Таши гулистон, ичи вайрон

111

Самарқанд вилоятида «Обод қиш­лоқ» дастурига асосан жорий йилда 94 минг аҳоли истиқомат қилаётган 29 та қишлоқ обод манзилларга айлантирилиши режалаштирилган.

Булунғурнинг Қизилқўрғон қиш­лоғи ҳам ана шундай юксак мақомни қўлга киритишга чоғланган гўшалардан бири. Қишлоқ аҳлини йиллар давомида қийнаб келган муаммолар бир талай. Айниқса, тоза ичимлик сувига танқислик сезилади. Тўғри, қўлбола қудуқлар кишилар жонига ора киряпти. Аммо у экин-тикин қилиш, томорқадан самарали фойдаланишга кўпам имкон бермайди. Шу боис, дов-дарахт кўкартириш, кўкаламзор майдонларни кенгайтириш мушкул бўлиб қолмоқда.
Бир юз етмиш хонадондан иборат қиш­лоқда 850 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг тахминан 20 фоизи иш билан таъминланган. 442 нафар ­хотин-қиз учун асосий юмуш қишлоққа яқин бўлган интенсив боғдорчилик хўжаликларида кунлик ҳақ тўланадиган ишларда иштирок этишдан иборат.
«Ғўбдин» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлганимизда, «Обод қишлоқ» ­дастурига тушган Қизилқўрғон ободончилигига оид Бош лойиҳа билан танишдик. Лойиҳа бўйи­­ча жорий йилда бу ерда бун­ёд этилиши лозим бўлган иншоотлар бир талай. Жумладан, замонавий типдаги автошоҳбекат, 50 ўринли болалар боғчаси, маиший хизмат комплекси (барча хизмат турлари ичида), спорт комплекси, ижтимоий дорихона, маҳалла маркази, милиция таянч пункти, павильон, хуллас, кўз ўнгингизда мўъжаз бир қишлоқ намоён бўлади-­қолади. Беихтиёр, бир йилда-я, деб юборганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Ҳар тугул ишлар режага мувофиқ амалга оширилаётгандир, дея ўзимизга тасалли бердик. Рост-да, бу хайрли ташаб­бус бош­ланганига ҳам қарийб беш ойга яқин вақт ўтди. Бунёдкорлик авж палласида бўлиши керак эди, аслида.
Қизилқўрғонда бир нарса эътиборимизни тортди. Кўча бўйидаги уйларнинг аксарияти сим тортиб тўғрилангандек бир текис тушган. Дид билан қурилган. Ташаб­бусдан сўнг, барча хонадонлар оқланган. Қишлоқнинг қоқ ўртасидан ўтган темир йўл бўйидаги уйлар ­лойиҳали тарзда ­бунёд этилган. Дас­турга мувофиқ кўчалар асфа­льт­ланиши лозим. Ҳозирча тош ётқизилибди. Ҳар тугул кўчанинг бир юзидаги ортиқча қурилишлар олиб ташланиб, бетон девор тортилибди. Энди уларга дарвоза қў­йилиши режалаштирилаётган экан. Иккинчи томондаги кўчанинг ярмига тош ётқизилган, қолган қисмига ҳам қум-шағал тўкиб қўйилган.
– Эллик ўринли болалар боғчаси пойдевори учун ҳандақ қазилди, – дея изоҳ беради «Ғўбдин» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳматулла Абдураҳмонов. – Қурувчилар енг шимариб турибди. Тез кунда қурилиш ишлари бошлаб юборилади.
Қишлоқни кўздан кечириб, ички кўчаларда ҳали иш бошланмаганлигини кузатдик. Беихтиёр кўзимиз томининг ярми очиқ хонадонга тушди. Қабристон қоровули Акмал Маматовга тегишли уй экан.
– Тумандан катталар келиб, ҳовлингнинг мана бу томонидан кўча ўтиши мўлжалланган, мана шу қисмини бузиш керак дейишди, – изоҳ беради Акмал Маматов. – Шиферларингизни ечиб олинг, қайтадан қуриб берамиз, дейишгандан сўнг томни очдим. Мана неча ой ўтаяптики, ҳол сўрагувчи йўқ. Ўзим ёпиб олай десам сармоя деганларидек… 400 минг сўм маошга яшаймиз. Боз устига, рафиқам инсульт бўлиб ётиб қолди. Бор-будимизни шунга сарфладик. Тўрт нафар фарзандим бор. Бари ейман-кияман, дей­ди. Вайронага айланиб қолган ҳовлимга ичим ачийди. Боз устига, кўчага қараган ойналарни ҳам суватиб ташлашди. Уй ичи кундуз куни ҳам қоп-қоронғу бўлиб қолди.
– Мол-ҳол борми? – сўраймиз ундан.
– Ўтган йили 20 та товуқ келтириб беришди. Савил, товуқнинг ҳам нархи фалон пул экан. Қарздан ҳали ҳам қутулиб улгурганимиз йўқ, – дейди А. Маматов.
Қишлоқдаги 6 та кам таъминланган оила­нинг хонадонлари таъмирлаб берилиши режалаштирилганига қарамасдан ҳали бирортасида бу юмушга киришилмаган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бош лойиҳада кўрсатилган бўлса-да, эндигина қувур тортиш ишлари бажарилаётир. Артезиан қудуғидан эса ҳали дарак йўқ.
Хуллас, Қизилқўрғонда бажарилиши лозим бўлган ишлар бир талай. Ёзнинг ғанимат дамлари эса ўтиб бораётир.

Нурилла Шамсиев,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар