Оролбўйилик болалар сўлим Уобсойда

467

Президентимизнинг 2017 йил декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида берган таклиф ва тавсиялари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалар фарзанд­лари ҳамда Оролбўйи минтақасининг иқтидорли ўғил-қизларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Куни кеча Жиззах темирйўл вокзалида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинган қорақалпоғис­тонлик 80 нафар болажон Ш.Рашидов туманидаги Уобсой қиш­лоғининг гўзал ва баҳаво табиат қучоғида жойлашган «Жиззах аккумулятор заводи» АЖга қарашли «Энержи» оромгоҳига йўл олишди.
Айтиш жоизки, «Энержи» болалар оромгоҳида болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, нафақат жисмоний чиниқиши, балки маънавий-интеллектуал салоҳиятларини ошириш учун шароит яратилган. 200 ўринли ошхона, ёзги эстрада ва тантаналар майдонлари, спорт ўйинлари павильони, футбол, волейбол, бадминтон, баскетбол майдончалари замон талаблари асосида жиҳозланган. Ўнга яқин тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.
– Жиззах воҳасига биринчи бор келишим, – дейди Оролбўйи болалари гуруҳ раҳбари, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар кенгаши раиси Зийнаддин Есенбаев. – Табиати гўзал, мафтункор, жудаям баҳаво, одамлари самимий ва меҳмондўст экан. Гуруҳимиздаги болажонларнинг ўттиз нафари кам таъминланган оиладан бўлса, қолган эллик нафари иқтидорли болалардир.
– Билимлар беллашувида биология фани йўналишида иштирок этиб, Нукус шаҳри босқичида 1-ўринни қўлга киритганман. Мана шу камтарона ютуғим учун менга Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ушбу оромгоҳга бепул йўлланма берилди, – дейди Нукус шаҳрилик Манзура Қирлибоева. – Бу ерда мазза қилиб, дам оляпман. Бу менга олам-олам қувонч бағишламоқда. Бизга мана шундай шароитларни яратиб берган давлатимизга ва жонкуяр инсонларга катта раҳмат.
Ёш ижрочилар, маданият ва санъат арбоблари иштирокидаги маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва суҳбатлар болажонларда катта таассурот қолдирмоқда.
Тадбир доирасида ўтказилган «Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати» акцияси давомида «Юрагимга жо бўлган Ватан!» мавзуидаги расмлар ва рақслар танлови ҳам ташкил этилди. Унда юқори натижаларни қўлга киритган ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси матбуот хизмати раҳбари,
Абдуманноп АЗИМОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар