Ҳаяжонли дамлар қандай кечмоқда?

164

Пойтахтимизда тест синовлари «Ўзэкспомарказ»нинг бир неча павильонлари, «Ўзкўргазмасавдо» мажмуаси, Олий ўқув юртлариаро спорт мажмуаси, Респуб­лика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-­интернати, Олимпия захиралари коллежининг катта сиғимдаги биноларида бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимизда абитуриентларни 2018/2019 ўқув йилида олий таълим босқичига қабул қилиш учун тест синовлари адолатли ва шаффоф ўтказилиши кўзда тутилган. Бу йилги тест синовлари 1-15 август кунлари катта сиғимли павильонларда 2 сменада, таълим йўналиш­лари кесимида ўтказилмоқда. Синов натижалари тест синовлари топширилган куннинг эртасига ­эълон қилинади.

… «Ўзэкспомарказ»да барча шароитлар яратилган. Бино ташқарисида ота-­оналар учун махсус ўриндиқлар ташкил этилган. Улар ўрнатилган мониторлар орқали синов жараёнларини кузатиб боришяпти.
– Қизим Мадина Тошкент ислом университетига кириш учун тест синовларини топширяпти, – дейди Гулчеҳра Муқимова. – Араб тилига бўлган қизиқиши уни шу ушбу масканга етаклади. Араб адабиёти йўналишида олий маълумотга эга бўлишни истайди. Бугунги синовларнинг шаффофлигини кўриб, хотиржам тортдим, адолат қарор топишига ишондим.
– Ҳаяжондаман, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ҳужжат топширган Баҳром Ўрмонбеков. – Тест синовларига пухта тайёрландим. Ишончим комил, синовни муваффақиятли топшираман. Давлат тест марказининг ахборотларини кузатиб бордим. Бу менинг ўзимга бўлган ишончимни янада оширди.
– Олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларининг 5 та биносида ўтказилмоқда, – дейди Давлат тест маркази бош мутахассиси Ғайрат Ҳафизов. – 3500 дан ортиқ абитуриент синовларни топширмоқда. Биноларда ёритиш, ҳароратни назорат қилиш, абитуриентларнинг бир-бирига халал бермаслиги кўзда тутилган. Уларга керак бўлган кўмакни бериш, «шпаргалка»лар, аудиторияга мумкин бўлмаган буюмларнинг олиб кирилишига йўл қўймаслик учун 350 дан ортиқ кузатувчи жалб қилинган.
Шу куни «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасига Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ташриф буюриб, ота-оналар билан суҳбатда бўлди.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар