Ижтимоий шериклик – муносиб меҳнат гарови

260

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ҳамда Ўзбекистон Респуб­ликасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳамкорлигида «Ижтимоий шериклик – муносиб меҳнат гарови» мавзуида видеоконференция шаклидаги давра суҳбати ўтказилди.

Унда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Бош прокуратура, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг раҳбар ва мутасаддилари, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, тегишли вазирлик, идора ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Ҳудудий студиялардан эса Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, бошқармалар, идоралар, касаба уюшмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбар ва ходимлари қатнашди.
Давра суҳбатини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Видеоконференцияда мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган тизимли тадбирлар холисона таҳлил қилиниб, ушбу йўналишда ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида жойлардаги ­мас­ъул мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди. Шунинг­дек, пахта йиғим-терими мавсуми даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, айниқса, ижтимоий соҳа ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши олдини олиш чоралари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, узоқ йиллар давомида Ўзбекистон халқаро ташкилотлар учун қишлоқ хўжалиги ишларида, хусусан, пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун ­кескин танқид объекти бўлиб келди.
Охирги йилларда Халқаро меҳнат ташкилоти ва хорижий экспертлар иштирокида пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича олиб борилган тизимли мониторинг­лар натижаларига кўра, мамлакатимизда болалар меҳнати мавжуд эмаслиги ҳамда мажбурий меҳнатга қарши жиддий чоралар кўрилаётгани дунё ҳамжамияти томонидан тан олинди. Лекин, эътироф этиш жоизки, мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар тўлиқ бартараф этилишига эришилмади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати соҳасида қатор ҳуқуқий ўзгаришлар амалга оширилди, мазкур йўналишдаги позиция аниқ-равшан белгилаб олинди, аниқ вазифалар қўйилди. Уларни тўла рўёбга чиқариш учун Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Меҳнат ҳуқуқлари соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида мамлакатимиз парламенти вакиллари томонидан салмоқли одимлар ташланмоқда. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси раиси Светлана Ортиқова республикамиз ҳудудларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган парламент назорати хусусида батафсил тўхталиб ўтди.
– Ҳар қандай жамият икки тоифа – иш берувчи ва ишловчидан ташкил топади, – деди С.Ортиқова. – Иккала тоифа ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга. Бинобарин, иш берувчи ишловчининг мажбуриятлари билан бирга ҳуқуқларини ҳам ҳисобга олиши лозим. Бошқача айтганда, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини топтамаслиги, унга муносиб меҳнат шароити яратиб бериши керак. Ишчи ҳам, ўз навбатида, ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши зарур.
Давлат ва жамоат ташкилотларининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти меҳнат билан боғлиқ кўп­лаб муаммоларга ечим топишда асосий ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси Танзила Нарбаева муносиб меҳнатни таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишлар ва бу борада улар олдида турган вазифалар ҳақида батафсил тушунтиришлар берди.
– Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини амалга оширишда ҳукумат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлиги анча йиллардан буён амал қилиб келяпти, – деди Т.Нарбаева. – Давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли эндиликда жамоат ташкилотларига кенг имкониятлар берилаётир ва бу, ўз навбатида, ишларни юксак даражага кўтаришга хизмат қилмоқда.
Шуни очиқ-ойдин айтиш керакки, бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга мутлақо йўл қўйилмайди. Айнан шунинг учун ҳам барча ҳамкор ташкилотлар биргаликда халқ ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришга жиддий эътибор қаратишлари керак бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Нодир Якубов ушбу йўналишдаги ишлар таҳлилига эътибор қаратиб, шундай деди:
– Вазирлигимизнинг тегишли инс­пекциялари томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан жойларда доимий ўрганишлар олиб борилаётир. Жорий йилнинг олти ойи давомида аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида жами 5639 та текшириш ва бошқа назорат тадбирлари ўтказилди. Ушбу жараёнда корхона ва ташкилотлар томонидан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат дафтарчаларини юритиш, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича бир қатор хато-камчиликлар содир этилгани, ишдан ноқонуний бўшатиш, маъмурий тарзда меҳнатга мажбурлаш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланиб, 4000 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилди. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Респуб­ликасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ўтказилган мониторинг натижасида 45 та ҳолатда бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан, ўқитувчи ва талабалар мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги аниқланди. Қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Пахта йиғим-терими мавсумида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратганмиз. Август ойидан бошлаб шу масаладаги мурожаатлар учун қисқа телефон рақами жорий этилади. Жойлардаги иш берувчилар ва ишчилар билан тегишли мессенжерлар орқали мулоқот йўлга қўйилиб, мурожаатлар ўрганиб борилади ва ноқонуний ҳолатлар бўйи­­ча чора кўрилиши таъминланади.
– Мамлакатингиздаги иш фаолиятимни 2016 йил бошладим, – деди Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини амалга ошириш» лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Антон Хаузен. – Ўтган фурсат ичида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар менда ижобий муносабат уйғотди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси билан кенг кўламли ҳамкорликда мажбурий меҳнатга қарши курашиш ишларини олиб бормоқдамиз. Шунингдек, бу борада болалар меҳнатига барҳам беришга ҳам эришдик. Ҳозирда Ўзбекис­тон меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида талабга жавоб берадиган иш муҳитини яратишдаги дастурни ҳаётга татбиқ қилишни ёқламоқда. Бу жараёнда мамлакатингизда учта — ишчилар, иш берувчилар ва ҳукумат ўртасида намунали йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда. ХМТ томонидан қабул қилинган конвенциялар ратификация қилиниб, амалда қўллаб келиняпти. Натижада Халқаро меҳнат ташкилотида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланилишига оид танқидий қарашлар йўқолиб бормоқда. Кези келганда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатингизда ижтимоий ҳимоя, пенсия тизими, ижтимоий таъминот хизматлари ҳам яхши ташкиллаштирилган.
Анжуманда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Илмира Боситхонованинг чиқишлари ҳам ушбу соҳаларда меҳнатга оид қонунчиликнинг таъминланиши масаласини қамраб олди.
– Жорий йилнинг 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш соҳамизда инқилобий ўзгаришларга йўл очди, – деди Ш.Шерматов. – Бундан кейин халқ таълими ходимларини мажбурий меҳнатга, ортиқча мажлисларга жалб қилиш, уларнинг иш ҳақидан турли важлар билан пул ушлаб қолиш ва шунга ўхшаш ҳолатларга қатъий чек қўйилиши белгиланди. Ушбу масалани алоҳида назоратга олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига вазифа юклатилиб, бундай қонунбузарлик ҳолатига барҳам бериш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда жойларда машғулотлар ўтказиляпти. Шу билан бирга, эндиликда вазирлик тизимида ҳуқуқий инспекция ташкил этилаётганини ҳам қайд этиш лозим. Унинг вазифаси халқ таълими ходимларидан мурожаатларни қабул қилиб, муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли чораларни кўришдан иборат бўлади.
– Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ҳам амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бисёр эканини таъкид­лаш жоиз, – деди И.Боситхонова. – Юқорида қайд этилганидек, тиббиёт ходимларига касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилиши, уларнинг турли мавсумий юмушларга жалб этилиши, айниқса, кечки навбатчиликда тураётган ёки тезкор чақирувга бораётган ходимларга қўпол муносабатда бўлинаётгани бор ҳақиқат. Бунинг асосий сабаб­ларидан бири тиббиёт ходимларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш механизмининг йўқлигидир.
Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари томонидан «2018 йилги пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш бўйича фаолиятни ташкил этишга доир вақтинчалик тартиб» тақдимоти ўтказилди. Унда бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб этишнинг қатъиян тақиқланганлиги, пахта йиғим-теримида вақтинча иш билан банд бўлмаган кўнгиллилар ўз хоҳишларига биноан иштирок этишлари мумкинлиги, теримчиларга яратилиши лозим бўлган муносиб меҳнат шароитлари тўғрисида батафсил тушунтириш­лар берилди.
– Пахта йиғим-терими мавсумида қонуний меҳнатни ташкил этиш мақсадида вазирлигимиз қатор ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга оширмоқда, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Азизулло Ҳамдамов. – Белгилаб олган муҳим вазифаларимиздан бири пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, адолатли иш ҳақини тайинлаш механизмини шакллантиришдан иборат. Ҳисоб-китобларга кўра, бу йилги йиғим-терим мавсумида 3000га яқин пахта териш машиналари ишлатилади. Бундан ташқари, пахта йиғим-теримида иштирок этувчилар иш ҳақидан олиб қолинадиган ягона ижтимоий тўловдан озод қилинади. Бу мавсумда ишчиларни эркин ёллашга қаратилган қадамлардан бири, десак адашмаган бўламиз. Шунингдек, теримчиларга иш ҳақи борасида табақалашган тизимни татбиқ этиш устида ишламоқдамиз. Яъни ишчи аҳолиси кам бўлган ҳудуддаги теримчилар иш ҳақига устама ҳақ тўланади.
Видеоконференция иштирокчилари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлигини алоҳида қайд этишди. Бу ҳамкорлик юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,
Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбирлари

Бошқа хабарлар