«Сингапур мўъжизаси»нинг сирлари

89

Киши ҳаёти давомида эл-юрт учун қилган яхши амаллари нафақат ўзининг эртанги порлоқ ҳаётини, балки мамлакатнинг бир неча асрлик фаровон келажагини белгилаши ҳозирги кунга қадар исботини топиб келмоқда. Бугунги ривожланган орол давлат — Сингапурнинг собиқ раҳбари Ли Куан Юни шундай раҳбарлар сирасига киритиш мумкин.

Ли Куан Ю 1959 йили мустақилликка эришган давлатнинг бош вазири лавозимида 31 йил фаолият юритди. У ўзининг аниқ ҳисоблари асосида ишлаб чиққан стратегияси орқали табиий ресурслардан фойдаланмаган ҳолда кичик бир оролни ривожланган давлатга айлантира олди. Одил бошқаруви натижасида эса хусусий ва давлат маблағининг ўзига хос мувозанат усулини шакллантирди. Жамиятни кемирувчи иллат — коррупцияга қарши қатъий турди. У 92 ёшида оламдан кўз юмди. Буюк ислоҳотчининг амалга оширган ишлари «Сингапур мўъжизаси» дея ном олган. Қуйида унинг ибратли ­фикрларидан айримлари ҳавола этилмоқда.

* * *

Биз ишга янги муносабатлар билан ёндашмоғимиз даркор. Масалан, маош белгиланган иш вақтига эмас, балки унинг натижаси ва сифатига боғлиқ бўлиши керак.

* * *

Инсоннинг ақлий салоҳияти ҳокимият ваколатларини шахсий даромад олиш воситаларига айлантириш борасида чексиз имкониятларга эга.

* * *

Агар биз бошқарадиган ҳокимият кучидан кўпчиликнинг ҳаётини яхшилаш йўлида фойдаланилмаса, бошқарувдаги озчилик — иерархия (юқори мансабдорлар)нинг чўнтагини тўлдирадиган бўлса, бу ёмонлик аломатидир.

* * *

Истеъдодли инсонлар — мамлакатнинг энг бебаҳо шаънидир.

* * *

Ютуққа етакловчи бошқарувчилар қумдаги марваридларга ўхшайди.

* * *

Халқимиз ҳеч кимдан ёрдам сўрашга одат қилмаслигига ишончим комил эди. Агар биз муваффақият қозонишни истасак, фақат ўзимизга ишонишимиз керак.

* * *

Кучсиз одамлар осон йўл топиб беришни ваъда қилганларни сайлашади. Аслини олганда эса бундай йўл бор-йўғи сароб, холос.

* * *

Барча давлат раҳбарлари эмиграциянинг салбий таъсири ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимга қўшилмаган. 1970 йилларнинг бош­ларида Малайзия Бош вазири Тан Разакга «ҳиндистонлик ва хитойлик ўқимишли зиёлиларнинг Австралия ва Янги Зелландияга кўчиб кетиши натижасида мамлакат «ақл танқислиги»га дучор бўлмайдими?» деб айтганимда у «Бу «ақл танқислиги» эмас, балки турган-битгани муаммолар оқими», дея жавоб берган эди.

* * *

Агар мамлакат нотўғри бошқарилса, барча ақлли одамлар уни тарк этади.

* * *

Курашчанлик руҳидан маҳрум бўлган одам уйда пайпоқ тўқигани маъқул. Сиёсат заиф ва руҳсиз одамларнинг иши эмас. У инсондан ­қатъийликни ва ишончни талаб қилади.

* * *

Аслида биз Сингапурда ҳеч нарсани бунёд этмадик. 150 нафар камбағал балиқчилар қиш­лоғи ўрнида пайдо бўлган дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири экватор чизиғига жуда яқинлиги билан ажралиб туради, холос. Айтганча, тарихда экваторга яқин жойда яна бир цивилизация – Юкатан ярим оролидаги Майя ҳам бўлган.

* * *

Агар олий маълумотли эркак киши олий маълумотли аёлга уйланишни истамаса, мен унга аҳмоқларнинг аҳмоғи эканини айтишим мумкин. Агар олий маълумотли эркак олий маълумотсиз аёлга уйланса, у ҳолда унинг ҳаётида муаммолар бўлиши тайин. Чунки бундай ота-онадан туғилган фарзандлардан биттаси ақлли, биттаси эса ақлсиз бўлади. Бундай шароитда сочингни ўзинг юлишга мажбур бўласан.

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА
тайёрлади

Бошқа хабарлар