Ҳаёт дерлар буни…

414

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, дейишади. Рост гап. Фақат ҳар иккиси тўқ пайтида…

***

Ўн киши меҳнат қиладиган корхонада буйруқ берадиганлар сони яна биттага кўпайди ва самарадорлик… ўттиз фоизга пасайиб кетди. Нега ўттиз фоиз, ўн фоиз эмас? Ана шу ўринга даъвогарлардан яна икки кишининг оғзи гапдан бўшамай қолди. Оғиз банд бўлгач, қўлда ишга рағбат бўлармиди?..

***

Эндигина учирма бўлган полапон қарасаки, бу замин деганлари анчайин кенг ва бепоён экан. Беихтиёр шу дамгача каталакдек индан ташқарига чиқишга изн бермаган онасидан ранжиди. Бола барибир бола-да, йиқилиб тушса, ҳозиргидек эркин қанот қоқиш ҳеч қачон насиб қилмаслигини ўйламади ҳам.

***

Эртадан кечгача хайр-садақа сўраб ўтирадиган тиланчига маҳалла-кўй аралашиб, яқин-атрофдан иш топиб беришди.
Орадан икки-уч ой ўтгач, ҳол-аҳвол сўраб келишди.
– Қалай, меҳнатнинг нони ширин эканми?
Тиланчининг қош-қовоғи уюлди.
– Тежаб-тергаб сарфлаганингдан кейин ҳамма нарса ширин туюлаверади-да…

***

Кутилмаганда ўрама ҳосил бўлиб, осмон-у фалакка ўрлаб кетди. Унга қўшилиб олган чанг-тўзонлар эса бир-бирига нав­бат бермай чувиллашарди.
– Вуй, ановини қаранглар!
– Мана буни ҳаёт деса бўлади!
– Тоза омадимиз бор экан-да!
Улардан қай бири ўсмоқчилаб сўради:
– Ишқилиб, манзилимиздан адашиб кетмасмиканмиз?
Ҳамма бирдан жимиб қолди. Шу пайт ўрама ҳаракатланишдан тўхтаб, чанг-тўзонлар ўзларига ўхшаш, лекин мутлақо бегона чанг-тўзонларга қоришиб кетишди. Ҳаммаёқ бир зумда лой-ботқоққа айланди. Бунга уларнинг аламли кўзёшими ёки ёға бошлаган ёмғирми сабаб эканини, афсус­ки, ҳеч ким билмасди. Қайдан ҳам билишсин, ҳамма уларни четлаб ўтаётган бўлса…

***

Чўпон чўл ўртасидаги қудуқни излаб топди-да, қопқоғини қия очиб аста шивирлади:
– Искандарнинг шохи бор…
Ичкаридан бағоят ваҳимали, аждарҳонинг вишиллашига ўхшаш қўрқинчли овоз келди:
– Сен ҳам шу гапни гап деб шу ергача кўтариб келдингми?!
Чўпон ранг-қути ўчиб сўради:
– Кимсан, бу қудуқда нима қилиб ўтирибсан?
– Ҳеч кимман. Сенга ўхшаган гап ташувчиларни тутиб олсам, кунини кўрсатаман, деб пайт пойлаб ўтирибман!..
Чопон қочиб-қочиб яна бир ташландиқ қудуққа бориб қолди. Сабри чидамай деди:
– Эшитдингми, ҳув нариги қудуқда «Ҳеч ким» деган махлуқ пайдо бўлибди. Ким кўринганнинг кунини кўрсатаман, деяпти.
Қудуқдан бояги қўрқинчли овоз эшитилди.
— Қанақа одамсан ўзи? Бурнингни суқмаганинг шу жой қолувди. Нима, бошқа қиладиган ишинг йўқми? Кел бўлмаса, қудуққа туш, чақчақлашиб ўтирамиз!
Чўпон паноҳ излаганча қўйлари ўтлаб юрган яйлов томон югуриб кетди.

***

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймаслигини яхши биламиз. Шундай экан, ўртанмаган кўнгилнинг ўрганиб қолишига сабаб бўлиб қолмайлик.

***

Ёмон ном орттириб олишнинг сира қийин жойи йўқ. Лекин яна яхшилар сафига қўшилиш учун узоқ вақт, эҳтимолки, бир умр заҳмат чекишга тўғри келиши мумкин. Шунда ҳам тавқи-лаънат асоратидан тўлиқ халос бўлишга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

***

Машҳур одамлар ҳақида ёзишнинг ўзи бўлмайди. Чунки ҳали ҳеч ким айтиб улгурмаган қирраларни топиш учун анча-мунча тер тўкишга тўғри келади-да.
Оддий одамлар ҳақида ёзишнинг ҳам ўзи эмас.
Қалам аҳлининг вазифаси, авваламбор, мана шундай одамларни юзага чиқариш эканлигини қани энди уларга тушунтириб бўлса!.. Бошқалар ҳақида ёзинг, дейишдан нарига ўтишмайди. Серфазилатликнинг сири балки шундами?

***

– Ассалому алайкум.
– Ваалайкум ассалом…
Салом-алик кишини тетиклантиради, эзгу ишларга рағбатлантиради.
Ким кўринганга салом берармикан, дея илинж билан боқиш­лардан худо асрасин. Ахир, салом ҳам ҳар кимга берилавермайди-да!

Муҳаммад ЗАЙНИДДИН

Бошқа хабарлар