Асл отни асл чавандоз чоптиради ёхуд бугуннинг раҳбаридан нималар талаб қилинади?

215

Яқинда нуфузли бир идорадаги йиғилишга таклиф қилишди. Ташкилот раҳбари амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берар экан, айрим камчиликлар тўғрисида ҳам тўхталди. Ҳаммаси шундан кейин бош­ланди. Жиддий эътирозлар билдирилди. Йиғилиш нақ бозорга айланди. Айтишларича, кейинги пайтларда ушбу ташкилотдаги мажлисларнинг аксарияти шундай тартибcизлик билан ўтаётган экан. Бу ҳолат раҳбарнинг бўш-баёвлиги сабаб юзага келдими ёки айрим ходимларнинг одобсизлиги оқибатидами? Бундай вазият такрорланмаслиги учун раҳбардан нима талаб қилинади?

Назаримда, ҳали ҳам кўпчилик «сен менга тегма, мен сенга» қабилида фаолият кўрсатишни хоҳлаётгандек. Шунчаки, тинчгина ишга келиб-кетиш, кун бўйи компьютерда ўйин ўйнаш ёки ижтимоий тармоқлар бўйлаб сайр қилиш орқали вақт ўтказиш — бу ахир ишлаш деганимас-ку! Ушбу ҳолат давлатнинг, жамоанинг манфаатларига хиёнат эмасми?
Очиғини айтиш керак, ҳали ҳамма ҳам ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўла англаб етгани йўқ. Бундайлар раҳбарлар орасида ҳам анчагина.
Таҳририят топшириғи асосида янги қабул қилинган қарор юзасидан фикрлашиш учун нуфузли раҳбарлардан бири билан учрашдим.
— Очиғи, ишларим кўплигидан бу қарорни ҳали ўқимадим, телевизорда ҳам кўрмадим, — деди мутасадди.
Ҳайрон қолдим. Ўз соҳасига тааллуқли ҳужжат билан танишишга шошилмаётган раҳбарни давр билан ҳамоҳанг одимлаяпти деб айта оламизми? «Иш жуда кўп, улгуролма­япман» деб нолийверадиганларни-чи?
«Обод қишлоқ» дастури ижросини ўрганиш мақсадида жойларда бўлганимизда айрим раҳбарларнинг сўзини эшитиб, тўғриси, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай қолдик.
– Дастур қабул қилинганига энди уч ой бўлди-ку, йил охиригача бажарамиз-да…
Ана холос. Бамайлихотир ўтирган мутасаддини бугуннинг раҳбари дея оламизми? «Бизнинг маҳалла дастурга кирмаган» дея фуқаролар йиғини биноси хоналарининг сувоқлари кўчган деворини суватишни лозим топмаган раисни-чи? Бундайларга ярим асрга яқин турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган меҳнат фахрийси, шовотлик Раҳим Тоҳиров билан гурунглашишни тавсия қилардим. Оқсоқол ҳеч бир воқеани шунчаки сўзлаб бермайди, чуқур таҳлил қилади, кечаги кун ва бугун ўртасидаги тафовутларни мисоллар ёрдамида кўрсатиб ўтади. Қай масалага қандай нуқтаи назар билан ёндашиш кераклигини ўргатади.
— Раҳбарлик — синов, — дейди Раҳим ота. — Ундан бир вақтнинг ўзида ҳам билимдонлик, ҳам ташкилотчилик, ҳам қаттиққўллик, ҳам меҳрибонлик талаб қилинади. Яхши мутахассис — бу ҳали яхши раҳбар деганимас. Баъзи бир ўз соҳасининг билимдонлари амал курсисига ўтиргач, довдираб қолаётгани ҳам шундан. Ҳар бир ходимнинг характеридан келиб чиққан ҳолда унинг олдига вазифа қўя билиш керак. Боиси, беш қўл баробар эмас. Ким яхши гап, ким қаттиққўллик эвазига вазиятга тушуниб етади. Кимгадир мақтов асқотади. Буни англаш, ҳаммани ишлатиш учун раҳбар кучли психолог бўлиши лозим. Бақир-чақир билан одамларни бўйсундирмоқчи бўлганлар қаттиқ янглишади.
Дарҳақиқат, раҳбарга осон тутиб бўлмайди. «Баъзида ўз оилангни бош­қаришга қийналасан, бошлиқларга тўзим берсин», деган гап-сўзларни эшитиб қоламиз. Устоз журналист, узоқ йиллар Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармасига раҳбарлик қилган меҳнат фахрийси Ҳусайн Раҳмон билан учрашиб қолганимизда, «Нима учун айрим раҳбарлар давр шиддатига дош бера олмаяпти, кадр­лар қўнимсизлиги юзага келаётганининг сабаби нимада?» дея савол бердим унга.
— Тан олиш керак, ўтган йилларда раҳбарлик лавозимига тайин­лашда шахснинг салоҳиятига эмас, таржимаи ҳоли «тозалигига» кўпроқ эътибор қаратилди, — деди устоз. — Ишлаган одамгина хато қилади. Фақат юқоридан топшириқ кутиб ўтирадиган, ўз ғоясига эга бўлмаган шахслардан яхши раҳбар чиқиши қийин. Бинобарин, бугунги раҳбарнинг вазифаси «гап-сўз чиқармай тинчгина юриш» эмас. Асл отни асл чавандоз бошқаради. Чавандози нўноқ отнинг йиғлашини эшитганмисиз? Менимча, айрим мутасаддилар чавандоз бўлмагани ҳолда отга минганлигидан давр шиддатига жавоб бера олмаяпти.
Асл чавандоз бўлиш учун нималар зарур? Бунинг учун, авваламбор, қунт, билим ва тажриба керак бўлади. Неча марта қоқилиш ва бехос йиқилиш ҳам мумкин. Синовлардан сўнггина чавандозга айланади.
Мен оркестр ижросидаги мусиқаларни эшитишни хуш кўраман. Мусиқачилар маҳоратига қойил қоламан. Оддий скрипкачини олайлик. У бир вақтнинг ўзида ноталарни илғаб олиши, жамоадошлари билан ҳамоҳанг, дирижёрга ҳам эътиборли бўлиши лозим. Назаримда, бугуннинг раҳбаридан ўша скрипкачидан ўн чандон йиғинчоқ бўлиш талаб қилинади. У бир вақтнинг ўзида давлат сиёсатини тўғри англаши, ўз вазифасини лозим даражада бажариши, ходимларини ҳам тўғри йўналтириши керак.
– Раҳбар иш унумдорлигига эришиш учун ҳар бир ходим олдига вазифани тўғри қўйиши ва ижросини тўлиқ талаб қилиши лозим, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича ­масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова. – Шу билан бирга, шахсий ғараз ва адоват сақламаслиги керак. Ходимларнинг хушомади эмас, меҳнати муҳим. Қўл остингдагиларни назоратсиз қолдириш иш сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ўзим ҳар қанча қаттиққўллик қилмай, ходимларимни ўзгалар таъсиридан ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан. Яқинда туман ҳокимларидан бири йиғилишга келмаганлиги учун тармоқ касаба уюшмаси туман кенгаши раисини ишдан бўшатишни сўраб хат йўллади. Унга касаба уюшмаларининг вазифаларини, ҳуқуқларини тушунтириб ­қўйишимга тўғри келди.
Ҳа, кези келганда, қаттиққўллик, кези келганда, меҳрибонлик қила билиш ҳам санъат.
Муқаддас динимизда ҳам раҳбарлик масъулияти ҳақида қатор фикрлар билдирилган. Айтишларича, пайғамбаримиз (с.а.в.) икки-уч киши бирга сафарга чиқса, улардан бирига сафарга бошчилик қилишни топширар эканлар. Ўзлари бош бўлмаган ҳар бир ишга раҳбар тайинлаганликлари манбаларда келтирилган. Англашиладики, раҳбар инсонларни бир манфаат ва мақсад йўлида бирлаштирувчи шахс. Ўзгаларни эргаштиришни эса ҳамма ҳам уддалай олмайди.
Раҳбарлик ҳақида сўз борганда кўз олдимда раҳматли Шакаржон Хўжаниёзованинг қиёфаси намоён бўлади. Шакаржон опа нафақат иқтисод ёки қишлоқ хўжалигини, балки адабиёт ва санъатни ҳам етук мутахассис даражасида таҳлил қиларди. Навоий, Фузулий, Пушкин, Есенин, Абдулла Орипов, қўйингки, ҳамма буюк шоирларнинг ижоди билан таниш эди. Ғазаллардан парча ўқиб, давом эттиринг-чи, деганида хижолат тортиб қолган пайтларимиз бўлган. Айниқса, опанинг нотиқлигига тан бермасликнинг иложи йўқ эди. Бир сўз билан айтганда, Шакаржон Хўжаниёзова ўзида раҳбарга хос ҳамма ­хислатларни жамлаганди.
Янгиланаётган давр раҳбардан янгича ёндашувларни талаб қилаётир. Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан раҳбарлар олдига одамларни рози қилиш, оддий инсонларнинг ҳаёти билан чуқур танишиш вазифаси қўйилаётгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 майдаги «Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қатор муаммоларга ечим топиб берди, десак асло янглишмаймиз. Бу қарор халқнинг меҳрига ва ҳурматига сазовор бўладиган чинакам раҳбарларни тарбиялашда муҳим ўрин эгаллашига ишончимиз комил.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар