БАРЧА ЙЎЛЛАР ПАРИЖГА ОЛИБ БОРАДИ…МИ? тўрт йил давомида ана шу саволга жавоб излашимизга тўғри келади

142

Бугун биз шундай чемпионга эга бўлдикки, тўрт йил мобайнида ўтказиладиган — хоҳ у расмий, хоҳ ўртоқлик учрашувлари бўлсин, мабодо Франция термаси мағлубиятга учраса, ёқа ушлаб ҳайратланиш у ёқда турсин, ажабланмаслигимиз ҳам мумкин.

Бу галги мундиалнинг аввалгиларидан тубдан фарқланадиган жиҳати эҳтимолки мана шунда бўлса керак. Ҳа, Франция чемпион, буни шубҳа остига қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, бу тарихий ҳақиқат, чемпионатнинг мантиқий якуни, лекин бошқалардан тўла устун дейишга ҳам негадир тил бормаяпти.
Ўз-ўзидан савол туғилади: бу яхшими ёки ёмон?
Агар… борди-ю… башарти… мабодо… Ким билсин, агар финал учрашувининг 19-дақиқасида франциялик моҳир ҳужумчи айёрлик ишлатиб гўё қоқилиб йиқилмаганда, борди-ю аргентиналик ҳакам бу хийлага учиб, хорватиялик­лар томон жарима тўпи белгиламаганда, башарти Гризманнинг хавфли узатмасини бартараф этаман деб Манджукич тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўймаганида ва мабодо шу тариқа ҳисоб очилмаганда…
Хуллас, шиддаткорона ўтиши кутилган финал учрашуви қайси жамоа кўпроқ хатога йўл қўйганлиги-ю, қайси жамоа бундан унумли фойдаланганлиги ҳисоб-китобига айланиб кетганлиги билан эсда қоладиган бўлди.
Воқеаларнинг тобора кучайиб бориши натижасида гоҳ у, бу дарвоза олдида хавфли вазиятлар юзага келди ва… ҳисоб тенглашди. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, ушбу голга муаллифлик қилган Перишич ўз жарима майдонида беихтиёр тўпни қўл билан ўйнаб, пеналти белгиланишига сабабчи бўлди. Гризманнинг аниқ зарбаси ва таблога 2:1 ҳисоби ёзиб қўйилди.
Кейин… 3:1, кейин 4:1. Қизиғи, ҳар икки сафар дарвозабон лоқайд томошабин вазифасини ўтаб берди. Шундай масъулиятли ўйинда-я! Чамаси мураббий дарвозабонни танлашда янглишган кўринади.
Гарчи Манджукич франциялик дарвозабоннинг болаларча хатосидан кейин йирик ҳисобни бироз юмшатишга эришган бўлса-да, ўйин мазмунида айтарли ўзгариш кўзга чалинмади.
4:2 ҳисобида ғалаба қозонган Франция терма жамоаси йигирма йиллик танаффусдан сўнг яна жаҳон чемпиони деган шараф соҳибига айланди. Хорватия — иккинчи, Бельгия — учинчи ва нисбатан ёшроқ футболчилардан ташкил топган Англия тўртинчи ўринни эгаллади…
Халқ даҳосидан кўра қайишқоқ манба, битмас-туганмас хазина йўқ. Олганинг сари озайиш ўрнига тўлиб-тошиб, янгича, янада жозибалироқ кўриниш ҳосил қилиб бораверади.
Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деган ҳикмат руҳида тарбия топган биз, ўзбеклар учун бу, айниқса, тушунарлидир. Қай жабҳага кўз югуртириб, у ёки бу масалага оид фикр-мушоҳадаларга қулоқ тутмайлик, яна ва яна ўша оддий ҳақиқат — ўйлаб иш тутганларгагина омад кулиб боқишига ишончимиз ортиб, яна ва яна боягича халқ даҳосида қойил қолаверамиз.
Россия мезбонлик қилган Жаҳон чемпионати атрофида кечган ва табиий равишда яна узоқ вақт кечадиган гап-сўзларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш асноси шу нарса бўй-бас­ти билан аёнлашиб бораверадики, зўр эканлик ўз йўлига, мавжуд имкониятдан муваффақиятга элтувчи энг тўғри ва ҳаммабоп ечимни топа билиш малакаси кўп нарсани белгилаб беради. Хорватия термаси эришган натижа бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин.
Шундайки, Хорватия кетма-кет уч ўйинда (Дания, Россия, Англия билан кечган учрашувлар) қўшиб берилган вақт (ва ҳатто пеналтилар серияси)дагина улоқни олиб кетиб, финалга қадар етиб келди. Бу, демакки, жамоа бошқаларга қараганда роппа-роса битта ўйин кўп ўтказди.
Бунча куч-ғайрат, шижоат ва албатта, иродани қаердан олишганининг ўзи чуқур таҳлил ва мушоҳада юритишга арзигулик алоҳида мавзудир. Ўйлаймизки, мураббийларимиз ва мутахассисларимиз бу масалага ҳар қачонгидан ҳам жиддий ёндашиб, неча йилларки сабр-тоқат билан кутаётганимиз – орзуларимиз ушалишини яна ва яна узоқ келажакка қолдирмай, кўкрагимизга шамол тегиши учун лозим бўлган барча чора-тадбирларни кўрадилар.
Зеро, кўз очиб юмгунчалик фурсат ўтмай — 2022 йилда Қатар мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун саралаш ўйинлари бошланиб кетади. Хўш, бу синовдан муваффақиятли ўтиш учун имкониятларимиз етарлими, агарки шундай бўлмаса, ­эътиборни кўпроқ нималарга қаратиш керак?
Тан олайлик, кекса ва ўрта авлод мухлислар ҳали-ҳануз бемисл ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оладиган Геннадий Красницкий, Лазиз Мақсудов, Акмал Азизхўжаев, Биродар Абдураимов, Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Василис Хадзипанагис, Ҳамид Раҳматуллаев, Баҳодир Иброҳимов, Тўлаган Исоқов каби довруғи заминимиздан анча олисларга таралган ҳақиқий маънодаги юлдузлар даражасидаги футболчилар, афсуски, бугун ҳеч бир жамоа таркибида йўқ ёки бор бўлса ҳам, мутахассисларимиз уларни кашф қилишда бир мунча оқсаётирлар. Боридан фойдаланиш масаласи ҳам, таъбир жоиз бўлса, на уёқлик, на буёқлик ҳолатда эканлигидан ҳам асло кўз юма олмаймиз.
Куни кеча ниҳоясига етган Жаҳон чемпионати кўрсатдики, ҳаммаси ҳаракатга ва ақл билан иш тутмоққа боғлиқ. Муваффақият осмондаги Ой эмас. Ҳатто Ой бўлган тақдирда ҳам ё олиб тушиш, ё чиқиб бориш мумкин. Модомики шундай экан, фурсатни бой бермайлик. Бугунданоқ ишга киришайлик. Умид қиламизки, натижаси узоқ куттириб қўймайди.
Қатарда учрашгунча, азиз мухлислар!

Зайниддин РИХСИЕВ

Бошқа хабарлар