Фирибгар айбдорми ёки жабрланувчи?

173

Ана шундай устамонлардан бири – шовотлик Нафиса Дўсимова (исм-шарифлар ўзгартирилган). 30 ёшдаги бу аёл гапга чечан, истараси иссиқ, рус ва ўзбек тилларини аралаштириб гапиради. Хушомадни дўндиради. Орасида амр-у маъруфлар қилиб, дин-у диёнатдан сабоқ беради. Шундай аёлга ишонмай бўладими? Унга ҳавас қиладиганлар, ўхшагиси келадиганлар ҳам йўқ эмас.

Нафиса олий ўқув юртини тамомлаб, нуфузли банк идорасида иш бош­лади. Орадан кўп ўтмай, мижозлардан бири Нафисанинг маккорлигини пайқаб қолди. Ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилди. Н. Дўсимова Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбдор, деб топилиб, жазога тортилди. Орадан кўп ўтмай, амнистия акти асосида жазодан озод бўлди. Ёшгина қиз, ҳали оила ҳам қурмаган, ўз ҳаётини изга солиш учун ҳаракат қилгандир деб ўйлаганлар адашади. Нафиса обдан ўйлаб қараса, у топаётган пул «озгина жабр чекишга» арзийди. Балки бу сафар қилмиши фош бўлмас? Бўлганда ҳам аёлларга оғир жазо беришмайди. Шу тариқа Жиноят кодексининг 168-моддаси билан яна икки-уч маротаба судланди. Аммо барибир тегишли хулоса чиқармади.
Машҳур ривоят ёдингиздами? Ўғирлик жинояти содир қилиб, жазо тайинланган йигит онасининг тилидан ўпишни илтимос қилади. Рухсат теккач, тишлаб олади. Ўз ҳаракатини «Агар мен биринчи марта ўғирлик содир қилганимда, онам бу ишимни маъқулламасдан, ўғирликдан қайтарганида бу аҳволга тушмас эдим», дея изоҳлайди.
Нафисанинг нафақат онаси, отаси ҳам қизининг ишини маъқуллаб, қўллаб-қувватлашди. «Яшавор, қизим, сен шохидамас, баргида юрасан, бунақа истеъдод ҳар кимга ҳам берилавермайди», деб қизларини қинғир йўлга ундаб туришди. Шу орада улар бири олиб, бири қўйиб Нафиса вилоятдаги нуфузли банкда чет эл валютаси бўлимида ишлаши ҳақида гап тарқатишди. Қўни-қўшни, маҳалладагилар ҳам ишонишди. «У судланган эди-ку?» деб ўйлаб ўтиришмади. Кўпчилик буни билмасди ҳам. Пўрим кийиниб, Урганчга бориб-келиб юрган қизга ишонмай бўладими?! Кўп ўтмай Нафиса қўшниларига ўзи ишловчи банкда чет эл валютаси ­бўйича юқори фоизларда омонат ҳисобрақами очтириб беришини айтди.
– Овора бўлиб, Урганчга бориб-келиб юрмайсизлар. Уйга олиб келиб берсангизлар ҳам бўлади. Биласизлар, ҳозир чет эл валютасига фоиз кам беришади. Мен бир амаллаб юқори фоизли омонатга қўйдираман. Раҳбарларим билан ҳам гаплашдим. Уларгаям дангалини айтдим. «Оддий халққа ҳам қайишиш керак», дедим.
Нотиқлик – санъат. Шу гапларга ишонмай бўладими?!
Унинг сўзларига лаққа тушганлардан бири фуқаро Қ. Бектурдиев бўлди. Қосим дастлаб қизга 3700 АҚШ доллари ва 17 миллион сўм келтириб берди.
– Энди, ака, масаланинг яна бир жиҳати бор, – деди Нафиса. – Катта фоизли омонатга пул қўйишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун 100 доллар беришингиз керак.
Қосим хомчўт қилиб кўрса, 100 АҚШ доллари дегани оладиган бир ойлик фоизининг ярмидан ҳам кам. Дарров рози бўлди. Бир-икки кундан сўнг Нафиса банк белгиси туширилган шартнома нусхалари ва бошқа бланкаларни келтириб берди.
– Буларни йўқотиб қўйманг, – дея тайинлади.
Кўп ўтмай яна бир киши 16 миллион сўм келтириб берди. Ундан ҳам хизмат ҳақини олдиндан олди. Бошқа бирови 8700 АҚШ доллари кўтариб келди. Биттаси 34 миллион сўм. Шу тариқа олти нафар фуқаро ­омонатга қўйиш учун катта миқдорда пул келтириб берди.
Пул дарёдай оқиб келаётганини кўрган ота-она қизининг мижозларини кўпайтириш мақсадида «реклама»га зўр беришди.
Юқори фоизга пул қўйганлар орадан бир йилга яқин вақт ўтибгина алданганликларини англаб етишди.
Қосим қўшнисига Нафиса ҳақида гапириб, уни ҳам банкка пул қўйишга ундамаганида ҳозир ҳам хаёлида оладиган фоизларининг хомчўтини қилиб юраверган бўларди.
– Қачон кўргансиз банкка кимнингдир уйида пул қабул қилинганини? Ҳисобрақами очиш учун шахсан ўзингиз ҳужжатингиз билан боришингиз керак.
Қосимнинг ранги оқариб кетди.
– Менда ҳужжатлар бор, – дея қўшнисига олиб чиқиб кўрсатди.
– Булар сохта эмасмикан?..
Қўшнисининг қистови билан банкка борган Қосим чув тушганини англади. Ана ундан кейин жанжал, тергов бошланди. Бу ҳақда эшитган бошқа омонатчилар ҳам ҳаракатга тушишди.
Кўпларни чув туширган фириблар аниқ­ланди. Суд ҳукми билан Н. Дўсимова ва ота-онасига тегишли жазо белгиланди.
Аммо бизни қийнаётган масала шуки, бундай фирибгарларни ким тарбиялаяпти? бир жинояти учун жазоланса, бу йўлга яна нега қадам қўймоқда?
Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ҳар доим бундай жиноятларнинг келиб чиқиш сабабини одамларнинг ҳуқуқий маданияти пастлиги ва ҳуқуқий саводсизлиги билан изоҳлашади. Бу каби ҳолатларга барҳам бериш мақсадида ҳуқуқий тарғибот кучайтирилаётганини таъкидлашади. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида қанчадан-қанча давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил қилингани айтилади.

Аслида, бу каби тадбирлар талаб даражасида ўтказил­яптими? Унда нега фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари ҳамон пастлигича қолмоқда? Биз баён қилган жиноят ҳам фуқаролар оддий тартиб-таомилларни билмаслиги оқибатида келиб чиқмаганми? Жараёнлардан бехабарлик, тегиш­ли маълумот ва ахборотга эга бўлмаслик натижасида қанчадан-қанча юртдошларимиз фирибгарлар қўйган тузоққа тушиб қолмоқда. Нафақат банкка омонат қўйишда, балки кўплаб давлат хизматларидан фойдаланиш ҳақида ҳам фуқаролар аниқ тушунчага эга эмас. Бу эса ҳуқуқшуносларимиз, давлат органлари вакиллари номигагина чиқишларни бас қилиб, амалий ва таъсирчан тадбирларни кучайтириш­лари лозимлигини кўрсатади.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар