Мактаб – адолат ўчоғи бўлсин

527

«Ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш учун уларни бегона ишларга жалб қилишни, фаолиятини текширишни чеклаш керак. Бунинг учун ўқитувчининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган махсус ҳуқуқий хизматни шакллантириш, уларнинг обрўсини ошириш зарур». Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда таъкидлаган ушбу сўзлари, ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, бугун ҳар бир ўқитувчиларнинг юрак-юрагига етиб борди. 

Яқин-яқинларгача таълим муассасаларидаги ноқонуний хатти-ҳаракатларга оддий воқеа сифатида қарашга ўрганиб қолган эдик. Бир мисол. Бундан бир ярим ойча аввал Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририятига Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактабининг исми-шарифи сир қолишини истаган ўқитувчиси мурожаат қилди. Шикоятда қайд этилишича, «Обод маҳалла» дастури учун ходимларнинг иш ҳақидан ҳеч қандай розиликсиз ушлаб қолинган экан.
Аслида нима бўлган эди? Андижон вилояти ҳокимининг шу йил 6 май кунги фармойиши асосида 11-12 май кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилган. Фармойишда хайрия ҳашаридан келиб тушган маблағларни «Обод қишлоқ» дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш, уй хўжалиги ишларига кўмаклашиш сингари юмушларга сарфлаш кўзда тутилган.
Андижон шаҳри халқ таълими бўлими мутасаддилари юқоридаги ҳужжат билан танишган бўлса-да, фармойишнинг 3-бандида ташкилот, корхона ва муассасалар ходимларининг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилаб қўйилганлигини нотўғри талқин қилишди. Натижада ХТБнинг бухгалтерия бўлими мутахассислари томонидан мактаб жамоасининг иш ҳақидан ушлаб қолинадиган сумма учун ходимлардан ҳам, таълим муассасаси директоридан ҳам розилик олинмаган.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, ходимлар ойлик маошидан ўртача 20 минг сўмдан, жами 2 миллион 440 минг сўм мажбурий тартибда чегириб қолинган. Касаба уюшмалари аралашуви билан ушбу маблағ ўз эгаларига қайтарилди.
Албатта, ҳашарда қатнашиш ёки ҳомийлик кўрсатиш ҳар бир кишининг ихтиёрига ҳавола. Ана шу мезон унутилган жойда норозилик келиб чиқади. Хайриятки, рўй берган кўнгилсиз ҳолатга ўз вақтида барҳам берилди. Мактаб жамоасининг аҳиллиги, атрофда рўй бераётган ноҳақликларга муросасизлиги намоён бўлди.
Кўриниб турибдики, мамлакат миқёсида ўтказилган йиғилишдан кейин илм даргоҳларида ўқитувчининг қадрини ошириш, юксак мақомини тиклаш баробарида турли хил кўнгилсизликларга чек қўйиш юзасидан ҳам катта ўзгаришлар бўлиши амалда ўз тасдиғини топмоқда.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар