Тараққий этган халқ илмга суянган

152

Машҳур маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий «Падаркуш» драмаси персонажларидан бири бўлган Зиёли тилидан шундай сўзларни айтган: «Бизларни хонавайрон, бачагирён ва беватан ва банди қилган тарбиясизлик ва жаҳолатдур… Дунёда тараққий қилган халқ илм воситаси ила тараққий қилади».

Ўтган аср бошларида тарих саҳнасига келган жадид маърифатпарварлари ижтимоий, иқтисодий ва маданий қолоқлик туфайли мустамлакачилик жабрини тортиб келаётган ватандошларини мудроқ ҳолатдан уйғотиш, уни маърифат чашмаларидан баҳраманд этиб, жаҳондаги илғор халқлар қаторига олиб чиқиш йўлида фидойиларча фаолият юритишди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан истеъдодли ёшлар Германия, Туркия, Россия, Озарбайжон, Татарис­тон сингари хорижий мамлакат ва ўлкаларга ўқишга юборилди. Аммо минг афсуслар бўлсинки, жадидларнинг бу маърифий ислоҳотларидан манфаатдор бўлмаган дастлаб чор, кейин эса совет давлати уларни қаттиқ сиқув ва таҳдид остига олди; хорижда таҳсил олиб келган ёшлар билан бирга жадидлар ҳам қириб ташланди.

Миллий халқларнинг тараққий этиши мустамлакачи давлат учун ўз оёғига болта уриш билан баравар эди. Лекин ўзбек халқи жадид­лар берган туртки билан совет даврида ҳам катта илмий ва ижодий ютуқларни қўлга киритди: барча соҳалар бўйича малакали мутахассислар етишиб чиқди; мактаб ва маориф ривожланди; адабиёт ва санъат камол топди; бой кутубхоналар қурилди. Бироқ мус­тақиллик йилларида оламшумул ўзгаришлар билан бирга шундай ишлар ҳам амалга оширилдики, беихтиёр саволлар пайдо бўлаверади: Муқовасида «Москва», «СССР», «ЎзССР», «совет», «Туркия», «Истанбул» сўзлари ёзилган китоб­ларни ёқиб ташлашга ким буйруқ берди?! Шундай сўзлар битилган ноёб китобларни сақлаб қолган кутубхона мудирларини ишдан бўшатиш шартмиди?! Неча ўн йиллар давомида шаклланган жаҳондаги энг илғор маориф тизимидан воз кечилгани учун ким жавоб беради?!

Юқори малакали профессор ва доцентлари, замонавий ўқув қуроллари бўлмаган институтларнинг ҳеч бир тайёргарликсиз университетларга айлантирилишидан ким ютди? Қанча машаққат билан профессор илмий унвонига эришган олимларнинг олтмиш ёшга тўлиши билан «кавушлари тўғрилаб қўйилгани»га нима дейсиз? Улар ўрнини эгаллай оладиган малакали кадрлар топилдими ёки етиштириб чиқарилдими?!.
Афсуски, бундай саволлар ҳамон жавобсиз қолмоқда…
Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан мустақиллик даврининг янги босқичи бошланиши билан йўл қўйилган хатолар тузатилиб, фан ва маданиятга ғоят катта эътибор берила бошланди. Бунда оламшумул ўзгаришларнинг дастлабки самаралари бўй кўрсатаётганини ҳамма кўриб турибди. Лекин шундай масалалар борки, раҳбарият ҳам, жамият ҳам уларга алоҳида эътибор бермаса, хатолар такрорланиши мумкин.
Ҳар бир жамият механизмининг шиддат билан ишлаши кадрларга боғлиқ. Бугун юртимизда билимдон, ватанпарвар, жонкуяр, ҳалол ва маданиятли кадрларга эҳтиёж катта. Бирор хорижий тилни яхши билиш — ҳали малакали кадр бўлиш дегани эмас. Малакали кадр ҳар жиҳатдан етакчи мутахассис, мураккаб масалаларни мустақил ҳал қила оладиган, халқпарвар, обрўли ва маданиятли киши бўлиши лозим.
Ижтимоий-гуманитар фанлар вакили бўлганим учун шу соҳадаги аҳволдан яхши хабардорман. Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти яқин-яқингача ҳозирги Миллий университетни тугатган ёш филологлар ҳисобига кенгайиб ва яшариб келган. ­Кейинги йилларда шу анъана бузилиб, ҳатто аспирантурага ўқишга келувчилар сони ва сифати пасайиб кетди. Университетдагиларнинг айтишича, илмий ишга қизиқадиган талабгорлар тобора камайиб бормоқда. Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов, Умарали Норматов сингари машҳур домлалар сабоқ берган нуфузли ўқув даргоҳидан уларга муносиб ўринбосарлар етишиб чиқмаса, бу ёғи қандай бўлади? Наҳотки, адабиётшунослик ва тилшунослик фанлари ривожланишдан тўхтаб қолса?..

Шуниси ачинарлики, ижтимоий-гуманитар ўқув юртларига кирган, ҳатто уларни тугатаётган ёшларнинг аксари ўзбек адабий тилида ёза олмайди. Улар ёзган ва ёзаётган малакали-битирув, магис­трлик, номзодлик ва ҳатто докторлик диссертациялари қўлёзмаларини ўқий олмайсиз. Бу надоматли ҳол анчадан бери давом этиб келаётгани боис кемтикни тўлдириш учун таҳрирчи ва таржимонлардан иборат «мутахассислар ­трести» жадал ишлаб турибди. Мазкур «трест» ёрдамида тайёрланган ва ёқланган илмий ишларнинг муаллифларини тўлиқ олим дейиш мумкинми?..

Жадидларгача бўлган ўзбек адабий тили араб ва форс сўзларига тўлиб-тошгани билан талабаларга қийинчилик туғдирган бўлса, бугун истеъмолда бўлган ўзбек адабий тили имло ва услуб жиҳатидан яхши ишланмагани сабабли ёшларга мураккаблик туғдиради. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг шаклланишида рус тили ва рус тили грамматикасининг таъсири кучли эканлигидан биз ҳатто дастлаб русча фикрлаб, кейин шу фикрнинг ўзбекча ифодасини қоғозга туширадиган бўлдик. Шу жараён ўзбек адабий тилини эгаллашда маълум бир мураккабликларнинг туғилишига сабаб бўлгани айни ҳақиқат.
Ўзбек тилида гапириш, ўзбекча фикрлаш ва ёзишга ўргатиш мактабдан бошланиши лозим. Ўқувчиларнинг эътирофича, ҳозир мактаб тизимидаги энг зерикарли фан она тилидир. Шу туфайли она тили фанига ажратилган соатларнинг яқин келажакда янада камайиб кетиши эҳтимолдан узоқ эмас. Халқ таълими вазирлиги ўзбек тили фани учун кўпроқ соат ажратиши, «қизиқарли физика», «қизиқарли математика», «қизиқарли астрономия» фанлари сингари она тилини ҳам «қизиқарли фан» даражасига кўтариши заруратдир. Агар ўқитувчи ўқувчиларни она тилига, шу тилда ёзилган асарларга қизиқтира олмаса, шу тилда ёзилган асарлардаги тил ва услуб жилоларига мафтун этолмаса, у «зерикарли фан» даражасида қолиб, Навоий ва Бобур, Абдулла Қодирий ва Чўлпон тили сифатида ҳурмат ҳамда эътибор қозона олмайди. Ўзини ҳурмат қилган ўқитувчилар ўзбек тилидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ифоданинг мазмун ва шакл хусусиятларини шундай нурлантириб юбориши лозимки, ўқувчилар у ёки бу сўзнинг камалак рангларини кўриб, ҳайратга тушсин!
Мустақиллик йилларида мактаб ва маориф тизимига кўплаб янги фанлар кириб келди. Бу ҳол айрим фанларни қисқартиришни тақозо қилди. Афсус­ки, шу жараёнда ижтимоий-гуманитар фанлар кўпроқ жабр кўрди. Ҳолбуки, авлодлар даврлар мобайнида «одобнома» эмас, «адабиёт» фани ёрдамида, адабиёт дарсларида таъриф ва тавсиф қилинган қаҳрамонлар ва уларнинг гўзал инсоний фазилатлари мисолида тарбиялаб келинган. «Адабиёт» фанида асарлари ўтилган ижодкорлар халқнинг пешқадам кишиларигина эмас, балки ор-номус тимсоллари бўлиб келишган. Улардан иборат «адабиёт» фанини, ўзбек халқининг улуғ тарихий ўтмишини машъал янглиғ ёритиб турган тарихий шахслардан иборат «тарих» фанини қисқартириш миллий ўзлик, миллий ифтихор ва миллий менталитетнинг мустаҳкамланишига хизмат қилармикин?..
Ўтган ўн икки йил давомида фан оламида ҳукм сурган тартиб ўзбек фанига ҳаддан ташқари катта зарар келтиргани ҳеч кимга сир эмас. Ёш ва кекса олимларимиз шу давр мобайнида номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлаш имкониятидан маҳрум этилди. Бунинг натижасида ўзбек фанида хаос ҳукмронлик қилди.

Ўтган йили Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев фан оламига қўйилган сунъий тўсиқларни бартараф этиб, тайёрлаб қўйилган диссертацияларни ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни яратиб берди. Ярим йиллик муддат ичида юзлаб диссертация муаллифлари ўз тадқиқотларини ҳимоя қилиб, ижтимоий-гуманитар фанларнинг турли соҳалари бўйича фалсафа доктори илмий унвони ва фан доктори илмий даражасини олишга муваффақ бўлди. Аммо шундай қувончли ютуқлар билан бирга илм-фан соҳасида ҳали ўйлаб кўриладиган масалалар ҳам оз эмас.

Ҳеч бир истисносиз фаннинг ҳар бир истиқболли соҳаси ривожланишда давом этиши керак. Бир соҳа ривожланиб, иккинчи соҳа таназзул ҳолатида яшашда давом этса, фаннинг стратегик тараққиёт режалари бузилган ҳисобланади. Ижтимоий-гуманитар фанлар оламида шундай соҳалар борки, улардан бирининг ривожланиб, иккинчисининг тараққиётдан тўхтаб қолиши ривожланаётган соҳага ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу маънода Фанлар академиясининг Тарих институтини янги тарихий давр билан ҳамқадам илмий муассаса, дейиш қийин. Институтнинг асосий илмий салоҳияти ҳали ҳам ягона илмий ғоя, илмий мақсад атрофида бирлашган эмас. Ҳолбуки, халқ институтдан совет даврида рўй берган инқилоб, мухторият, «босмачилик», очлик, «қулоқлаштириш», қатағон сингари сиёсий воқеаларга ва шу давр­­да республикага раҳбарлик қилган Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Усмон Юсупов сингари давлат арбоблари фао­лиятига илмий баҳо берилишини ва улар асарлари илмий-танқидий нашрининг амалга оширилишини кутмоқда. Бу масалаларнинг ҳал этилиши Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида совет даври ўзбек адабиётининг тараққиёт йўллари ва методларининг миллий ғоя талаблари асосида ўрганилишига йўл очади.
Шу ўринда мазкур институтда салмоқли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этган ҳолда айрим камчилик­ларга ҳам йўл қўйилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётининг ўта муҳим ва «теша тегмаган» масалаларини ўрганишдан кўра миллий фольклор масалаларини ўрганишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Ҳозир институтда ҳимоя қилинаётган учта диссертациядан иккитаси ўзбек фольклори масалаларига бағиш­ланган. Ҳолбуки, ўрта ва олий таълим тизимидаги ўқув юртларида фольклоршунос олимларга эҳтиёж катта эмас.

Ҳозир ўзбек адабиёти ва журналис­тикасида ғаройиб бир жараён кечмоқда. Яъни, кўҳна туркий сўзларни «тирилтириш» ёки оригинал бўлиш мақсадида «асар»ни «битик», «аср»ни «юзйиллик», «образ»ни «тимсол» деб ёзиш урф бўлмоқда. Газета ва журналлар саҳифаларида бундай «қувилаётган» ва «киритилаётган» сўзлар оз эмас. Ҳолбуки, «битик» сўзи қадимий қўлёзмаларга нисбатан айтилади. «Рамз» маъносини англатган «тимсол»ни «образ»га нисбатан қўллаш тўғри эмас. «Юзйиллик» эса аксар араб ва форс сўзлари «қувилган» турк тилининг мулки. «Асар», «аср» ва «образ» сўзлари ўзбек тилига шу қадар сингиб кетганки, уларни бошқа сўзлар билан алмаштиришга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ.
Афсуски, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори инс­титутидаги тилшунос олимлар шундай жараёнга аралашиб, ўзбек тилидаги барқарорликни сақлаб қолиш, тил экологияси билан шуғулланиш ўрнига тилшунослик фанини русча атамалар билан тўлдириб ташлашда давом этмоқда. Институтнинг «Ўзбек тили ва адабиёти» журналини варақлаган киши ундаги «Сегмент қурилмалар прагматик тадқиқ объекти сифатида», «Синтактик омонимия асосидаги ассиметрия», «Жинс» концептининг семантик-функционал тадқиқи», «Болалар нутқида коннотация­нинг ўзига хос хусусиятлари», «Жанубий Қорақалпоғистон ойконимларининг семантик хусусиятлари» сингари мақолаларни ўқиб ҳайратга тушади. Наҳотки, ўзбек тилшунослари ўзбек тилидаги ҳодисаларни ўзбек тилида ифодалай олувчи сўз ва атамаларни топа олмаса?! 20-йилларда Фитрат, Элбек, Қаюм Рамазон сингари олимларнинг русча атамаларнинг ўзбекча нусхаларини топиш ва қўллаш тажрибасидан фойдаланиш мумкин-ку?!.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, илм-фан тараққиёти мамлакат истиқболини белгилайди. Халқимиз ёруғ келажакни илм-фан орқали қуриши зарур.

Наим КАРИМОВ,

академик

Бошқа хабарлар