгия ютқазганидан хурсанд бўлиб, кўнгиллари бироз бўлса-да, таскин топдими ёки… Баттар ранжиб, жиғибийрон бўлган эсалар-чи? Демак, биз французлардан ҳам кучсиз эканмиз-да деб…
Хуллас, бу галги мундиал аввалгилари каби табиий равишда кўп қарашларни ўзгартириб юборадиган кўринади. Ҳозирданоқ қандайдир тушунарсиз (балки тушунарлидир?) хатти-ҳаракатлар қулоққа чалина бошлади. Масалан, испанлар ишни бош мураббийни алмаштиришдан бошлашди. Бундан буён довруғли жамоа футбол ишқибозларига яхши таниш, юлдузли онларни бошдан кечирган машҳур «чарм тўп» устаси Луис Энрике қўл остида бўлажак учрашувларга ҳозирлик кўради.
Шунингдек, Криштиану Роналду… Ҳа, ҳа, янглишмадингиз, ўша сиз-у биз ҳар бир ҳаракатини цирк томошасида ўтиргандек маҳлиё бўлиб кузатадиган футболчи неча йиллик меҳнати сингган «Реал» клубини тарк этиб, Италиянинг «Ювентус» жамоасида тўп суришни ихтиёр этди. Бу демакки, «Реал» ўз мавқеини сақлаб қолиши учун ҳозирданоқ керакли чора-тадбирлар тадоригини кўришга мажбур. Юлдузлар эса… Роналдучалик бўлмаса-да, ҳар ҳолда топилади. Чемпионат асноси ёрқин порлаган Мбаппе, Феллайни, Гризман, Эдэн Азар… Ким билсин, булар сафига россиялик Денис Черишевни ҳам қўшиб қўйиш мумкиндир… Айтадилар-ку, қутлуғ уйнинг файзи бошқача деб…
Шундай қилиб, узоқ йиллик танаффусдан сўнг Франция терма жамоаси яна финалда? Ярим финалнинг иккинчи жуфтлиги – Англия ва Хорватия ­жамоалари ўртасида кечган шиддатли курашда эса хорватлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, французларнинг йўлидан чиқишди. Эндиги савол: Франция­­ми ёки Хорватия?
Биз эса кузатишда давом этамиз.

З.РИХСИЕВ

Бошқа хабарлар