И Б Р А Т

80

Шу тобда кўнглига ҳеч нарса таскин беролмаётган Холча момо чорпоя­­да ўтирганча хаёлга чўмди. Яна арзандаси Ҳилолахон ­уйидан аразлаб келиб ўтирибди. Очиғи, шу ­супрақоқтиси салгина эрка чиқди. Тўғри-да, «кенжатойим- эркатойим» деб ўзи ҳам шу қизини жуда талтайтириб юборди.

Болаликдан опа-акаларининг соясида катта бўлган қизалоқнинг инжиқлиги-ю эркаликлари улғайган сари ортиб борди. Кенжатойи туғилган вақтда янги ой кўрингани учун яхши ниятлар билан қизига Ҳилола деб исм беришди. Ҳақиқатан ҳам исми жисмига монанд ойдек гўзал бўлган қизнинг бўйи етган сари харидори кўпая бошлади. Кўп йигитлар қатори бир неча ҳовли нарида яшайдиган Баҳромжон ҳам қизга бефарқ эмас эди. Ўғлининг нияти жиддийлигидан хабар топган онаси қизникига совчиликка боришга шошилмади. Ойдек гўзал қизнинг уй-рўзғор ишларига уқуви йўқлиги ҳар ҳолда қўни-қўшнининг ҳам қулоғига етган эди. Ўғли бошқа қизларга розилик беравермагандан сўнг Баҳромжоннинг онаси ноилож ҳамсоясининг эшигини супургани борди. Тўй-томоша, олам-олам орзу ҳаваслар билан икки ёш турмуш қурди. Чимилдиқнинг оҳори тўкилмаёқ куёв йигитнинг қулоғи қайнона-келин «ади-бадиси»дан қизий бошлади. Қайнона келинининг уқувсизлигидан шикоят қилса, келин қайнонанинг ўта талабчанлигидан безор. Шу зайлда кунлар ойларга, ойлар йилларга уланди. Хонадонга «патак илдиз» отиб олган Ҳилолахон энди очиқ-ойдин қайнонани писанд қилмас, эри олдида бир гапдан қолай демасди. Тегирмон навбати билан айланади деганларидек, Баҳромжоннинг онаси ҳам бир замонлар қайнонасига «ҳунар» кўрсатган эди, тақдир чархпалаги айланиб, севимли фарзандининг аёлидан шу кунларни кўриб турибди.
Мана, бир неча йиллар давомида Баҳромжон билан Ҳилолахоннинг хонадонида дока рўмол қурий демайди. Холча момо қизига панд-насиҳат қилиб ­уйига элтиб қўйишдан чарчамайди, қизи эса ўзининг ҳақлиги ҳақидаги иддаоларини қўймай ота уйи­­га аразлаб келишини қўймайди. Шуларни ўйлаб ўтирган момо бир замонлар энасидан эшитган ибратли воқеани эслади.
«Эр-хотин ҳар куни арзимаган сабаб билан жанжаллашаверар, ҳар бири ўзича ҳақ эди. Рўзғордан ҳам барака кўтарилган, ҳаловатга ҳам путур етганди. Бир девор қўшниси хонадонидан эса фақат қувонч ва шодлик овози эшитилиб турар, эр-хотин гулдек яшнаб юрар эдилар. Кундалик жанжаллардан безор бўлган эр қўшни хонадондаги аҳилликнинг сабаби нима эканига қизиқиб, уларни кузатишга жазм этди. Девор оша кузатар экан, қўшни аёл сув сепаётганда ичкаридан боласининг овози эшитилди, аёл челакни шу ерда қолдириб ичкари томон югурди. Шу вақт эшикдан келган эр оёқ остида қолган челакка бехосдан қоқилиб кетди, шовқинни эшитиб югуриб чиққан аёл узр сўрай бош­лади: « Минг бор узр, бегим, айб менда, челакни чеккага олиб қўймабман, кечиринг…». Бунга жавобан эр: «Айб менда, оёқ остига қарамай челакни туртиб юборибман, сиз мени кечиринг», дея узр сўради. Бу ҳолатни кузатиб турган қўшни ўзига шундай хулоса чиқарибди: «Қўшни хонадонда ҳамма айбдор, аёл айбини тан олиб, узр сўрашга шошилса, эр ўзини айбдор санаб кечирим сўрашга тайёр, бизнинг хонадонда эса акси – мен ўзимча ҳақман, аёлим ўзича. Шу зайл­­да ўзимизча ҳақиқат ахтариб, умримиз ўтган экан, афсус…» Шундай қилиб аёл ҳам, эркак ҳам ўз хатоларини тузатиб, аҳил яшай бошлашган экан.
Холча момо шуларни эсларкан, шу воқеани қизига сўзлаб беришга ахд қилди. Шояд тили чаққон қизи ҳам инсофга келса-ю тиниб, тинчиб кетса…

Муқаддас РАЗЗОҚОВА

Бошқа хабарлар