Илм-фан ривожи тараққиётга, бунёдкорлик фаровонликка хизмат қилади

107

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аввал белгиланган вазифалар ижроси билан танишди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Мирзо Улуғбек шаҳарчасида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида бўлди.
Шиддат билан ўзгараётган бугунги замон ҳар қандай мамлакат олдига нефть, газ, кўмир каби қайта тикланмайдиган энергия манбаларини тежаш, ресурсларнинг муқобилидан фойдаланган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш талабини қўймоқда. Юртимизда энергетика соҳасини изчил технологик модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда атом энергетикасини барпо этишга киришилди.
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган «Ўзбекистон Респуб­ликасида атом энергетикасини ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия билан барқарор таъминлаш, энергетика секторини диверсификация қилиш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ушбу йўналишларга илғор инновацион технологияларни жорий этиш мақсадларини кўзда тутади. Ушбу йўналишдаги давлат сиёсати ва атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Ўзбекистон АЭС учун асосий хом­ашё бўлган уран захираси бўйича дунёда еттинчи ўринда туради. Бу захирадан унумли фойдаланиш учун мавжуд илмий-тадқиқот базасини такомиллаштириш, замонавий билимларни пухта ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш талаб этилади. Шу боис ЎзФА Ядро физикаси институти базасида Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш режалаштирилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги қарори билан янгидан ташкил этилган Ядро физикаси институтида 10 мегаваттлик илмий-тадқиқот ядро реактори ишлаб турибди. Ўнлаб радиоизотоплар ишлаб чиқарилиб, тиббиёт муассасаларида қўлланилмоқда, 12 мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари институт ҳудудида ташкил этиладиган Москва муҳандислик-физика институти филиали лойиҳаси билан танишди. Филиал жойлашадиган кампус ўқув биноси, талабалар учун турар жой, ўқитувчилар учун меҳмонхона, ошхона, спорт майдони, дам олиш масканларини ўз ичига олади. Яшаш манзилидан ўқув корпусига келадиган 600 метрлик йўл бўйлаб яшил хиёбон яратилади. Филиал энг замонавий жиҳозлар, юқори технологик ускуналар билан таъминланади.
– Бу институт мамлакатимизда барпо этиладиган атом электростанция­сига ҳамоҳанг бўлиши керак, – деди Президентимиз. – Келгусида Мирзо Улуғбек шаҳарчасидаги эски маданият саройи ва унинг атрофи замонавий қиёфага киради. Олимларнинг меҳнат қилиши, илм-фанни ривожлантириш учун халқаро стандартларга мос ­шароитлар яратилади.
Президентимиз ушбу шаҳарча олимлар маскани бўлиши кераклигини, яқин вақтларда бу ерга бошқа илмий-тадқиқот институтлари кўчирилишини таъкидлади. Шу мақсадда шаҳарчанинг Бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Шаҳарча ҳудудини кенгайтириб, институтлар учун бинолар, кўп қаватли уйлар, математика ва физика фанларига ихтисослашган мактаб, болалар боғчаси қуриш, шаҳар маркази билан транспорт қатновини яхшилаш, ер усти метроси ҳаракатини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институти залида Фанлар академия­­си ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув ўтказди.
Мамлакатимизда илм-фанни ривож­лантириш мақсадида олимлар билан учрашувлар ўтказиш анъанага айланди. Давлатимиз раҳбари жорий йил 6 апрель куни Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида олий таълим ва ЎзФА илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан учрашувда фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш бўйича зарур топшириқлар берган эди. Мулоқот чоғида бу борадаги вазифалар ижроси ҳақида сўз борди.
Илм-фанга юртимизда катта эътибор қаратилаётгани, кейинги бир йилда соҳага доир 11 фармон ва қарор қабул қилингани қайд этилди. Лекин шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, илмий изланишлар етарлича қўллаб-қувватланмаётгани танқид қилинди.

– Илм-фанда халқимиз манфаатига хизмат қиладиган ўз йўлимизни топмасак, эртага ёшларимиз бизни кечирмайди. Иқтисодиётимиз қачон барқарор бўлади? Фанни ривожлантирсак. Илм ўз-ўзидан бўлмайди, унга машаққатли меҳнат, давлат миқёсида эътибор керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қараладиган, унинг харидори олдиндан аниқ бўладиган тизим яратилсагина мақсадга эришиш мумкинлигини таъкидлади. Илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилиши, илмий-тадқиқот инс­титутлари ходимларининг маошлари бир неча баробар оширилишини маълум қилди.
Ёш авлоднинг миллий ва жаҳон илм-фан ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштиришга интилишини рағбатлантириш, ўқувчиларнинг фундаментал фан асосларини пухта эгаллаши учун шарт-шароит яратиш мақсадида ихтисослашган мактаблар ташкил этилаётгани, мактаб ёшидан бўлғуси олимларни тайёрлаш, уларнинг инновацион ва новаторлик қобилиятини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни илмий фаолиятга жалб қилиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда академик фан салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Тадбирда Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, ЎзФА Ион плазма ва лазер технологиялари институти директори Ҳ.Ашуров, академиклар А.Асқаров, С.Баҳромов ва бош­қалар мамлакатимизда илм-фаннинг ҳар бир йўналишини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар бошлангани, физика-математика соҳаси олимлари билан мазкур учрашув атомни ўрганиш фани ва ядро технологияларини ривожлантиришга оид комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги долзарб вазифаларни белгилаб олишда муҳим қадам эканини алоҳида қайд этдилар.
Тошкент йирик мегаполисга айланмоқда. Шунга монанд улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгуси ривожланишини инобатга олган ҳолда, Тошкент шаҳри бўйлаб ер усти ҳалқа метро линиясини қуриш бўйича топшириқ берган эди. Қисқа фурсат ичида кенг кўламли қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Президентимиз Тошкент шаҳри бўйлаб барпо этилаётган ер усти ҳалқа метро линияси қурилиши билан танишди.
Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 422,3 миллион долларга тенг. Лойиҳа доирасида 2 мингга яқин таянч устунлар ва оралиқ тўсинлар, 13 мингга яқин темир-бетон балкалар ўрнатиш ва 35 бекат қуриш назарда тутилган.
Қурилиш ишлари беш босқичда амалга оширилади. Дастлаб Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. 11 километрлик масофада 8 бекат бунёд этиш мўлжалланган.
Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан «Олмазор» бекати боғланади. Сўнгра бу ердан «Беруний» бекатигача бўлган масофада қатновлар йўлга қўйилади. Кейинги босқичда «Беруний»­дан «Бодомзор» бекатигача қурилиш ишлари олиб борилиб, сўнгги босқичда «Дўстлик» бекатига уланади.
Президентимиз шу йилнинг июнь ойида ушбу қурилиш жараёни билан танишиб, бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берган эди.
Бугунги кунга қадар ҳалқа метро йўлининг 4 километр қисмида қурилиш ишлари амалга оширилиб, 206 та таянч устуни учун котлован қазиш ишлари бажарилган. Устунлар устига кўндаланг темир-бетон таянч ўрнатиш ишлари бошланган. Устунлар оралиғини бирлаштирувчи 16 та темир-бетон балка ўрнатилган.
Қурилиш ишларига 60 дан ортиқ техника ва механизм ҳамда 400 нафар муҳандис ва ишчи жалб қилинган. Метро қурилиши «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан амалга оширилмоқда.
– Бу транспорт тармоғи ишга тушишини халқимиз интиқлик билан кутмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. – Арзон ва хавфсиз бўлган мазкур транспорт тармоғи аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратади. Энг муҳими, бу бошқа жамоат транспортларидаги юкламани ўзига олади, шаҳар марказидаги тирбандликни камайтиради. Шунинг учун қурилишни имкон қадар тезроқ якунлашимиз керак.
Давлатимиз раҳбари ер усти ҳалқа метро линияси қурилишида эътиборга олиш лозим бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталди. Бунёдкорлик ишлари узлуксизлигини таъминлаш, унинг атрофини ободонлаштириш, «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача ва Қўйлиқ бозоридан «Олмазор» бекатигача бўлган қисмини 2019 йил Наврўз байрамигача фойдаланишга топшириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
Айни пайтда ҳалқа метро линиясидаги поезд ва бошқа техника воситаларини бошқариш учун 50 нафарга яқин мутахассис Жанубий Корея ва Хитойда малака оширмоқда. Метрода ҳаракатланадиган янги поезд вагонлари ҳам тайёрланмоқда.
Шавкат Мирзиёев Сергели тумани «Чош­тепа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги янги уй-жойлар қурилишини бориб кўрди.
Бу ерда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган 30 гектар ерда чет эллик инвес­торлар иштирокида янги қурилиш технология­лари асосида 4 минг 20 хонадонга мўлжалланган 72 та 7 қаватли уй қурилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан мамлакатимизнинг барча шаҳарларида турар жойга муҳтож оилалар учун арзон уй-жойлар қурилиши бошланди. Бундай уйлар Тошкент шаҳрида узоқ йиллардан буён қурилмаётган эди. Янги уйлар асосан қиммат тижорат уйлари бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар уларни олиш имкониятига эга бўлмаган.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Сергели туманида 2017 — 2022 йилларда 500 кўп қаватли уй қурилиши бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Бу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши қарийб 30 минг оиланинг уй-жойга эҳтиёжини таъминлаш имконини беради.
Мазкур дастур ижроси доирасида 2017 йилда туманда 102 кўп қаватли арзон уй қурилиб, 4 минг 88 хонадон ўз эгаларига топширилди.
Тошкент шаҳрида барча манбалар ҳисобидан қарийб 28 минг хонадонли 638 кўп қаватли уй қурилмоқда. Жумладан, замонавий лойи­ҳалар асосида жами 15 минг 740 хонадонли 334 арзон уй барпо этилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпдир.
Чоштепа маҳалласида қурилаётган уйлар маҳаллий бюджетга қўшимча тушумлар ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан барпо этилаётгани билан аҳамиятлидир. Уйлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида бўлиб, хонадонлардан бир қисмини уй-жойга муҳтож ногиронларга бепул тақдим этиш, қолганларини эҳтиёжманд оилаларга вақтинча яшаб туриш учун ва кейинчалик имтиёзли кредит расмийлаштирган ҳолда хусусий мулк сифатида бериш белгиланган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур уйлар жорий йилнинг 20 декабрига қадар фойдаланишга топширилади.
Президентимиз қурилиш жараёни билан танишар экан, уйларнинг мустаҳкам ва пишиқлигига, уларни қуришда замонавий, янги ва самарадор технологиялардан фойдаланилаётганига эътибор қаратди.
– Уй қурилишида ҳар жиҳатдан қулай ва сифатни таъминловчи илғор технологиялардан фойдаланиш кўламини янада кенгайтиришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев. – Мамлакатимизда бу каби уйлар қурилиши тизимли давом этади. Шу боис қурувчи кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ёшларимиз қурилиш саноатида энг сўнгги технологияларни, инновацион ғояларни ҳаётга тат­биқ этишга қодир бўлиши зарур.
Давлатимиз раҳбари уй қуришнинг замонавий ютуқларини ўзлаштириш, бундай уйларни бошқа жойларда ҳам лойиҳалаштириш бўйича топшириқлар берди.
Узунлиги 7,1 километр бўлган Тошкент мет­рополитенининг Сергели линияси қурилишини 2020 йилга қадар якунлаш кўзда тутилган. Сергели метро линияси ҳозиргача Марказий Осиёда қўлланилмаган бутунлай янгича – эстакада усулида бунёд этилмоқда. Мазкур линия кўприксимон тарзда қурилади, поездлар ер устида ҳаракатланади. Бекатларда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус лифт ва эскалаторлар ўрнатилади.
Лойиҳа қиймати 105 миллион долларга тенг. Унинг доирасида 265 жуфт таянч устун ва оралиқ тўсинлар ўрнатиш, 6 та йўловчи бекати ва 6 та электр таъминоти станциясини қуриш кўзда тутилган. Метронинг Сергели йўналиши Чилонзор йўналишининг «Олмазор» бекатидан бошланиб, «Йўлдош» даҳасигача бўлган ҳудуддан ўтади.
Айни пайтда лойиҳанинг 5 километр қисмида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. 130 жуфт таянч устунлар ўрнатилган. Улар устига 60 та оралиқ тўсинлар қўйилиб, бирлаштирувчи балкалар ўрнатиш ишлари бош­ланган.
Қурилиш ишларига 70 дан ортиқ техника ва механизм, 350 нафар малакали муҳандис ва ишчилар жалб қилинган. Жорий йил якунига қадар 6 километр масофада темир-бетон конструкцияларни монтаж қилиш ҳамда 3 метро бекатини қуриш ишлари тугалланиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбари бу ерда қурилишнинг боришини кўздан кечирди. Метрони сифатли, қулай ва хавфсиз қилиб қуриш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ерда Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган 9 қаватли уйлар лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Алоуддин ҒАФФОРОВ,
ЎзА махсус мухбирлари

 

Бошқа хабарлар