Қоғозда камаяётган қоғозбозлик

407

Жамиятимизда ўқитувчи шахсига ҳамиша ҳурмат ҳисси ҳукмрон бўлган. Буни халқимизнинг «Устоз отангдек улуғ», деган нақлидан ҳам билса бўлади. Болани устоз қўлига бераётиб яна айтишганки: эти сизники, суяги бизники. Аммо бугун ўқитувчилик мақоми ўз рутбасидан хийла пастга тушгандек. Эндиликда, мураббийлар орасида бу касбни бекор танлаган эканман, дея афсусланадиганлари яна қанча. Нега шундай бўлди, бунинг сабаби нимада?..

Энг ёмони, мавжуд ҳолатга кўникиб кетяпмиз. Гўёки ўзи шундай бўлиши керакдек. Кўпчилигимиз ёшлар тарбия­сидаги муаммоларда ўқитувчиларни айблаймиз. Таълим сифати пастлигидан нолиймиз. Катта-катта маблағ харжлаб репетиторга югурамиз. Ва буларнинг барчасини табиий ҳолатдек қабул қиламиз…
Хўш, шунча кўп баҳс-у мунозараларга сабаб бўлаётган мазкур муаммо илдизи қаерда, ўқитувчини мактабдан, болаларни дарс­лардан бездираётган омиллар нималарда кўринади?

Танганинг икки томони бор. Биз қуйида танганинг иккинчи, кўздан ниҳон томонига назар солиш, ўқитувчиларнинг шундай ҳолатларга тушишига сабаб бўлган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Дарс ўтиш худди шеър ёзиш, спектакл саҳналаштириш каби ижодий жараён. Шу боис, битта мавзуни ҳатто битта синфга ҳам бир хил ўтиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, бу ўқитувчининг иқтидорсизлигини кўрсатади. Ана шундай жараёнга тайёргарлик кўриш эса ўқитувчидан анчагина вақтни талаб этади. Аммо, афсуски, бугун ўқитувчиларнинг бунга вақти етарли эмас. Тўғри, кейинги бир йилда уларнинг меҳнати қадр топа бош­лади. Эрта кўкламдан кеч кузгача давом этадиган гул экиш, супуриш, йўл чети ва дарахтларни оқлаш, қурилишларда ёрдамчи мардикор, мактаб кўчаларидаги ўтларни юлиб, тозалаш, пахтазор қатқалоқларини юмшатиш, ягана, йиғ-тер… Қишда ҳокимлик топшириғига биноан бюджет ташкилотлардан коммунал тўлов йиғиш, сув, электр, газ ва солиқдан қарздорликни ўрганиш, қолганига маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хатлов ва тушунтириш-тарғибот ишлари каби мажбурий меҳнатдан озод бўлмоқда.
Аммо кузатишларимизга кўра, улар ҳамон қоғозбозлик ва ҳужжатбозлик деган «вақт ўғриси»дан батамом ҳоли бўла олгани йўқ.

БИРИ УЧУН БОШҚАСИ  ҲАМ КЕРАК

Бу масала узоқ вақтдан бери муҳокамада. Ўтган йили бунга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги 140-қарори қабул қилинди. 23 банддан иборат бўлган ҳужжатлар рўйхати оптималлаштирилиб, 6 донага туширилди. Булар: 1.Синф журнали; 2.Дарс тақсимоти; 3.Кундалик режа; 4.Йиллик режа; 5.Дарс таҳлили; 6.Тарбиявий соат журнали. Бир қарашда ўқитувчининг ўз устида ишлаб билимини ошириш ва ўқувчиларга қойиллатиб дарс ўтишдан бўлак юмуши йўқдай. Аммо жараённинг ичига кириб борилгани сари бунинг акси кўзга ташланмоқда.
Ўқитувчида сўралиши керак бўлган асосий ҳужжатлардан ташқари тўгарак дафтари, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш дафтари, бўш ўзлаштирувчилар билан ишлаш дафтари, ота-оналар билан ишлаш дафтари, иқтидорли ўқитувчилар портфолиоси, уларнинг баённомалари, ҳисоботлари, ҳисоботлар ҳаққонийлигини исботловчи фотолар ва ҳ.к.лар тайёр туриши керак. Чунки 6 та асосий ҳужжатни тасдиқлаш, ўқитувчининг ишлаётганини исботлаш, нонини ҳалоллаб еяётганини асослаб бериш учун қолган 17 та ҳужжат, албатта, сўралади ва текширилади.

Гулором ЙЎЛДОШБЕКОВА,
Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 191-умумтаълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари:

– Ҳозир мактабларда ўқитувчининг дарсга тайёрланишидан бошқа барча ишлар муҳим бўлиб қолган. Ўқитадиган фанидан қатъи назар, у синф журнали; синф раҳбари папкаси; синф раҳбари журнали; синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатлари; ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати; ота-она билан ишлаш дафтари; дарс конспекти; йиллик режа; педагогик соат; дарс таҳлили; фанга оид кўргазмалар; паст ўзлаштирувчилар, бўш ўқувчилар билан ишлаш режа ва дафтари; иқтидорли ўқувчи билан ишлаш режа ва дафтари; ўқувчиларнинг айланма дафтарлари; ўқувчилар назорат иши дафтари; услубий бирлашма ҳужжатлари; тест банки; ўз устида ишлаш папкаси; тўгарак журнали; тўгарак билан ишлаш папкаси; микроҳудуд билан ишлаш дафтари; «Ораста қизлар» папкаси; фильтр дафтари ва шошилинч буйруқлар, ҳисоботлар, маълумотлар ва ҳоказо ҳужжатларни юритиши шарт. Қисқартириб, сони 6 тага туширилган бўлса ҳам. Ҳар бир ҳужжат суратли баённома билан расмийлаштириб борилади.

Папкалар орасида

Ўқитувчи учун бундан ташқари ҳам яна бир қатор меъёрий ҳужжатлар тайёр бўлиши талаб этилади. Яъни асосий педагогик юкламасида белгиланган йиллик иш режа, конспект, дарс таҳлили, ўқувчилар билан индивидуал ишлаш папкаси, тўгарак иш режаси, синф раҳбарлик ҳужжатларидан ташқари вазирликнинг ўндан ортиқ қарорлари, хонадон дафтари (ўқувчининг уй шароити ёзилади), йил папкаси (йил номидан келиб чиқиб тўлдирилади), «Дарс муқаддас» папкаси, «Яхши муаллим – сифатли таълим» папкаси, 187, 140, 144, 911, 1875, 175, 130, 3160 ва ҳ.к. сонли қарорлар папкалари… Ўқитувчи, ҳаммасини ҳисоб­лаганда, ўттиздан ортиқ папкани юритиши керак. Агар ҳар бирига алоҳида бир кунни бағишлаган тақдирда ҳам, қани айтингчи, кўргазма тайёрлаш, ўқувчилар билан индивидуал ишлаш, тўгарак машғулотлари ўтказиш, энг асосийси, ўз устида ишлашга қачон вақт ажратади?!
Шунча жонбозликдан кейин ўқитувчининг оғир меҳнати эвазига келган ойлик ҳақига талабгорларнинг кўплиги-чи?! Обуна, солиқ, газ, сув, электр энергияси, тоза ҳудуд ташкилоти етмагандай, ҳаёти суғуртаси, мол-мулк суғуртаси, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот, қизил ярим ой жамғармаси, болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кабилар шулар жумласидандир.

Хуршида НИШОНОВА,
Наманган шаҳридаги 43-филология
фанлари таянч мактаби тренер ўқитувчиси:

– Бунга, биринчидан, маҳаллий ҳокимият вакиллари, иккинчидан, ота-оналар, учинчидан, ўқитувчиларнинг ўзи айбдор. Ўқитувчилар сўнгги ўн йилликда беминнат дастёрга айланиб улгурганлигини айтмайсизми?! Сабаб тайин. Давлат бюджетидан ойлик олгандан кейин давлатнинг иши тушганда «лаббай» деб жавоб бериши ҳам керак-да (гўёки ўқитувчи бекордан-бекор ойлик олаётгандек).

Рағбат керакми?
Ҳужжат йиғ!

Юқорида санаб ўтилганлардан ташқари яна қўшимча ҳужжатлар ҳам бор. Масалан, ўқитувчиларга устама берилади. Бу устамалар ҳар йили икки марта тасдиқдан ўтади. Устама сўраб мурожаат қилувчининг фаолияти махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилади — ўқитаётган синфидан тестлар олинади, очиқ дарслар ўтказилади. Тестлар текширилиб, натижаларга кўра ўзлаштириш кўрсаткичи белгиланади. Очиқ дарс­лар расмийлаштирилади, баённомада ҳар бир комиссия аъзосининг хулосалари ва уларга ўқитувчининг муносабати қайд этилади. Шу баённома асосида комиссия қарор қабул қилиб, устама белгилайди.
Яна бир ҳолат. Ўқитувчини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили турли танловлар ўтказилади. Хусусан, «Йил ўқитувчиси» танловини олайлик. Ўқитувчи бунинг учун дарсини ташлаб, ҳужжат йиғади. Мактаб жойлашган туман ХТБга ёки улар айтган жойга бориб, тест топшириши, дарс ишланмаси ёзиб бериши керак. Аммо танлов ўтказиш тартиби яхши йўлга қўйилмагани учун баъзи ўқитувчилар шу ерда ўтириб ёзиб бермоқда, баъзилари тайёр электрон шаклини олиб келиб беради (биринчи ўқитувчининг ўқувчилари дарссиз қолади). Ёки туман ХТБга ўқитувчилар ҳақида маълумотлар йиғиб, қоғоз ва электрон шаклда топширилади. Бир ой ўтар-ўтмас, ҳатто ундан ҳам эртароқ худди шу ҳужжатлар ҳошиясидаги чизиғи қалин экан, шрифти майда (катта) экан каби тутуриқсиз баҳоналар билан қайта сўралади. Ўқитувчилар овора бўлиб, битта нарсани сал ўзгартириб қайта-қайта қилаверади. Уларни чиқариш, расмийлаштириш ҳам вақт олади ахир!

Қоғоз бандилари

Кўринаяптики, таълимни самарасиз, ўқитувчини ҳурматсиз ва ҳимоясиз қатламга айлантираётган омил оддийгина оппоқ қоғоз эканлиги ойдинлашмоқда. Ахлоқий жиҳатдан ўқувчиларнинг идеалига айланиши ва уларни маънавий юксалтириши керак бўлган устозлар қоғоз бандаси ва бандисига айланиб қолмоқда. Ўқитувчининг инсоний қиёфаси, ички ­дунёси, неча йиллик тажрибаси, дарс ўтиш маҳорати ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Ахир таълим самарадорлигига янги усулда дарс ўтиш, текширувчиларни кутиб-кузатиш билан эришиб бўлмайди-ку?! Дарсда мукаммал ҳужжат эмас, самимий муносабат, қалб ҳарорати иштирок этиши керак. Бусиз ўқувчига ижобий таъсир қилиб, уни фанга қизиқтириб бўлмайди. Ўқувчининг фазилатлари, ижодий имконият­ларини очолмайди.

Дилдора БОЙБЕКОВА,
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги
131-мактаб ўқитувчиси:

– Ҳафтада икки марта ҳар бир фан ўқитувчиси педагогик юкламасидан ташқари тўгарак машғулотларини олиб бориши шарт. Ҳудуд ва тўгаракдаги болалар ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ўқув режасини тузади. Уни директорнинг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари текшириб, имзо чекиб тасдиқлайди. Шундан сўнг директорга киритилади. У ёқдан ҳам текшириб, имзоланиб чиқилиши керак.
Дарс ўтганинг ҳақида
МАЪЛУМОтНОманг борми?
Ўрганиш натижасида маълум бўлдики, ўқитувчидан ўқувчи билан сифатли ишлаш эмас, шу ҳақдаги ҳужжат сўралади. Дарсни қизиқарли, ижодий, бетакрор ўтиш эмас, шундай ўтилгани ҳақида баённома талаб этилади. Иқтидорли болаларни янада ўстириш, ўзлаштириши паст болаларни эса фанга қизиқтириш, кўнглига йўл топиб, яхши ўқувчига айлантириш эмас, шу жараёнга тайёрланиш, соат нечада қанча муддат бўлиши тўғрисидаги қоғозлар тўлдирилиши муҳим ҳисобланади. Халқ таълимида яна бир муҳим муаммо ҳам борки, унга тўхталмаслик мумкин эмас. Яъни педагогик технологиялар, интерфаол усуллар, мултимедиа воситалари ўқувчиларни саводсиз қилиб қўяётир. Масалан, она тили дарсида сўз бирикмалари ўтилиши керак. Ўқитувчи талаб қилингани учун дарсга ноутбук, проектор ва электрон материаллар юкланган флешка билан киради ва болаларни сўз бирикмалари, уларнинг ҳосил бўлиш тарзи, саволлари, вазифаси каби маълумотлар билан таништиради. Ўқувчи илгари бу маълумотларни (у дарсликда бўлса ҳам) дафтарига ёзиб бориши шарт эди! Синфдошларидан ортда қолмаслик учун тез, чиройли ва хатосиз ёзишга интиларди. Қизил билан белгиланган хатоларини қайта такрорламасди. Ҳозир-чи? Флешкада турган тайёр электрон маълумотни ўзига ташлаб олади. Ўқитувчидан ҳужжатларни қоғозда тўлдириш (электрони мавжуд бўлса ҳам) талаб этилгани ҳолда ўқувчининг ҳатто она тили дарсида ҳам кам ёзаётгани ҳеч кимни безовта қилмаяпти. Ахир бола ҳар бир эгаллаган билимини қўли билан нафақат дафтарга, балки миясига ҳам муҳрлайди. Бехато ё тузатилган шаклда. Шу боис диктант, баён, иншоларни текшириш азоб.

Хуллас, айтаман ДЕСАНГИЗ гап кўп. Бугун таълим тизимидаги ислоҳотларда айни шу ҳужжатбозликни камайтиришга эътибор қаратилаётганига ишонамиз. Янги ўқув йили бош­ланишига ҳам оз фурсат қолмоқда. Ўйлаймизки, ўқитувчилар ушбу ўқув йилида вақтини қоғоз тўлдиришга эмас, сифатли ва савияли дарс беришга сарфлайди.

Муҳайё ИСМОИЛОВА

Бошқа хабарлар