Бунёдкор муаллим

165

Очерк

Пешонаси кенг, икки юзи қип-қизил, эгнида ялтиллатиб дазмол босилган қорамтир кулранг костюм, гард қўнмаган пойабзал кийган етмиш ёшли бу инсонга кўпчилик гоҳ ошкора, гоҳ ботин тавозе билдиради. Бу кишини кўргач, кимдир секин кўзидаги кўзойнагини олса, яна кимдир машинасининг тезлигини пасайтиради. Туша солиб машинасининг эшигини очади. «Ўтиринг, домла, қаерга олиб борай?» деб сўрайди. Ёки домла билан ҳол-аҳвол сўрашиб, кейин йўлида давом этади.

Бу одамни Сурхондарёда ҳамма танийди. Рамазон Абдуллаев. Бойсун туманидаги Гуматак қишлоғидан. «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси» унвони соҳиби, 1969 йилдан 1996 йилгача Бойсундаги 17-умумтаълим мактаби, 1996 йилдан 2013 йилгача 53-умумтаълим мактаб раҳбари. Умуман 44 йиллик директор. Боғбон, асаларичи, балиқчи. Тарих, адабиёт, Ван Гог ижоди ҳақида охир-адоқсиз мулоҳаза юритадиган мутахассис.
Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, Рамазон ака азм қилса борми, ўзининг мулойим муомалалари-ю сеҳрли иродаси билан унча-мунча шаддод болалар тугул бутун бошли Бойсунни изидан эргаштира олади.

***

Ўтган асрнинг 80-йиллари. Гуматакдаги аллақачон умрини ўтаб бўлган, тутдай тўкилиб, «мактаб» дегулик сиёғи қолмаган хароба бинога киришга юрак бетламас эди. Ўша давр­­да мактабнинг аҳволига ачинганлар туман кенгаши депутатлигига сайланганларга янги бино қуриш ҳақида таклиф бериб чарчади. Кейинги сайловда депутатликка сайланиш учун мактаб директори Рамазон Абдуллаевнинг номзоди қўйи­лди. Ҳамқиш­лоқлари унга ишонч билдиришиб, янги мактаб қуришни «райком»нинг иш режасига киритишини сўрашди.

Янги депутат ўзича «шу ҳам иш бўлдими, бир варақ қоғоз хат ёзсам, янги мактаб қурилаяпти-да» деган ўйни хаёлидан ўтказиб, қишлоқдош­ларига катта ваъдалар берди. Халқ эса «депутат директор»дан «қачон ваъдангизнинг устидан чиқасиз?», деб сўрайверди. Эндигина қирқ ёшдан ошган Рамазон Абдуллаев депутатлик мандатини кўтариб, сайловчиларга берган ваъдасининг устидан чиқиши учун бормаган идораси-ю кирмаган эшиги қолмади. Халқ номидан кириб борган казо-казо идоралардан амалий мадад ололмагач, барига қўл силтаб, ўз-ўзига деди: «Шу мактабни ўзим қурганим бўлсин!».
Ўшанда мактаб жамоаси ёзги таътилда эди. Рамазон ака оила-­аъзолари билан янги мактаб биносини қуришни бошлаб юборди. Аввалига баъзилар «Директорга бир гап бўлганов, бўлмаса шу замонда ҳам ўз ҳисобидан мактаб қуриб бўларканми?!», дея пичинг гаплар қилишди. Лекин мактаб қурилиши жадаллашаётганини кўрган айрим кишилар ўз ихтиёрлари билан депутат директорга мадад бера бошлади. Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари эса ёзги таътилда қурилиш ишлари билан банд бўлишди. Хуллас, янги ўқув йилига янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди. Тантанада Рамазон Абдуллаев тўлқинланиб, шундай деди: «Албатта, катта шаҳарлардагидек замонавий мактаб қуриш қўлимиздан келмагандир. Аммо мен кейинги 5-6 йил мобайнида биринчи марта ўқувчиларимнинг мактаб биносига бемалол кириб-чиқиши, уларнинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаслигидан хотиржамман. Менга шуниси кифоя…».
Мустақилликнинг дастлабки йилларда Бойсунда «Рамазон Абдуллаев яна мактаб қурармиш» деган гап-сўзлар тарқалди. Гуматак қишлоғи ҳудуди чорвачилик ва боғдорчилик учун қулай географик минтақада жойлашгани учун йил сайин кенгайиб, аҳоли сони ошиб боришини ҳисобга олган директор узоқни кўзлаб яна бир хайрли ишга қўл урди. Ҳашар йўли билан қурилган мактаб торлик қилиб қолгани учун унга яна қўшимча бино қуриш зарурати юзага келган эди. Директор бу гал ҳеч кимни безовта қилмади. Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида рўй барадиган расмиятчиликлар учун тегишли идораларга бир-икки бор кириб чиқди. Янгидан қурилиши бошланган мактаб биноси учун директор оиласи бюджетидан 30-40 бош қўй-қўзи, 5-6 бош новвос, катта ўғлининг уйи учун ният қилиб экилган теракларини битта қолдирмай сарфлади. Яна яхши инсонлар топ­ганларидан орттириб ҳомийлик қилишди. Мактаб жамоаси ҳам қараб туришмади. Ўқувчилар ёз бўйи қурилиш майдонида бўлди.
Бойсундаги 53-умумтаълим мактаби ҳаётида 2005 йили алоҳида ифтихор билан тилга олинади. Бу бежиз эмас. Чунки мактаб умуммиллий давлат таълим Дастури асосида қайта таъмирланиб, шаҳар мактабларидан кам бўлмаган шарт-шароит­­га эга бўлди. Энг замонавий ўқув ускуналари билан жиҳозланган кенг ва ёруғ синфхоналар, лаборатория жиҳозлари қишлоқ ўқувчилари ихтиёрига топширилди.
Тиниб-тинчимас Рамазон Абдуллаев 2011 йили яна ўз ҳисобидан мактаб учун қўшимча бино қуришга бел боғлади. «Кексайганда бошингизга ғавғо орттириб нима қиласиз?» деганларга шундай жавоб берди: «Ҳаммаси жойида. Лекин қишлоғимиз болаларининг икки навбатда ўқишидан кўнглим тўлмаяпти. Айниқса, қиш мавсумида болалар анча қийналади. Кўпчиликнинг кўмаги билан бу ният ҳам амалга ошиши аниқ».

Қўшимча бино қурилиши учун сарфланган 36 миллион сўм маблағнинг тенг ярми директорнинг шахсий жамғармасидан сарфланди. 10 миллион сўми мактаб боғи ва устахонасидан ишлаб топилган маблағ ҳисобидан, 3,5 миллион сўми ўқитувчилар ҳомийлиги, 700 минг сўми ота-оналар кўмаги, 3 миллион сўми Бойсун тумани ҳокимлиги мадади туфайли маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланди.

Бугун Сурхондарёда мактаб қуриб чарчамаган муаллим Рамазон Абдуллаевни «Ҳаёт муаллими» деб аташади.

***

Рамазон ака ўқувчиларга доимо бир гапни такрорлаб келади:
– Ҳаётда одамнинг икки ғаними бор. Бири – шошқалоқлик. Иккинчиси – жаҳл. Иккови ҳам илмсизлик оқибати. Бугун фанларни яхши ўқисангиз, ана шу ғанимларни ҳаётда даф қила оласиз. Одамзоднинг табиати ғалати – у ўзига-ўзи ғанимлик қилади: молпарастлиги, ёлғончилиги, такаббурлиги ва ҳоказолар. Фанлар бўлса ўзингга ўзинг дўст бўлиб яшашга даъват этади. Ўзига дўст бўлмаган одам ҳеч кимга, ҳеч нарсага вафо қилмайди. Олган илмларингиз сизларни хиёнатдан сақлайди. Ўзига-ўзи хиёнат қилишдан ҳам сақлайди.
Шу ўринда бир ибратли воқеани айтиб ўтишни жоиз топдик. Т. исмли ўқувчини синф раҳбари жаҳл устида «мактабда қорангни кўрмай», деб дарсдан чиқариб юборибди. Рамазон ака бу гапдан кечроқ хабар топган. Қарасаки, Т. оёғида эски кирза этик, қўлида дастаси дағал курак билан оғилхона кураётган экан. Ўн бош новвосни боқишни ўғлининг зиммасига юклаган ота директорнинг болани мактабга олиб кетиш талабига «Т. китоб ўқиб ўтирса, молларга катта аммангиз келиб сув берадими? Боринг, тошингизни теринг…» дебди бамайлихотир.

Рамазон ака боланинг отасига ётиғи билан тушунтирди. Ота ниҳоят кўнди. Ўғлига китоб-қалам олиб берадиган бўлди. Бундан ҳам кўнгли тўлмаган Рамазон ака унинг бир синф­дошига маслаҳат берди: «Ёнингга торт. Яхши гапир. Ошно бўл. Уйингга обор. Бирга дарс қилинглар. Мактаб, муаллим, оила ўз йўлига. Болани меҳнат тарбия­­­лайди. Бола, аввало, боладан — тенгқуридан тарбия олади».
Т. нуфузли институтни битириб, Сурхондарёда довруқли банк ходимларидан бири бўлди. Синфдоши эса анчайин обрўга эга кардиолог врач. Улар гуматаклик домла Абдуллаевнинг шогирдлари.

***

Ёш ҳамқишлоқларидан бирининг оилавий жанжали бутун қишлоқни бесаранжом қилди. Бир оқшом Рамазон ака уларникига борди. Уй эгасининг «Нега келдингиз?» деган норозилигига парво ҳам қилмади. «Ҳозир кўчат ўтқазадиган пайт. 3-4 туп мевали кўчат олиб келгандим. Ўзим пайванд қилганман. Шуни парвариш­лаб, мевасини болаларинг билан ерсан, болам», деди. Бировдан совға олиб кўрмаган йигитнинг бирдан ўпкаси тўлди. Домлага кўнглини ёрди. Орадан икки йил ўтиб, «Рамазон ака, шу мевали дарахт кўчатларини тортиқ қилмаганингизда, ҳолим нима бўлар эди. Раҳмат сизга», деб миннатдорлик билдирди.
Ўша оиланинг ҳаёти ҳозир ўтқазган дарахт меваларидан-да ширин.

 

***

– Бир куни уйим яқинидаги кўчада бир тўп одам шаррос ёғаётган ёмғир остида қарийб икки соатча машина кутиб турди. Шунда ўйланиб қолдим: мен ҳам шу кўйга тушиб қолишим мумкин-ку? Эртаси куниёқ жой танлаб, бекат қурилишини бошлаб юбордим. Ҳозир қиш­лоғимизнинг кичкинагина бўлса-да, автобекати бор, – дейди Рамазон Абдуллаев.
Айни пайтда домланинг саъй­-ҳаракати билан тоғли Гуматак қиш­лоғига Каттадарадаги булоқдан сув олиб келиняпти. Ичимлик суви муаммосини ҳал этиш учун лойиҳа асосида 6,5 километрлик тоғ дарасидан сув эндиришга 400 миллион сўм маблағ ажратилишида Рамазон Абдуллаевнинг ҳиссаси катта бўлди. Гуматакнинг йўлларини равонлаштириш, асфальт ётқизиш ишларига ҳам Рамазон ака бош-қош. Оқсоқолнинг вақти зиқ бўлгани учун суҳбатимиз ҳам хийла қисқароқ кечди. Бошқа гапларни келгусига қолдириб, у киши билан қуюқ хушлашдик.

Р.S: Гуматакдан қайтаётганимизда йўловчилардан бири Рамазон Абдуллаев қишлоқ врачлик пунк­ти қуриш учун ҳаракатни бош­лаб юборганини айтиб қолди. Демак, Рамазон ака яна элнинг олдида.

 

Рустам ДАВЛАТОВ

Бошқа хабарлар