Ҳар бир ҳаракатимиз инсон манфаатларига хизмат қилсин

56

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Федерация Кенгаши раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Унда дастлаб Навоий вилоятида ҳамда кимё ва фармацевтика саноати тармоғида устувор йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Жумладан, касаба уюшма органлари томонидан жамоа шартномаларининг бажарилишига алоҳида ­эътибор қаратилгани таъкидлаб ўтилди. 2017 йилда Навоий вилоятидаги корхона, ташкилот, муассасаларда имзоланган 4904 та жамоа шартномасида кўзда тутилган бандларнинг 95,4 фоизи, кимё ва фармацевтика тармоғида тузилган 123 та жамоа шартномаси бандларининг 99,1 фоизи бажарилишига эришилган. Чунончи, ҳар бир ходимга йил давомида ўртача сарфланган маблағ миқдори Навоий вилоятида 1948,3 минг сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич кимё ва фармацевтика тармоғида 7058,0 минг сўмга етган.
Ходимлар меҳнатига муносиб иш ҳақи берилиши ва унинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш соҳасида ҳам ибратли ишларни кузатиш мумкин. Бу масалада касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати ўрнатилган ва мониторинг олиб борилмоқда. Бунга мисол сифатида ҳудудий бирлашма ҳамда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан «Электрокимёзавод» акциядорлик жамиятидаги ходимларнинг ойлик иш ҳақидан мавжуд муддати ўтган қарздорлик мазкур АЖ бошқаруви раиси, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти раиси, Навоий шаҳар ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилиш орқали бартараф этилганини келтириш мумкин. Шу ўринда иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган йили кимё саноати тармоғида ходимларнинг ўртача иш ҳақи 2016 йилга нисбатан 52,8 фоизга ошганини ҳам қайд этиш лозим.

Шунингдек, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларини таҳлил қилиш, ишчи-ходимларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилиши сабабларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш, касаба уюшма ­аъзоларининг ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш, бу борада бошланғич ташкилотларга кўмаклашиш, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазасини ташкил этиш соҳасидаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан касаба уюшмаларининг таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш сингари йўналишларда ҳам эътиборга сазовор ишлар амалга оширилди.
Ходимларнинг қонуний ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, иш берувчилар билан самарали ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш, фаолиятда низом талабларига риоя этилишини таъминлаш, молиявий ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш борасида айрим камчиликларга йўл қўйилгани танқид остига олиниб, уларни тузатиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Жиззах вилоятидаги ҳамда Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация тармоғидаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасида ҳам шунга ўхшаш жиҳатлар санаб ўтилди. Хусусан, касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлган ижтимоий шерикликни ривож­лантиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди. Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2016 – 2018 йилларга мўлжалланган Минтақавий келишувда кўзда тутилган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан доимий равишда назорат ва мониторинг ўрнатилган.
Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан эса Ахборот технологиялари ва коммуникация­ларини ривожлантириш вазирлиги билан 2017–2019 йилларга Тармоқ келишуви, «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти билан 2017–2019 йилларга Тариф келишувлари, «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси билан 2017–2019 йилларга мўлжалланган ягона жамоа шартномаси имзоланган бўлиб, ишлар шу асосда йўлга қўйилган. Ушбу ҳужжатларда ходимларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, компенсациялар, қўшимча тўловлар ва пул мукофотлари бериш, меҳнат интизоми ва рағбатлантириш, ижтимоий имтиёзлар, аёллар ва ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар, ХМТнинг қатор конвенциялари талабларини бажариш, келишувнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш, келишув бажарилмагани ёки бузилгани учун жавобгарлик каби масалалар ўз аксини топганини айтиб ўтиш жоиз.
Касаба уюшмалари хизматига олинган юридик шахсларни жамоа шартномавий муносабатлар билан тўлиқ қамраб олиш бўйича белгиланган чоралар ҳам эътиборни тортади. Хусусан, 2016 йилда Жиззах вилояти бўйича касаба уюшмаси хизматига олинган жами 12 минг 560 та юридик шахс мақомига эга корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 99,6 фоизи, 2017 йилда 13 минг 648 та корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 99,9 фоизи жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган. Буни Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация тармоғи миқёсида кўриб чиқадиган бўлсак, касаба уюшмаси хизматига олинган 202 та корхона, ташкилотлар 100 фоиз жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олинганига гувоҳ бўламиз.
Жисмоний ва юридик шахслардан тушган мурожаатларнинг ўрнатилган тартибда кўриб чиқилишини таъминлаш борасидаги таҳлил шундан далолат берадики, 2017 йил ва 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига тушган 409 та мурожаатдан 203 таси қаноатлантирилган, 106 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Мурожаатларнинг ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши натижасида 273 нафар фуқаронинг қонуний ҳуқуқларини тиклашга эришилган. Ушбу даврда Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгашига фуқаролардан 60 та – 54 та ёзма ва электрон, 1 та оғзаки, 5 та «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлар қонуний тарзда ўрганилиб, 22 таси қаноатлантирилган, 44 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Йиғилишда ижобий ишларга муносиб баҳо берилиб, фаолиятда йўл қўйилган баъзи хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Кун тартибига кўра, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда таълим муассасалари битирувчилари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя­лар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» дастурининг ижроси бўйича касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган масала иштирокчиларнинг алоҳида диққат-эътиборида бўлди. Айтиш жоизки, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ҳамда жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришда касаба уюшмалари фаол иштирок этаётир. Хусусан, «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, «Давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминоти тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида касаба уюшма вакиллари иштирок этиб, қатор таклифлар киритди.
Касаба уюшма ташкилотларига жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида жами 4 минг 857 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 987 таси қаноатлантирилди, 2 минг 234 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга 148 та тақдимнома, судларга 35 та даъво аризаси киритилди, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 709 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, етказилган зарар учун ходимларга қарийб 381,7 млн. сўм ундириб берилди.
Бундан ташқари, касаба уюшмалари меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини мамлакат бўйлаб саёҳатларини рағбатлантириш, сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратиш каби ишлар орқали ички туризмни тизимли ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йилнинг олти ойи ичида 142 минг 174 нафар ишчи-ходим ва оила аъзоларининг (шундан 5995 нафари «Касаба сайр» шўъба корхонаси орқали) мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳати уюштирилгани фикримиз исботидир.
Дастур ижроси юзасидан тиббий туризм, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя­сини кучайтириш, соғлигини тиклаш ва бошқа йўналишларда ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётир.
Раёсат йиғилишида «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг бўлимлари тўғрисида Низом»ни тасдиқлаш ҳақида», «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2018 йил I ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ва Федерация Кенгаши аппаратининг 2018 йил II ярим йиллиги учун мўлжалланган иш режаси тўғрисида», «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федераци­я­­­сининг «Ўқув маркази» нодавлат таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар