ҚАРС ИККИ ҚЎЛДАН ёхуд ўқувчи тарбиясига фақат ўқитувчи масъулми?

132

«Ishonch» газетасида кўп бора таҳлил этилган мавзу – ўқитувчиларни мажбурий меҳнатдан озод қилиш, ҳужжатбозликка, ортиқча «комиссия» текширувларига чек қўйиш, маош­ларни кўтариш масаласи мени ҳам мушоҳадага чорлади.

Тўғри, мактаб ва коллеж ўқувчилари 2012 йилда мажбурий меҳнатдан озод этилди. Аммо дипломдаги «Ўқитувчи» сўзига мазмун-моҳиятан бир мунча тузатишлар киритилди. Маҳаллий ҳокимият, қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш маркази — барча ташкилотлар иши ўқитувчи зиммасига юкланди. Педагоглар шунга ҳам рози бўлди. Қолиб кетган дарсларни факультатив ва тўгарак машғулотларида тўлдирди. Ўқитувчи кўча тозаласа ҳам, пахта терса ҳам, қарздорлик ва маҳалладан хатловда юрса ҳам ўқувчиларга дарс берди. Уларни билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ва турли танловлардан ёруғ юз билан қайтадиган даражада тарбиялади, тарбиялашда давом этяпти.
Авваллари, ўқитувчи ҳамма ишларини режалаштириб оларди. Юқори ташкилот ёки келаётган комиссия учун эмас, ўз олдига қўйган режасининг қанча қисмини бажарди, яна нималарни бажариши кераклигини аниқ билиш учун… Сўнгги йилларда эса бу белги «расм ва ахборот, ҳисобот» тарзидаги мажбурий анъанага айланди. Энди «белги»лар ўқитувчи учун бўлмай қолди. Илмий мудирга бир нусха, директор ўринбосарига бир нусха, шаҳар (ёки туман) ХТБга бир нусха, вилоят ХТБга бир нусха, шаҳар ҳокимига, туман ҳокимига … ва ҳ.к. Бироқ улар бир йил ўтмасдан, таъбир жоиз бўлса, писта ўраб сотишга ишлатилаётир. Бу бошоғриқ, кўзбўямачилик кимга керак? Ўқитувчи шунга ҳам кўнган эди, ўқувчисини ташлаб қўймаганди.
Кейинчалик, «обрўли, катта» комиссия­ларни кузатиш ҳам ўқитувчи зиммасига тушди. Уларнинг «тушлик» ва «йўлкираси»ни ёнидан тўлайдиган бўлиб қолди. Бундан норози эмасди. Ахир илож қанча, бюджетдан ойлик олади…
Яна бир жиҳат, иш ҳақи қилинган ишга яраша эмас… Йилда бир бериладиган мукофот пули-ю, 15 фоизлик, 20 фоизлик, 25 фоизлик устамага ҳам кўнганди. Аслида, ўқитувчи бир дарс учун қанча тайёргарлик кўради! Туни билан мавзуга мос кўргазма, тарқатма материаллар, тест, баҳо карточкалари, расмлар ва ҳ.к.лар учун чўнтагидан тўлайди.
Янги ўқув йилига форма тиктириш, янги тартибда хонани жиҳозлаш керак. (Хона таъмири, янги тартибдаги плакат ва кўргазмалар учун ўқитувчи ўртача бир ярим миллион cўм сарфлайди, демакки, ҳар йили унинг таътил пули мактабда қолади).
Компьютер олиб, кўргазмали дарс ўтишга тайёрланиш-чи? (Ким ҳам юлина-юлина миллиондан ошмайдиган маошга ноутбук сотиб олади? Ноутбук кредитга 5 миллион, нақдга эса 4 миллионга бориб қолса).
Хонани гуллар билан безаш керак. («…..керак»лар рўйхати бу билан тугамайди).
Энди нима учун мактабдаги ўқувчиларнинг 60-70 фоизи фанларни ҳаминқадар ўзлаштириши, ота-оналар фарзандларини репетиторга бериб ўқитишаётгани сабаби бироз бўлса-да ойдинлашдими?
Шахсан мен репетиторлик қиламан. Ва ўқитганларим олий таълим даргоҳида ўқишяпти. Аммо бу менинг ўқитувчилик фаолиятимдан буткул фарқ қилади.
Ота-она боласи мактабдан устозидан дакки эшитиб келса, бориб ўша ўқитувчининг «шармандасини чиқариб» келади. Аммо репетитор болани дарс қилмагани учун хонадан «шармандаларча» ҳайдаса, «Пулини тўлаганман, яхши ўқигин-да» деб боласини койий­ди.
Бола мактабда шўхлик қилса, ўқитувчи айбдор – яхши қарамаган. Кўчада шўхлик қилса: «Сени репетиторга жўнатгандим, борсанг ўласанми, пулим кетяпти».
Бола мактабдан «икки» олиб келса, ўқувчига мактабга келгани учунгина, ўқимаса ҳам «уч» қўйиб беришга мажбур ҳисобланган ўқитувчининг обрўси қаерда-ю, «бунақа абитуриент керак эмас» дея ўқувчига «бир» қўйиб ўқув курсидан четлаштирган репетиторнинг обрўси қаерда?!
Айтмоқчи бўлган фикримиз шуки, қарс икки қўлдан. Бу жараёнга ота-оналар ҳам жалб этилиши шарт. Ота-она болани мактабга илм олиш учун юборсагина натижа бўлади. Акс ҳолда, болаларнинг маънавий камолотга эришишини ҳали анча кутишга тўғри келиши аниқ.

Хуршида НИШОНОВА,
педагог
Наманган вилояти.

Бошқа хабарлар