Ажабтовур пешлавҳалар ёхуд ажнабий ёзувлар нега урчиб кетмоқда?

255

Якшанба куни эди. Фарзандимни сайрга олиб чиқдим. Пойтахтимизнинг гўзал манзараларини биргаликда томоша қилдик. Гўзал хиёбонларни айландик. Улкан бунёдкорликларни яқиндан кузатдим. Қандай яхши! Муҳташам иморатларни, кўприклар, истироҳат масканларини кўриб, кўзингиз қувнайди, баҳри дилингиз очилади.

Аммо шундай пайтда улар ҳуснидаги доғлар кўнг­лингизни хира қилади. Гап уларнинг меъморий ечими ёки ташқи қиёфасидаги камчиликлар хусусида эмас, балки пештоқидаги ёзувлар ҳақида кетмоқда. Айниқса, ошхона, кафе, сартарошхона ва дўконлар ҳамда турли фирмаларнинг номларига боқиб, капалагингиз учади. Ҳаммаси ажнабий.
Ушбу пешлавҳали дўконлар, савдо шохобчалари орасидан ўтар экансиз, беихтиёр ўзингизни ноқулай сеза бошлайсиз. Атрофингиз тўла ажнабий ёзувлар… Боз устига, ўзбекча номлилари хато билан ёзилган бўлса, шундай фикрга келишингиз табиий-да.

Мана, бинолар пештоқидаги ёзувлар: «KeFsi.uz», «Good day LAVASH», «EVOS» – булар кафе ва тамаддихоналар номлари, «UNIFORMA» кийим дўкони», «СТИЛЯГА» сўнгги урф­даги аёллар ­кийими дўкони», «Aqua Heat» маиший техника дўкони».

Биламизки, улар кимнингдир мулки ёки фирмаси. Унга ном қўйиш ўша тадбиркорнинг ўзигагина боғлиқ масала. Лекин тил ва ёзув маданиятимиз белгиси, жамият, миллат мулкидир.
Биз Ўзбекистонда яшаймиз. Шу юртнинг фуқароси сифатида ўз ғуруримиз, шаънимиз бўлиши керак эмасми? Наҳотки, уларни гўзал тилимизда номлаб бўлмаса ёки шундай атасак, мижозлар кўпайиб, жозибаси ошадими? Менинг билишимча, буларнинг барчаси тақлид меваси, холос.
Одамнинг ғашига тегадиган бошқа бир ҳолатлар ҳам бор. Мана «Гиждуван шашлик­лари», «Гузаллик салони Говҳар» каби пеш­лавҳаларни олайлик. Бундай ёзувларни қай манзилда учратиш мумкинлигини айтиш шарт эмас. Исталган кўчадан топасиз.
Албатта, бу хатолар сиз-у бизники. Тўғри, хориждан келган меҳмон уни тушунмаслиги мумкин. Аммо ўзимиз-чи? Наҳотки, шу қадар беэътибор бўлсак? Балки, нотўғри ёзилганини билармиз ҳам? Аммо нега лоқайдмиз! Ўзимизни, ўзлигимизни ҳурмат қилмасак, эртага ёш авлодга ҳам уни юқтирмаймизми? Энг ёмони, бизнинг уларга кўникиб қолаётганимиз-да!

Йўл қоидасини бузсангиз, ҳаракат хавфсизлиги ходими ҳуштак чалади, огоҳлантиради, керак бўлса, жарима солади. Миллат маданияти, маънавияти бўлган тил ва имло қоидалари бузилганда, нега ҳеч ким ҳушёр тортмайди?

Нозима УМАРОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар