Кийимингизга нима ёзилган?

85

Либос — инсон характерини ифодалайди. Одатда, бирор киши ҳақидаги илк таассурот кийинишига қараб юзага келади. Қолаверса, кийим инсон кайфияти ва ёшини ҳам намоён этади.

Мутахассислар фикрича, ўсмирларда атрофдагиларнинг диққатини тортишга, сирлиликка интилишга мойиллик кучли. Бу эса тушунарсиз но­одатий тасвирлар, ёзувлар акс этган кийим­ларга қизиқишни кучайтиради. Ўз-ўзидан савол туғилади: «мода»га айлантирилаётган баъзи кийимлар орқали худбинлик, бефарқлик, ҳаё­сизлик ва енгил-елпи ҳаёт тарзи тарғиб қилинаётганини биламизми?
Масалан, кийимлардаги «I want you, you want me» (Мен сени хоҳлайман, сен мени хоҳлайсан), «Call me» (Менга қўнғироқ қил), «My life my rules» (Менинг ҳаётим, менинг қоидаларим), «Kiss me» (Мени ўп), «I am immoral lover» (Мен ахлоқсиз ошиқман), «I am alone» (Мен ёлғизман), «Killer» (Қотил), «Danger» (Ҳавфли), «Dirty girl» (Ифлос қиз) каби ошкора таҳдид ва ҳақоратни билдирувчи ибораларнинг маъноси ҳамма ёшларга маълумми? Афсуски, билимсизлик ёхуд лоқайдлик оқибатида уларни жамоатчилик кўз ўнгида кийиб юриш айримлар учун оддий ҳолга айланган. Аслида эгнимиздаги либос ва уларда акс этган ёзувларнинг руҳиятимизга салбий таъсири илмий асосда аллақачон исботланган. Футболкалардаги бош скелети, суяклар ёки аёллар ва қизларнинг футболкасидаги ишва билан қараб турган кўз тасвирига нима дейсиз?! Бундай кийимлардаги рангли ҳарфларда жимжимадор қилиб ёзилган ҳақоратларни тарқатишдан ким манфаатдор? Наҳотки, кўр-кўрона тақлидга чек қўйишнинг имкони йўқ?

Лайло АББОСОВА,
Тошкент давлат техника университети қошидаги 5-академик лицей
ўқувчиси

Бошқа хабарлар