Жарима катта, аммо қоидабузарликлар нега тўхтамаяпти?

122

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев раислигида 27 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилиниб, бу борада энг асосий муаммо ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билим-кўникмалари, қонунга итоаткорлик ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига ўзаро ҳурмат маданиятининг ўта пастлигида экани таъкидланди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида йўл патруль хизмати ходимлари томонидан текшириш, тушунтириш ишлари кенг йўлга қўйилган. Шунга қарамай, бир қатор қоидабузарликлар, хусусан, маст ҳолда машина бошқариб, турли кўнгилсизликлар сабабчиси бўлиб қолаётганларнинг ҳалигача камаймаётгани кишини ташвишга солади.
Маълумотларга кўра, автомобилни маст ҳолатда бош­қариш – йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг асосий сабабларидан бири ҳисоб­ланади. Рўй берадиган йўл-транспорт ҳодисаларининг 20 фоизи ана шу тоифа ҳайдовчилар томонидан содир бўлмоқда. Кейинги йилларда автотранспортни маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчилар сони 3-4 баробар ошиб кетгани, айниқса, ташвиш­ланарлидир.
Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, йўл қоидаларини бузиш ҳолатлари бир мунча ошган. Жумладан, июль ойининг биринчи ҳафтасида мамлакатимиз автомобиль йўлларида жами 181 та йўл-транспорт ҳодисаси юз берган ва ундан аввалги ҳафта натижасига кўра 37 тага кўпайган. Натижада тан жароҳати олган фуқаролар сони ҳам 32 тага ортиб, 164 тани ташкил этган.
Кейинги йилларда қабул қилинган қонунларга кўра, спиртли ичимлик­лар истеъмол қилиб, автомобиль бош­қарган ҳайдовчиларга нисбатан жарима миқдорлари оширилди, қатъий жазо чоралари кўрилмоқда. Аммо… Бундай ҳолатларнинг камаймаётганининг сабаби нимада?
Фикримизча, одамлар ҳушёрлик нафақат ўзининг, балки жамиятнинг равнақи, тинчлиги учун зарурлигини англаб етмас экан, бундай ҳолатлар давом этаверади.
Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида йўловчи ташиш транспортларини ўз вақтида техник назоратдан ўтказиш, аҳоли, айниқса, таълим муассасаларида йўл ҳаракати қои­даларини янада чуқур ўргатиш, олинган назарий билимларни амалий машғулотлар билан мус­таҳкамлаш кун талабига айланмоқда. Қолаверса, бу борадаги қонунларни такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантириш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Сайдулла МИХЛИЕВ,
Маъмурий ишлар бўйича
Бектемир тумани суди
раиси

Бошқа хабарлар