Мажбурий меҳнат мажбурият эмас

110

Меҳнатда қачон унум, барака бўлади? Қачонки, чин кўнгилдан, астойдил берилиб ишланса. Айнан шунга кўра ҳам Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг май ойида қабул қилинган «Ўзбекис­тон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор айни муддао бўлди.

– Қарорда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари зиммасига муҳим вазифалар юклатилган, – дейди Самарқанд вилоят бандлик бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси бош­лиғи Лазиз Қаршиев.

– Ўтган икки ойда Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари, касаба уюшма мутахассислари билан ҳамкорликда барча туман ва шаҳарларда мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир семинар-тренинг­лар ўтказилди. Иштирокчиларга мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларини видео-аудио тасвирлар орқали таҳлил қилиш имкони яратиб берилди. Бундан ташқари, вилоят бандлик ҳамда адлия бошқармаларининг қўшма буйруғига асосан ҳар бир ҳудудга масъуллар бириктирилиб, мониторинг олиб борилмоқда.
Касаба уюшмалари тизимидаги барча бош­ланғич ташкилотлар орқали меҳнат жамоаларига меҳнатнинг мажбурийлик касб этган ҳолатлари акс эттирилган плакатлар етказиб берилган. Қуйи ташкилотлар етакчилари бирлашма кенгаши қошидаги «Самарқанд касаба зиё» ўқув марказидаги таҳсил жараёнида бу борадаги билимларини ҳам мустаҳкамламоқда. Шунингдек, касаба уюшмалари қошида фаолият юритаётган «Ишонч телефонлари» орқали мурожаатлар қабул қилиниб, ҳамкор ташкилотларни жалб этган ҳолда қонуний таъсир чоралари кўриб келинаётир.
Тармоқ касаба уюшмалари томонидан жойларда ташкил этилаётган «Жамоатчилик қабуллари»да ҳам туманлар кесимидаги ҳолатлар ўрганилаётир. «Маънавият соатлари»да бирлашма юридик бўлими иштирокида мавзуга доир чиқишлар қилинмоқда.
Амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ўз натижасини бера бошлади. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, қарор талаб­ларини унутиб қўяётганлар ҳам йўқ эмас. Адлия ва бандлик бош­қармалари олиб бораётган мониторинг натижаларига кўра, ўтган икки ойда ўндан ортиқ меҳнатга мажбурлаш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 49-умум­таълим мактаби директори икки нафар 10-синф ўқувчисини таъмирлаш, ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб этган. Шунинг­дек, шаҳардаги 114-мактабгача таълим муассасаси раҳбари тарбиячиларни вазифасига кирмайдиган юмушларни бажаришга мажбур қилган. Ушбу ҳолатларга ўз вақтида барҳам берилиб, қоидабузар раҳбарларга тегишли тарзда чора қўлланилди.
– Самарқанд шаҳар таълим муассасаларида юз берган ҳолатларни барча бош­ланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчилари иштирокида муҳокама қилдик, – дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси шаҳар кенгаши раиси Бахтиёр Номозов. – Бундан кейин шу каби хунук ҳолатлар учун иш берувчи билан биргаликда касаба уюшма етакчиси ҳам жавоб беради. Қарор ижросига лоқайдлик билан қараган ҳеч қайси масъул ходим кечирилмайди.
Ҳар бир касбнинг, юмушнинг ўз эгаси бор. Уларга етарлича шароит яратилса, мажбурий меҳнатга асло ўрин қолмайди. Бу борада Самарқандда катта тажриба тўпланганлигини эътироф этиш даркор. Шаҳар ободончилигига ­масъул бўлган идоралар кейинги йилларда кўча ва хиёбонларнинг саранжом-саришталигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Барча кўчаларни анвойи гулларга буркаган ҳам шулар. Қилса бўларкан-ку, деб юборасиз беихтиёр. Вазифалар тақсимотида ҳам гап кўп, аслида. Тарози палласини тенг ушлаган раҳбар ҳеч қачон панд еб қолмайди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар